Бугун, 15 январь куни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари профессор Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим домла ва мутасаддилар ташриф буюришди. Ташриф буюрган меҳмонларни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири, исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори, (PhD) Маъмуржон домла Эркаев, ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ғаниев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н.Жалолов ва катта ўқитувчилар кутиб олишди.








Мутасадди раҳбарлар Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2024-25 ўқув йилидаги ўтган жараёнлар ва ўқув йилининг қолган қисмига тайёргарлик, ўқитувчилар ва талабалар учун таълим бериш ва таълим олиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф мобайнида, билим юртининг ўқитувчилари ва юқори курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирни билим юрти мудири Мамуржон домла Эркаев кириш сўзи билан очиб бериб, сўнг сўз навбатини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқуловга берди. Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб талабаларга диний соҳа мутахассиси олдига қўйиладиган бугунги кун талаблари, халқ билан ишлаш ва мулоқотда бўлишнинг паст-у баландлари, нозик жиҳатларини ҳисобга олишларини эслатиб ўтди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Ёшлар ишлари бўйича ўринбосари профессор Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим домла сўзга чиқиб, диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар, айниқса, диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўзгаришлар ҳақида айтиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, тадбир самимий ва кўтарингки руҳда ўтди. Мулоқот сўнгида Қуръони карим қироат қилиниб, юртимиз равнақи, соҳалардаги ислоҳотлар тилга олиниб, бардавом бўлиши , барча мутасаддилар ва устозлар-у ходимларнинг ҳаққиларига дуойи хайрлар қилинди.
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот хизмати






