Рамазон ойи ойларнинг султони, муборакли, улуғ ой бўлиб, бу ой сабабидан бандаларга жуда кўплаб яхшиликлар берилади. Бу ой инсонлар савобларини кўпайтириб ва гуноҳларидан покланиб олишга катта имкониятдир. Рамазон ойи нафсни тарбиялаш ойи бўлиб, инсон бу ойда нафсини жиловлаб олиши ва тақво ҳосил қилиши бошқа ойларга нисбатан қулайроқ ва осонроқ бўлади. Чунки, бу ойда жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Шунингдек, бу ойда инсоннинг энг катта душмани бўлмиш шайтонлар кишанланади. Инсон ўзини турли гуноҳларга васваса қиладиган шайтонларнинг ёмонлигидан омонда бўлади. Шунингдек, бу ойда бундан бошқа фазилатлар ҳам бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон кишининг гуноҳлари тўкилиб, савобларининг кўпайишига сабабчи бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Рамазон (ойи) келгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарҳақиқат, сизларга Рамазон, муборак ой келди. Аллоҳ сизларга унинг рўзасини фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади ва унда жаҳаннам эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанланади. Рамазон ойида минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум қилинса, батаҳқиқ (унинг барча яхшилигидан) маҳрум қилинибди”, дедилар. Имом Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадисда Рамазон ойининг бир неча фазилатлари санаб ўтилди:
1. Рамазон ойи муборакли ойдир. Бу ойда Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати, мағфират кенг бўлади. Бу ой барокотлар ойидир. Мана шу барокотлар сабабли инсон бу ойда кўп яхшиликларга эга бўлади.
2. Бу ойда Аллоҳ таоло рўза тутишни фарз қилди. Инсон бу ойда рўза тутар экан, аввало зиммасидаги фарзни адо қилади. Шунингдек, рўза тутишда инсон учун жуда ҳам кўп фойдалар бордир. Инсон рўза сабабли нафсини сабрга ўргатади, камбағал, мискинларнинг ҳолини ҳис қилади, гуноҳлардан тийилади. Натижада, Аллоҳга бўлган тақвоси зиёда бўлади.
3. Бу ойда жаннат эшиклари очилади. Бу ойда Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳмати, мағфират кенг бўлади. Рўзадор бу ойда қилган яхши амаллари сабабли жаннатга дохил бўлади.
4. Рамазон ойида жаҳаннам эшиклари ёпилади. Ушбу жумла, бу ойда дўзахга киришни ман қилинишидан киноя бўляпти. Яъни, рўзадор киши бу ойда катта гуноҳлардан сақланади, рамазон рўзаси эса, кичик гуноҳларига каффорот бўлади. Шунга кўра, рўзадор инсон дўзахдан сақланиб, қилган яхши амалларига кўра жаннатга киради.
5. Бу ойда шайтонлар кишанланади. Бу борада уламолар ҳар хил фикрларни айтишган. Баъзилар: “Бундан бу ойда мўъминларни йўлдан оздириш, гуноҳ ва маъсиятни чиройли кўрсатиш каби ишлардан Аллоҳ шайтонларни ожиз қилиб қўйиши тушунилади”, дейишган. Баъзилар: “Нафслар шайтонларнинг васвасаларини қабул қилишдан тийилади. Чунки, рўза сабабли рўзадорнинг нафслари турли ёмонликлар киридан тозаланди, шаҳватлари синади”, дейишади. Қози Иёз роҳимаҳулоҳ: “Шайтонларнинг занжирбанд қилиниши зоҳир ва ҳақиқатга кўра бўлиши ҳам мумкин. Мана шуларнинг барчаси, бу ой кирганда фаришталар бу ойни эҳтиром қилишларига ва шайтонлар эса мўъминларга азият беришдан ман қилинишларига аломатдир”, дейди. Баъзилар: “Бундан, Аллоҳ таоло бу ойда кўп мусулмонларни гуноҳ қилишдан ва шайтонларнинг васвасаларига мойил бўлишдан сақлайди, деб тушунилади”, дейишади.
6. Бу ойда мингта ойдан яхшироқ бир кеча бор. Рамазон ойининг хусусиятларидан яна бири, бу ойда “Қадр кечаси”нинг борлигидир. Бу кеча сабабли инсоннинг барча гуноҳлари мағфират қилинади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. Муттафақун алайҳ.
Демак, юқоридаги санаб ўтилган фазилатлар сабабидан инсон бу амалларга интилади ва ўзини яхшигина тарбия қилади. Натижада, у ўз нафсини енгади ва унда Аллоҳга бўлган тақвоси кучаяди.
Шунингдек, бу ойда инсон рўза тутиш ва кечаларда ибодатлар билан қоим бўлиш билан бирга турли хил гуноҳ ишларни қилишдан ўзини сақлаш ҳам керак. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсиқдир. Сизлардан бирингиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, деб айтсин”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Яна бир бошқа ҳадисда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон сўзни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, таоми ва шаробини тарк қилишида Аллоҳ учун ҳожат йўқдир”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Демак, рўза тутадиган киши, ёлғон, ғиёбат, туҳмат ва беҳаё гапларни гапиришдан ва бировларга озор беришдан сақланиши лозим бўларкан. Акс ҳолда унинг рўза тутиши ва кечаларда қоим бўлишидан унга манфаат бўлмайди. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қанчадан қанча рўзадор борки, у учун рўзасидан фақатгина очлик бўлади ва қанчадан қанча тунда қоим бўлувчи борки, у учун унинг қиёмидан фақатгина бедорлик бўлади холос”, дедилар”. Аҳмад ривоят қилган.
Демак, инсоннинг тутган рўзаси ва тунлардаги ўқиган таровийҳ намозлари мукаммал тарзда қабул бўлиши учун, тили ва бошқа аъзолари томонидан содир бўладиган гуноҳлардан ўзини сақлаши лозим бўларкан. Бу гуноҳ ишларни тарк қилиш билан, инсон ўз нафсини жиловлайди ва тақвосини зиёда қилади.
Шунингдек, Рамазон Қуръони Карим ойи бўлиб, бу ойда Қуръони Каримни кўплаб тиловат қилиш суннат амалдир. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойида Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни ўқиб берардилар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг кўп сахийликлари Рамазон ойида бўлар эди, чунки Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида то у чиқиб кетгунича ҳар кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам билан учрашар, у зот унга Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, у зот эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Демак, бу ойда Қуръони Карим бошқа ойларга нисбатан кўпроқ тиловат қилинади. Қуръон қанча кўп ўқилса, инсонда Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати ва тақвоси зиёда бўлади. Унга сакийна тушади ва уни раҳмат фаришталари қуршаб олади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган катта имконият ойидир. Бу ойда ҳар қанча тоат-ибодат қилиб, гуноҳлардан ўзимизни сақлайдиган бўлсак, охиратимиз учун улкан захийрага эга бўламиз. Шунингдек, нафсимизни поклаб, ибодатларда бардавом бўлишни одат қилиб оламиз. Шунга кўра, Рамазондан кейин ҳам шу ибодатларда давомли бўлиш осон бўлади.
Мадаминов Шокиржон,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Халқаро Ислом академияси Исломшунослик йўналиши 1-курс магистранти





