Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ёшлар ва муҳаббат
Аллоҳ таоло айтади: «Биз сенга уларнинг хабарларини ҳақ ила қисса этиб берамиз. Албатта, улар Роббиларига иймон келтирган йигитлардир. Ва уларга янада зиёда ҳидоят бердик» (Каҳф сураси 13-оят).
Бошқа бир оятда шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи Зотдир» (Моида сураси 54-оят).
Яна бошқа бир оятда Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир» (Бақара сураси 165-оят). «Оли Имрон» сурасида шундай дейилади: «Сен:»Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларинингизни мағфират қиладир.» (31-оят).
Шунингдек, Қуръони каримнинг бир неча ўринларида Аллоҳ таоло адолатли, покиза, кўп тавба қилувчи, эҳсон қилувчи, тақводор, сабр ва таваккул қилувчи мўминларни яхши кўриши зикр қилиб ўтилган.
Қуръони каримда У зот субҳанаҳу ва таоло исрофгарларни севмаслиги, бузғунчиликни ёмон кўриши, ёмон гапни ошкор қилишни мазлумдан бошқадан хуш кўрмаслиги, хоин, гуноҳкор, кеккайган, кўп фахрланувчи, ҳаддидан ошган, кофир, сотқин, (бекордан бекорга) ҳурсанд бўлувчи, кибрга кетганларга муҳаббат қўймаслигини айтган.
«Муҳаббат» сўзи луғатда софликни билдиради. Араблар тишларнинг соф ва оппоқ бўлишига нисбатан ҳам мана шу лафзни ишлатадилар. Истеъмолда эса севги ва муҳаббат маҳбуб эсланганда ёки у билан юзма-юз бўлганда қалбнинг жунбушга келишини англатади.
Муҳаббатнинг зикри Қуръони каримда юзга, ҳадиси шарифларда эса мингга яқин ўринларда келган. Мана шу манбаларда келган муҳаббат тушунчалари турли хил маъноларда келган. Асосийлари Аллоҳ таолога муҳаббат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат, мусулмонларнинг ўзаро муҳаббати, ота-онанинг фарзандларига ва фарзандларнинг ота-оналарига муҳаббати, раҳбарнинг қўл остидагиларига муҳаббати, хотиннинг эрига муҳаббати ва ҳоказо. Дастлаб, Аллоҳ таолони севиш ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Аллоҳ таолони севиш ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч хислат борки, мана шу хислатлар кимда бўлса, иймоннинг ҳаловатини топади. Биринчиси, Аллоҳ ва Расули у учун бошқа барча нарсадан маҳбуброқ бўлиши», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида «Аллоҳ сизларга ризқ бергани учун Аллоҳни севинглар!» дедилар. Хабарларда ворид бўлишича, Аллоҳ таоло «Эй Довуд, менга ижобат қилгин, мени севганни сен ҳам севгин, бандаларимга мени севдиргин» деди. Сўнг у зот «Раббим, сени севдим ва сени севганни ҳам севдим. Аммо бандаларингга сени қандай севдираман?» деди. Аллоҳ таоло: «Уларга мен берган ризқ, неъматларни эслатгин», деди.
Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келишидан олдин ғорда бир неча кунлаб қолиб кетганларидан Қурайш халқи «Муҳаммад Раббисини севиб қолибди» деган экан.
Қори, улуғ саҳобий Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуни бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чақириб, «Эй Убай, менга «Лам якуниллазина кафаруу» (яъни «Баййина» сурасини) ўқиб бер» дедилар. Убай разияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил бўлиб турганда, сизга мен қироат қилиб берайми?», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ менга сендан эшитишимни амр қилди», дедилар. Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳу эса: «Аллоҳ сизга менинг исмимни айтдими?», деб сўрадилар. У зот алайҳиссалом: «Ҳа», деб жавоб қилдилар. Шунда Убай разияллоҳу анҳу йиғлаб юбордилар. Чунки маҳбублари Аллоҳ таоло уларнинг исмларини зикр қилган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш ҳақида эса Али разияллоҳу анҳудан: «Сизларнинг у зотга муҳаббатингиз қандай эди?» деб сўралганида, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун мол дунёмиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, ота-оналармиздан ҳам суюклироқ эдилар. Чанқоқдан ўлай деган инсонга салқин ичимлик қандай ёқса, у зот биз учун унданда севимлироқ эдилар», деб жавоб берган экан.
