Барчамизга маълумки, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони Карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Шунга кўра муҳаддис уламолар ўз асарларига “Тафсир китоби” ва “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” асарида “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” деган алоҳида бир бўлим қилиб, унда тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, у киши билан бир даврда яшаган Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳу Муслим” асарида ҳам “Китаб ат-Тафсир”, яъни “Тафсир китоби” номли саккизта бобдан иборат кичик бир бўлим ажратилган. Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг “Жомеъ ат-Термизий” асарида “Китабу тафсир ал-Қуръан” яъни, “Қуръон тафсири китоби”, деган ном остида Қуръони Каримнинг баъзи оятлари тафсири ҳақидаги ҳадисларни келтирган. Имом Насоий роҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг “Сунан ал-Кубро” асарида “Китабут тафсир”, номи билан тафсирга оид ҳадисларни келтирган. Шунингдек, ҳадис асарларида “Қуръон фазилатлари китоби” номи остида шу мавзуга оид ҳадисларни келтиришган. Жумладан, Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ Саҳиҳул Бухрий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини ва Имом Термизий роҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзининг Жомеъ ат-Термизий асарида “Китабу фазоилил Қуръан”, “Қуръон фазилатлари китоби” бўлимини келтиришиб, унда Қуръони Карим сураларининг фазилатига оид ҳадисларни баён қилишган. Жумладан, Фалақ ва Нас суралари ҳақида ҳам кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган бўлиб, уларни қисқача баён қиламиз:
Сураларнинг номланиш сабаби:
Нас сурасининг биринчи ояти “Қул аъузу бироббин наас” (Одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман) ояти билан бошланган. “Нас” сўзи бу оятда беш марта зикр қилинган. Шу эътибордан бу сура “Нас” деб номланган. “Нас” сўзи “одамлар”, деган маънони англатади.
Фалақ сурасига ўзининг биринчи оятидаги “Фалақ” сўзи ном бўлиб қолган. “Фалақ” сўзи луғатда “ёриш маъносини билдиради. Бу сурада “Фалақ” сўзи субҳ-тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриб бошлагани учун шу ном билан ҳам аталади.[1]
Бу икки сура биргаликда “Муъаввизатайн”, “Икки паноҳ сўровчи” деб номланади. Чунки, икки сура ҳам “аъузу” (паноҳ сўрайман) сўзи билан бошланади.
Сураларнинг фазилати:
Ҳадиси шарифларда ушбу сураларнинг фазилати баён қилинган бўлиб, улар қуйидагилардир:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, ўзларига муъаввизотни ўқиб, дам солар эдилар. (Вафотларидан олдинги) оғриқлари кучайганда эса мен ўзим у зотга ўқиб, баракотидан умид қилиб, ўз қўллари билан силар эдим” [2]. Бухорий ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётганларида икки кафтларини жамлаб, уларга “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннас” ларни ўқиб, дам солиб, баданларининг (қўллари) етган жойигача силар эдилар. Аввал бошлари ва юзларидан бошлардилар. Кейин баданларининг олд тарафига (ўтардилар). Буни уч марта қилар эдилар” [3]. Бухорий ривоят қилган.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашдим, ваҳоланки у зот уловда эдилар. Икки қўлимни у зотнинг икки оёқларига қўйиб: “Менга Юсуф сурасини ўқитинг”, дедим. Шунда у зот: “Сен Аллоҳнинг ҳузурида “Қул аъузу бироббил фалақ” дан кўра етукроқ бирор нарсани ҳаргиз ўқий олмайсан”, дедилар[4]. Аҳмад ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечга киришингда ҳам, тонгга киришингда ҳам “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “муъаввизатайн” ни уч марта ўқи, (шунда) у сенга ҳар бир нарсадан кифоя қилади”, дедилар[5]. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Мен Жуҳфа ва Абво орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юриб борардим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, билан паноҳ сўрай бошладиларда: “Эй Уқба, иккови билан паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса билан паноҳ тиламаган”, дедилар.Сўнгра у зотдан бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим” [6]. Абу Довуд ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. “Қул аъузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббин нас”, дедилар” [7]. Муслим ривоят қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида Қуръони Карим оятларининг тафсирлари ва фазилатларини баён қилиб берганлар. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръоннинг маъноларини муфассал ва мукаммал тушунганлар. У Зотга Қуръонни ёдлатиш ва маъноларини тушунтириш кафолатини Аллоҳ таоло ўз зиммасига олган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Зеро, уни (Сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингиздаги) қироати ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилида) уни ўқисак, Сиз ҳам уни ўқишга эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам, албатта, Бизнинг зиммамиздадир. ( Қиёмат сураси, 17-19 – оятлар).
Саҳобаи киромлар Қуръони каримни тафсир қилишда бирор муаммога дуч келсалар, дарҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оятларнинг махфий, нозик жойларини тушунтириб берардилар. Чунки у Зотнинг асосий вазифалари шу эди.[8] Аллоҳ таоло ояти каримасида шундай деган:
“Ва сизга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик. Шоядки тафаккур қилсалар”. (Наҳл сураси,44- оят).
Шунга кўра у зот Қуръони Карим маъноларини ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мадаминов Шокиржон
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. Олтинчи жуз. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти. Тошкент-2008. –Б.565.
[2] Саҳиҳул Бухорий, 5016-ҳадис.
[3] Саҳиҳул Бухорий, 5017-ҳадис.
[4] Муснади Аҳмад, 17455-ҳадис.
[5] Риёзус солиҳийн, 1456-ҳадис.
[6] Сунани Абу Довуд, 1463-ҳадис.
[7] Саҳиҳи Муслим, 814-ҳадис.
[8] Раҳматуллоҳ қори Обидов. Қуръон ва тафсир илмлари. Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. – Т: 2003. – Б. 64





