Моида сурасининг учинчи ояти ва ҳадисларда зикр қилинган жониворларнинг барчасини яхши синчиклаб ўрганган уламолар қуйдаги тўхтамга келганлар:
Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрича қозиқ тиши бўлиб, у билан башқаларга ҳужум қиладиган жониворларнинг гўшти ҳаром. Бу ҳам қушлар борасидаги умумий қоида бўлиб қозиқ тишсиз баъзи жониворлар ҳам гўшти ҳаромдир.
Аммо Моликий фақиҳларининг наздида йиртқич ҳайвонларнинг гўшти ҳаром эмас, балки макруҳдир. Маймун борасда Моликийларда икки қавл мавжуд бўлиб у ҳам макруҳлик ва ҳаромлик.
Ҳанафийлар наздида гўшти ҳаром жониворлар ва уларниг ҳаромлигига далиллари:
Ҳанафий уламолари қуйида номи келадиган жониворларнинг баъзиларини гўшти ҳаромлигига ва баъзиларининг гўшти макруҳлигига оят ва ҳадисларга асосланиб ҳукум қилганлар:
— Жалола. «Жалола» нопок-ифлос нарсаларни ейишга одатланиб, уларни кўп еганидан ўзи ҳам, сути ҳам сасиб кетган ҳайвонлардир. Уламо аҳлларимиз таомининг ҳаммаси ёки кўп қисми ифлос нарсалардан иборат ҳайвон «жалола» бўлади, деганлар. Баъзилари гўшти ва сутида сассиқ ҳид бўлган ҳайвон «жалола» бўлади, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга биноан, «жалола»нинг гўштини емоқ, сутини ичмоқ, ўзини минмоқ ҳаром бўлади. Аммо у ҳайвонларни боғлаб, тоза-пок озуқа бериб, парваришлаб, ифлослигини кетказилса, ҳалолга айланадилар. Ана ўшанда уларнинг гўштини еса, сутини ичса ва ўзини минса бўлади. Уламо аҳллари баъзи “жалола” ҳайвонларнинг тозаланиш муддатларини ҳам аниқлаганлар:
— Қорамол қирқ кунда,
-Қўй-эчки етти кунда,
-Товуқ ва унга ўхшаш нарсалар уч кунда.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «жалола»дан ва унинг сутларидан
қайтардилар». Бошқа бир ривоятда: «У зот туянинг «жалола»сининг минилишидан ва сутларининг ичилишидан қайтардилар», дейилган. Сунан эгалари ривоят қилганлар.
— Хонаки эшакнининг гўшти ҳаромдир. Бу борада имом Молик хилоф қилиб, униннг гўшти ҳаромлигига ҳукум қилмаганлар.
Бу борадаги Ҳанафийларнинг даллиллари қуйдаги ҳадис ва асарлардир:
-Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: « Хайбарга бордик ва бизга қаттиқ очлик етгунча уларни қамал қилдик. Кейин Аллоҳ таоло уларга уни (Хайбарни) фатҳ қилди. Кечаси бўлганда инсонлар кўпгина оловлар ёқишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: « Бу қандай оловлар? Нима учун ёқилди»? деб сўрадилар. “Гўштга”, дейишди. У Зот : “Қандай гўштга?”, деб сўрадилар. Асҳоблар: «Хонаки эшак гўштига. «деб жавоб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Уни тўкиб ташланглар!” дедилар.
— Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши : “ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшак гўштидан қайтардилар”. дедилар.
— Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот : “ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазоти куни ҳом ва пишган хонаки эшак гўштини олишдан қайтардилар ва кейин уни ейишга ҳеч буюрмадилар. “дедилар.
— Кўпгина ўзбек тилидаги китобларда калтакесак деб таржима қилинувчи «Зобб» аслида бошқа жонивор бўлиб, кўпгина таржимонлар уни шундай таржима қилишади ва катта ҳатога йўл қоýишади. Қадимги китобларда Зобб қуйдагича таърифланади; У маълум кичик ҳайвондир. Урғочиси Зобба дейилади. Етти юз йилгача яшайди. Сув ичмайди. Қирқ кунда бир марта бавл қилади. Кулранг бўлади.
