{ وَلَا تَشۡتَرُوا۟ بِعَهۡدِ ٱللَّهِ ثَمَنࣰا قَلِیلًاۚ إِنَّمَا عِندَ ٱللَّهِ هُوَ خَیۡرࣱ لَّكُمۡ إِن كُنتُمۡ تَعۡلَمُونَ }
{ مَا عِندَكُمۡ یَنفَدُ وَمَا عِندَ ٱللَّهِ بَاقࣲۗ وَلَنَجۡزِیَنَّ ٱلَّذِینَ صَبَرُوۤا۟ أَجۡرَهُم بِأَحۡسَنِ مَا كَانُوا۟ یَعۡمَلُونَ }
{ مَنۡ عَمِلَ صَـٰلِحࣰا مِّن ذَكَرٍ أَوۡ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤۡمِنࣱ فَلَنُحۡیِیَنَّهُۥ حَیَوٰةࣰ طَیِّبَةࣰۖ وَلَنَجۡزِیَنَّهُمۡ أَجۡرَهُم بِأَحۡسَنِ مَا كَانُوا۟ یَعۡمَلُونَ }
«Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг.Агар билсангиз, сиз учун, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқдир. Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайди, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса,боқийдир. Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз. Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз» (Нахл сураси, 95-97-оятлар).
“Аллоҳнинг аҳдини оз баҳога сотиб юборманг. Агар билсангиз, сиз учун, албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхширокдир”.
Яъни, дунё матоҳи ва зийнатини деб Аллоҳга берган аҳдингизни бузманг. Гарчи у қаршингизда кўзингизни қувнатиб, сиз учун фойдали, яхшироқ кўринаётган бўлса-да, аслида қадр-қиймати жуда паст, арзимасдир. Аллоҳнинг аҳди —Ислом эса, гарчи сизга моддий жиҳатдан манфаатсиздек кўринса-да, унинг эвазига бериладиган Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса-ажр-савоб, неъматларнинг қадр-қиймати жуда баланд, арзирлидир.
“Сизнинг ҳузурингиздаги нарса тугайди, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса, боқийдир”. Яъни сизлар рағбат қилаётган ва ғамлаётган дунё неъматлари фоний Аллоҳнинг ҳузуридаги раҳмат хазиналари, жаннат неъматлари эса боқийдир. Соғлом ақл боқий неъматни фоний неъматдан устун қўяди. Шундай экан, Аллоҳга иймон келтирган оқил мўмин икки нарсани ўзига лозим тутади: иймонида собит туриш ва шариат ҳукмларига амал килиш. Чунки у Аллоҳнинг ҳузуридаги боқий неъматлардан умидвор.
Албатта, Биз сабр этганларчи қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз”. Яъни, йўқотишларга, азиятларга ва шариат таклифларидаги машаққатларга сабр-тоқат қилиб, иймонида собит турган мўминларга энг гўзал мукофот берилади.
“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал килса”. Ажру савобга эга бўлиш учун иймон шарт. Иймонсиз яхши амалларга савоб йўқ. Фақат оҳиратдаги азобларнинг енгиллатилишига сабаб бўлиши мумкин.
“Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз”. Яъни, дунёда хайрли ҳаёт кечиради: бой бўлса, тўкин-сочинлик билан, камбағал бўлса, қаноат ва Аллоҳнинг тақсимотига розилик билан.
“Ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз”. Охиратда эса уларни улуғ мукофотлар, боқий неъматлар кутади.
«Тафсири Байзовий» асосида “Кўкалдош» мадрасаси мударриси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.