Анас разияллоҳу анҳу: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар тун кўрар эдим», деб йиғлаб юборардилар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра гўзалроқ ҳеч кимни кўрмаганман. У зотнинг юзларида ҳудди қуёш бордек эди” (Имом Аҳмад ривояти).
Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ой тўлин бўлган тунда кўрдим. Ўшанда у зотнинг устиларида қизил кийим бор эди. Мен бир у зотга, бир ойга қарай бошладим. Менимча, у зот ойданда гўзалроқ эдилар» (Имом Термизий ривояти).
Рабиъ бинти Муаввиз разияллоҳу анҳодан: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатлаб беринг» деб сўралганда, «Эй болагинам, сен у зотни кўрганингда порлаб турган қуёшни кўргандек бўлар эдинг», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Зайд ибн Дасинна разияллоҳу анҳуни Қурайш мушриклари қатл қилиш учун олиб кетаётганда, Абу Суфён (ўша пайтда мушрик эдилар): «Эй Зайд, ҳозир ўрнингда Муҳаммад бўлиб, унинг бўйни узилиб кетишини, сен эса ўлимдан омон қолган ҳолда оилангда бўлишингни хоҳлармидинг?», деди. Сўнг Зайд разияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен аҳлим ичида ўтириб, Расулуллоҳга ҳозир ўтирган жойларида бир дона тикан киришини ҳам хоҳламайман», дедилар. Шунда Абу Суфён: «Муҳаммаднинг дўстлари уни яхши кўрганчалик бирон киши бошқасини яхши кўрганини кўрмадим», деди (Байҳақий ривояти).
Олдин Абу Суфён ажаблангандек, Наполён ҳам ажабланиб: «Мен ҳайрон бўламан, қандай қилиб Муҳаммад мана шундай қисқа даврда бир минтақани, балки бутун ерни ўзгартириб юборган бўлиши мумкин?», деган экан. Бунга мусулмон уламолари қуйидагича жавоб беришади: «У зот асҳобларининг қалблари ва нафсларида муҳаббат ўз ишини кўрсатди».
Азиз биродарлар! Муҳаббат инсоннинг нафсида муқаддас туйғулар, нозик маънолар билан бир қаторда қурбонлик ва фидоийлик каби тушунчаларни ҳам келтириб чиқаради. Инсонни ички ва ташқи айблардан муҳаббатчалик ҳеч нима халос қила олмайди.
Мана шу муҳаббат қандай муҳаббат ўзи? Бу Аллоҳга, Расулига ва Аллоҳнинг йўлида бандаларга бўлган муҳаббатдир.
Айшу-ишрат билан ўтган тунлар, шариат ҳаром қилган шаҳвоний муносабатлар, беҳаё сурат ва қўшиқлар, бир-бирига уриштирилаётган қадаҳлар – буларнинг биз айтаётган муҳаббатга умуман алоқаси йўқ.
Бир неча йил олдин ислом олами ғарб оламига қарши чиққанда улар: “Нега бутун ислом олами пайғамбарининг битта сурати орқасидан у бошидан бу бошигача оёққа турди?”, деб ҳайратга тушишганди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу уммат учун қандай даражада улуғ эканликларини, у зотга бўлган юксак муҳаббатни билмайдилар-да.
Ибн Асокир ривоят қилишларича, Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошқа шаҳарга бош олиб кетганларида тушларида у зотни кўрадилар. У зот: «Бу қандай жафо, эй Билол? Мени зиёрат қилиш вақти келмадими?» дейдилар. Шунда Билол розияллоҳу анҳу қўрқиб, маҳзун ҳолатда уйғондилар. Сўнг уловларини миниб, Мадина томон йўл олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларига бордилар ва юзларини унга қўйиб, йиғладилар. Шунда Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо келиб қолишди. Билол розияллоҳу анҳу уларни қучоқлаб, ўпдилар. Улар: «Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга масжидда айтиб берадиган азонингизни эшитгимиз келяпти», дейишди. Билол розияллоҳу анҳу масжидга келиб, ўзлари илгари турадиган жойларига турдилар. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» деганларида Мадина аҳолиси бир қўзғалди. «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ» деганларида бу ҳолат янада зиёда бўлди. «Ашҳаду анна Муҳаммадар-Росулуллоҳ» деганларида аёллар ҳам ўз уйларидан отилиб чиқишди. Одамлар: «Расулуллоҳ қайтиб келдилар!», деб жар солишди.