Ҳайвонлар ҳақидаги замонавий қомусларда эса Зобб қуйидагича таърифланади:
Зобб судралиб юрувчи ҳайвонлардан бўлиб, эчкиемарга ўхшайди. Иссиқ ўлкаларда бўлади. Арасбистон ярим оролида кўп учрайди.Қирқ сантиметр атрофида узунликка эга. Кўриниши ва шакли ҳунук. Боши кичкина, бўйни калта, думи узун. Ранги қорамтир кулранг. Семирса кўкраги сарғаяди. Туҳумини қумга қўяди. туҳум қўйгандан қирқ кун ўтиб бола очади. Ўсимликлар ила озиқланади.
Зоббнинг ҳалоллиги борасида Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадис мавжуд.
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маймунанинг уйига кирган экан. Қовурилган «Зобб» келтирилди. Бас, У зот унга қўл узатдилар. Шунда аёллардан баъзилари: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Нимани емоқчи эканликлари ҳақида хабар беринглар»! деди. Бас, улар: «Бу Зоббдир. Эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. Шунда У зот қўлларини тортдилар. “У ҳаромми? Эй Аллоҳнинг Расули?”, дедим. «Йўқ. Лекин, менинг қавмим ерида бўлмагани учун, кўнглим тортмайди», дедилар У зот. Холид айтади: «Бас, уни ўзимга яқинлаштириб олиб, едим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб турдилар».
Аммо бунинг хилофига Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис ва бошқа бир қанча ҳадисларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Зобб”ни емаганлари ва уни ейишдан қайтарганлари ҳақида ривоятлар мавжуд. Шу боис ҳанафий уламолари, хусусан Абу Ҳанифа , Абу Юсуф ва Имон Муҳаман ибн Ҳасан роҳимаҳумуллоҳлар уни ейишни макруҳ санаганлар. Бу борада аллома Зафар Аҳмад Усмоний ҳанафийлар томонидан қуйдаги ақлий далил келтирадилар:
« Зобб сичқон ва унга ўхшаш ҳашаротлар каби ер ҳашаротидир. Шундай экан унинг ҳукми ҳам ҳашаротларнинг ҳукми каби бўлиши лозим. Бу асарни қувватловчи қиёсдир».
Зобб борасида юқоридагилардан якуний натижа сифатида Ҳанафий уламолари уни гўштини ейиш макруҳи танзиҳий деган фатвони айтадилар.
— Типратикон. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида типратикон зикр
қилинди. Бас, У зот: «У ифлослардан бир ифлосдир», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан типратикон ҳам ҳаром эканлиги келиб чиқади. Шунингдек, сичқон, калтакесак, илонлар ва уларнинг тоифасига ўхшаш бошқа зараркунанда ҳайвончалар ҳам ҳаромдир.
— Илон. Бу судралиб юрувчиниг ҳам гўшти ҳаромлигига уч мазҳаб имомлари иттифоқ қилганлар. Аммо Моликий уламоларининг фикрича унинг заҳаридан омонда бўлинса ва шаръий қоидаларга мувофиқ сўйилса уни ейиш мумкин. Уч мазҳаб; Ҳанафий, Шофеий ва Ҳанбалий уламоларининг далилларини аллома Ваҳба аз-Зуҳайлий «Фиқҳул исламий ва адиллатуҳу» асарида шундай изоҳлайди. « Илон ер ҳашаротларидандир. Уларни еб бўлмаслигининг сабаби улар заҳарли, ҳамда соғлом табиат уларни ёқтирмайди».
— Бўри. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўри ҳақида сўралди. Бас, У зот: «Яхшилиги бор биров бўрини ермиди»! дедилар». Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган. Бу ҳадисдан бўрининг ҳаромлиги келиб чиқади.
— Тулки. «Эй Аллоҳнинг Расули, сиздан ер ҳайвонлари ҳақида сўраб келдим, тулки ҳақида нима дейсиз»? дейилди. У зот: «Тулкини ким ҳам ер эди», дедилар». Ибн Можа ривоят қилган. Бу ҳадисдан тулкининг ҳаромлиги чиқади.
— Кучук. Унинг ҳаромлиги борасида Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ворид бўлган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ит жирканчдир. Унинг пули ҳам жирканч», дедилар.
Мусулмон киши ҳалқумини тоза сақлаши нафси етаклаган тарафга югуриб кетавермаслиги лозим. Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳалол очиқ ойдиндур. Ҳаром очиқ ойдиндур”, деб бекорга айтмаганлар.
Ўктамов Бехруз 4-курс талабаси