Шом намозининг равотиб суннати
Шом намозининг уч ракъат фарзидан кейин икки ракъат намоз ўқиш таъкидланган суннатдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «مَنْ صَلَّى بَعْدَ الْمَغْرِبِ سِتَّ رَكَعَاتٍ، لَمْ يَتَكَلَّمْ بَيْنَهُنَّ بِسُوءٍ، عُدِلَتْ لَهُ بِعِبَادَةِ اثْنَتَيْ عَشْرَةَ سَنَةٍ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким шомдан кейин олти ракъат намоз ўқиб, уларнинг орасида ёмон гап гапирмаган бўлса, бу унинг учун ўн икки йиллик ибодатга тенг бўлади” –дедилар (Имом Темизий ривоят қилган).
Бу намоз урфда “Аввобийн намози” деб номланади. Шу жойда бир савол туғилади: Бу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган олти ракъат намоз аввалги таъкидланган икки ракъат билан бирга қўшган ҳолда олти ракъат ўқиладими? Ёки у икки ракъатдан алоҳида ўқиладими? Баъзи фақиҳлар: “Бу олти ракъат аввалги икки ракъатда алоҳида бўлиши эҳтиётли қавл”дедилар. Бошқа фақиҳлар: “Аввалги икки ракъат билан бирга олти ракъат ўқилади. Чунки, ҳадисда “шомдан кейин” дейиляпди. Ундан шомнинг фарзи ирода қилинади” дейдилар.
Шом намозининг фарзидан олдин нафл намоз ўқиш макруҳ.
Хуфтон намозининг равотиб суннати
Хуфтон намозининг фарзидан кейин икки ракъат намоз ўқиш таъкидланган суннатдир. Бу икки ракъат суннатни тўрт ракъат қилиб ўқиш мустаҳаб бўлади.
Шунингдек, хуфтон намозидан олдин ҳам тўрт намоз ўқиш мустаҳабдир. Бу тўрт ракъат намознинг мустаҳаб эканлигига очиқ далил йўқ, лекин қуйидаги ҳадиси шарифнинг умуми далолат қилади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُغَفَّلٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْه قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ « بَيْنَ كلِّ أَذَانَيْنِ صَلاَةٌ، بَيْنَ كُلِّ أَذَانَيْنِ صَلاَةٌ ثُمَّ قَالَ فِي الثَّالِثَةِ: لِمَنْ شَاءَ». رَوَاهُ البخاري.
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки азоннинг орасида намоз бор”,-дедилар. Сўнгра, учинчисида: “Ҳоҳлаган киши учун”,-дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шариф хуфтондан олдин, азондан сўнг намоз ўқишнинг мустаҳаб эканлигига ишора қилади.
Тўрт ракъат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлишининг далили эса фарздан олдин ўқиладиган суннатлар фарз намозларнинг ададига баробар эканлигидан маълум бўлади. Бомдоднинг суннати икки ракъат, фарзи ҳам икки ракъат. Пешиннинг суннати тўрт ракъат, фарзи ҳам тўрт ракъат. Асрнинг суннати тўрт ракъат, фарзи ҳам тўрт ракъат. Бу нарса хуфтондан олдин ҳам тўрт ракъат намоз бўлишини тақоза қилади.
Шунингдек, имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи наздида нафл намозларни икки ракъат ўқигандан кўра, бир салом билан тўрт ракъат ўқиш авло эканлиги ҳам ушбу ўринда тўрт ракъат мустаҳаб эканлигига далолат килади.
Фарз намозларидан олдин ўқиладиган мазкур суннат намозлар ўзига хос равишда фарз намоздан олдин фарзга таёрланиш вазифасини ўтайди. Суннат намозини ўқиб, анча таёрланиб олган намозхон учун фарз намозининг хушуъ-хузуъсини жойига қўйиш осон бўлади.
Фарз намозларидан кейин ўқиладиган суннат намозлари эса фарз намоздаги баъзи камчиликларнинг ўрни тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам бу намозларни фақийлар баъзи ўринларда “мукаммилот” яъни тўлдирувчи (мукаммал қилувчи) деб номлайдилар. Ҳа, суннат фарзни тўлдирувчи амал бўлади. Суннатга аҳамият қаратган киши, фарз амалларга яна ҳам кўпроқ аҳамият қаратади.
Аллоҳ таоло барчамизга фарз ва суннат ибодатларни мукаммал адо қилиб боришга тавфиқ берсин.
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти мударриси
Холмўминов Жалолиддин