Баъзи вақтларда ҳадеб муаммодан гап очиб нолийдиган, бадбинлик кайфиятига тушиб қолган норози тоифа инсонларга дуч келамиз. Ўз устидаги, қўл остидаги ва ён-веридаги инсонларнинг қусур ва камчиликларига ҳаддан ортиқ диққат қаратиш натижасида ҳаёт гўзалликларини кўра олмаслик ҳамда кишилардаги фазилатлар ва яхши хислатларни қадрига етмаслик сифати шаклланганини кузатамиз. Бу тоифа инсон айтаётган сўзи-ю, қилаётган иши билан Аллоҳга ношукур бўлаётганини англамайди, ўзига берилган неъматларга менсимай қарайди.
Қуръони каримда бир оят бор: «Агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санасангиз унинг адоғига етолмайсиз, албатта инсон ўта золим ва ўта ношукурдир». Уни кўп эшитамиз ва тиловат қиламиз. Лекин ҳамиша тафаккур қилмаймиз.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада неъмат сўзини кўплик шаклида эмас, балки бирлик шаклида зикр қилди. Яъни, барча неъматларни қўя турайлик, битта неъматнинг ҳам ҳисобига ета олмайсиз. Сизга берилган биттагина неъматнинг ҳақиқий қийматини бера олмайсиз. Буни англаш учун ўша неъмат қандай пайдо бўлгани ҳақида тафаккур қилиш кифоя.
Имом Фахруддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ “Мафотийҳул ғойб” номли тафсирларида қуйидаги мисолни келтирадилар: “Бир луқмани ютиш учун қўлга олар экансиз, ўша луқма олдин қандай ҳолатда бўлгани ва кейин нима бўлганига бир қаранг. Бир бурда нон сизга етиб келгунича бир қанча жараёнлардан ўтади. Аввал у буғдой эди, деҳқон уни ерга қадайди ва ҳар куни ҳолидан хабар олади. Унга сув озиқаси – ёмғир ёғади. Қуёш нур сочиб қувват беради. Шамоллар эсади, ой чиқади-ботади, юлдузлар тинмай айланади. Қисқаси, пишиб етилгунича бутун борлиқ унинг хизматида бўлади. Униб-ўсиб етилгач, уни ўриб олиш учун темир асбоб-ускуналар ишга тушади. Териб олинган ҳосил тегирмонда ун қилинади».
Тайёр ун қадоқланади, уловларга ортилади, қадимда от, арава ёки туяда ташилган бўлса, ҳозирги кунимизда кема, самолёт, поезд ва юк машиналарда нон заводларига ёки дўконларга етиб келади. Уни сотиб олиб, уйга келтирамиз. Нон қиламиз. Йўқ, шошмай туринг. Нон пишиши учун иссиқлик керак. Электр қувватини ишлатамиз. Бўлса, газ, бўлмаса, ўтин ё кўмир ёқамиз. Яна қанчадан-қанча биз билмаган, фикр қилмаган, назаримиз илмаган шарту шароит ва сабаблар, нарса ва кимсалар шу бир дона нон дастурхонимизга етиб келиши учун хизмат қилдийкан?! Қани, уларнинг ҳисобига етадиган азамат борми?! Йўқ, албатта. Биз бор-йўғи тафаккур қила туриб бир бурда ноннинг вужудга келишида бутун борлиқнинг хизмати бор дея оламиз, холос. Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Нон истеъмол қилишимиз билан жағ, тиш ва тил ишга тушади. Ички аъзоларнинг ҳар бири ўз функциясини бажариб, ичга тушган массани танамиз учун керакли қувватга айлантиради. Ортиқчасини чиқитга ажратиб беради.
Бир бўлак нондан иборат ризқимиз вужудга келиши ва танамизга сингиши учун бутун борлиқни хизмат қилдириб қўйган Аллоҳ барча нуқсонлардан Пок Зот. Энди бир ўзимизни кузатайлик. Айрим вақтларда таом ея туриб Аллоҳ таолонинг исмини ёд этишни унутамиз. Ҳатто бир марта ҳам Аллоҳ номини эсламайдиганлар бор.
Шундай юртда яшаймизки, Меҳрибон Роббимиз бизга жуда кўп ноз-неъматларни бериб қўйган. Дунёда юз миллионлаб инсонлар бундай неъматлардан бебаҳра бўлиб яшамоқда. Кимдир сувсизликдан, кимдир эса бошпанаси йўқлигидан азият чекиб кун кечирмоқда. Бизга берилган неъматлар учун Аллоҳга тилимиз ва дилимиз билан шукроналар айтиб ҳаёт кечиришимиз ҳамда шукр қилувчилар сафида бўлишга барча имкониятларимизни солишимиз керак. Шунда Аллоҳ таоло неъматни яна ҳам зиёда қилади ва топаётганларимизга барака беради. Зеро, Иброҳим сурасининг 7-оятида Аллоҳ таолонинг “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфрони неъмат қилсангиз, албатта менинг азобим ўта қаттиқдир», деган ваъдаси бор.
Парвардигоро, бизларга ва ота-оналаримизга берган неъматларингга шукр қилишимиз, Ўзинг рози бўладиган солиҳ амалларни қилмоғимиз ва солиҳ бандаларинг қаторига кирмоғимиз учун Ўзинг бизга тавфиқ бер!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти Р.Ахунджанов