Ҳеч қачон Мадинаи Мунавварада бу кундагичалик йиғи бўлмаганди.
Билол розияллоҳу анҳунинг ўлим соатлари яқинлашганда аёли: «Бу қандай ҳам маҳзунлик!» деб нола қилганда, Билол розияллоҳу анҳу: «Бу қандай ҳам қувонч! Эртага мен ўзим севган инсонлар – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг асҳобларини учратаман!», дедилар”.
Азиз биродарлар! Мана шу Аллоҳга ва Расулига бўлган муҳаббатдир. Руҳий тарбия машойихлари айтишади: «Аллоҳ таолога етишишнинг икки йўли бор: Муҳаббат йўли ва нафсни бўйсундириш йўли». Муҳаббат йўли сенга роҳат беради, нафсни бўйсундирш эса сени анча толиқтиради.
Бугунги кунда ислом оламининг бошига тушган энг катта фожиа мусулмонлар қалбидаги ана шу муқаддас муҳаббатнинг заифлашиб қолганидир. Бунинг сабаби динларига амал қилмаганлари, Пайғамбарларининг амрига мухолиф юрганлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари қолиб, “ғарб маданияти”ни ўзлаштирганларидир. Шу ҳолат давом этса мусулмонларнинг нури ўчади, ақидалари зое бўлади. Яхши нарсани ёмон нарсага алмаштирганлари натижасида бошқа халқлардан қолиб кетади.
Ҳадиси шарифларда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулини севиш, мусулмонларнинг бир-бирларига нисбатан муҳаббати, мусулмон шахснинг ўз фарзандлари, ота-онаси, яқинлари, турмуш ўртоғи ва дўстларини севиши, шунингдек, раҳбарнинг ўз қўл остидагиларга, ўз навбатида уларнинг ҳам раҳбарларига муҳаббати ҳақида кўрсатмалар мавжуд. Бу каби муҳаббатларнинг ҳар бирини кенг баён қилиш учун алоҳида мавзуларда тўхталиш зарур. Аммо шу ўринда Исломда раҳбарнинг ўз қўл остидагиларига муҳаббати қандай бўлиши ҳақида бир ҳодисани эслаш билан бу мавзумизни якунлаймиз.
Дамашқ волийси Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу амирул мўминийн Умар ибн Хаттоб розяллоҳу анҳудан денгиз орқали Румга ҳужум қилишга изн сўради. Сўнг Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан денгиз ҳақида сўраб мактуб ёздилар. Амр ибн Осс шундай жавоб бердилар: «Эй амирул мўминийн! Денгизнинг ўзи катта, ундаги ҳар қандай нарса кичкинадир. Унда осмондан бошқа ҳеч нима йўқ. Ундаги сув лойқаланса қалблар маҳзун бўлади, тўлқинлари қўзғалса, ақллар лол қолади. Ундаги одамлар ёғочдаги қурт кабидир (яъни қаерга кетаётганини ва қаердан чиқишини билмайди). Денгизга кирган инсон йўқолиб қолади, ундан чиққан эса янгидан туғилгандай бўлади. Агар оғса ғарқ бўлади. Қутулиб қолган ҳам қўрқувдан қотиб қолади.»
Буни ўқиб Умар розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳуга шундай ёздилар: «Муҳаммадни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, асло изн йўқ! Денгизга бирон мусулмонни қўймайман. Аллоҳга қасамки, биргина мусулмон мен учун румликлар жойлашган ўлкалардан яхшидир. Мусулмонни ҳалокатга ташлашдан сақлангин. Сенга айтадиганим шу, вассалом.»
Бу мўминнинг ўз қўл остидаги халқига бўлган муҳаббатидир.
Азиз биродарлар! Айнан Ислом орқали муҳаббат тушунчаси Ер узра ёйилди.
Эркакнинг бегона аёлга ёки аёлнинг бегона эркакка муҳаббат қўйиши мавзусида келгуси мақолада сўз юритамиз, иншааллоҳ.
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари” номли мақолалар
туркуми асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Баратов Ғиёсиддин ва 3-курс талабалари томонидан тайёрланди.





