Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ноёб ва юксак фазилатлари билан бошқалардан алоҳида ажралиб турар эдилар. Сахийлик ва карам бобида ҳам шундай. Қадрли, фойдаси кўп тегадиган нарсани хурсанд ва мамнун ҳолда инфоқ-эҳсон қилиш карамлилик дейилади. Карамлилик арабларда озодлик деган маънони беради. Чунки карамли киши мол-дунёга қуллик қилишдан ўзини халос этади. Бу сифат пасткашликнинг зиддидир. Сахийлик эса бахилликнинг зиддидир. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида сахийликка тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Кечаю кундуз молларини яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмайдилар»[1]. Пайғамбар алайҳиссалом сахийлик, бағрикенглик, мурувват ва борасида ҳам мусобақалашиб, баҳслашиб бўлмайдиган даражада беқиёс эдилар. «Бурда» қасидаси муаллифи Бусирий раҳматуллоҳи алайҳ айтади:
Ахлоқда ҳам, хилқатда ҳам Набийлардан ўздилар.
На илмда, на карамда у зотга тенг келдилар.
У зотни таниганларнинг барчаси таърифлаганда дунё ва унинг зебу зийнатларидан баландда турганликларига далолат қиладиган мана шундай чиройли хулқлар билан сифатлаган. Бунга Имом Бухорий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятни мисол қилиш мумкин. Унда шундай деб келтирилган: «Росулуллоҳдан бирон нарса сўралган бўлса, асло «йўқ», демаганлар. Яъни, кимки у зотдан дунё матоҳидан бирор нарсани сўраса, “бермайман”, деган жавобни олмаган. Балки сўраганини дарҳол берганлар ёки беришни ваъда қилганлар. Чунки у зот Аллоҳ таолонинг: «Агар улардан Роббингнинг раҳматини талаб қилган ҳолда юз ўгирадиган бўлсанг, бас, уларга мулойим сўз айтгин», деган амрига бўйсунардилар. Икки шайх Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда одамларнинг энг сахийи эдилар. Рамазон ойида ва Жибрил алайҳиссалом билан учрашганда жуда ҳам сахий бўлиб кетар эдилар. У зот яхшилик борасида эсувчи шамолдан-да сахийроқ эдилар».
Манфаатидан ҳамма баҳраманд бўлгани учун у зотнинг сахийликларини эсувчи шамолга ўхшатилган. Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Бир киши (Сафвон ибн Умайя) у зотдан (ҳадя) сўраганда икки тоғ орасидаги водий тўла бир сурув қўй бердилар. У юртига қайтиб борганда: «Исломни қабул қилинглар. Албатта Муҳаммад фақрликдан қўрқмайдиган кишидек тортиқ қилар экан»[2], деди. Яъни, у зотнинг олийжаноблиги, саховапешалиги ва Аллоҳнинг ризқ беришига таваккули шу даражада кучли эдики, камбағал бўлиб қолишдан қўрқмасдилар.
Имом Муслим ривоятига кўра, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликка юзталаб туя берганлар. Бунга Абу Суфён ибн Ҳарб, унинг икки ўғли Муовия ва Язид, Ҳаким ибн Ҳизом, Ҳорис ибн Ҳишом ва бошқаларни келтириш мумкин. Имом Муслимнинг ривоят қилишича, у зот Сафвон ибн Умайяга юзта туя, сўнг юзта, сўнг яна юзта берганлар. Бу бир вақтда ёки алоҳида-алоҳида бўлганлик эҳтимоли бор. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам шундай қўли очиқ бўлганлар. Бу хулқлар у зотнинг асл фитратида мавжуд эди.
Имом Бухорий ва Муслим келтирган ривоятда Хадича ибн Хувайлид розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алаҳи васалламга ваҳийнинг бошланишида: «Албатта сиз оғирни енгил қиласиз, йўқсилларни қўллайсиз», деган эди. Яъни,ўз қарамоғидагиларни боқишга қийналганларга, етимларга, қавми ичида заифҳол ва ожизларга ёрдам берасиз. Мол-давлати йўқ ночорларга ёрдам қўлини чўзасиз. У зот Ҳавозин қабиласининг асирларини озод қилдилар. Улар олти минг аёл ва ёш болалардан иборат эди. Шунингдек, йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан ортиқ қўй, тўрт минг уқия кумушни ўзларига қайтариб берилгани сийрат китобларида қайд этилган. Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кўра, у зот Аббос розияллоҳу анҳуга зўрға кўтарадиган даражада тилла ҳадя қилганлар. У зот ҳузурларига тўқсон минг дирҳам олиб келиб, бўйра устига қўйилди. Буни ҳам тақсимлашга киришдилар. Бирорта ҳам сўровчини қайтармадилар.[3]
Имом Термизий «Шамоил» да келтиришича, бир киши Пайғамбаримиз ҳузурларига келиб бир нарса сўради. У зот: «Менда ҳеч нарса йўқ. Лекин менинг ҳисобимдан сотиб ол. Бизга бирор нарса келса тўлаймиз», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ сизни қодир бўлмаган нарсага таклиф қилмаган-ку», деди. Пайғамбар алаҳиссаломга бу гап ёқмади. Ансорлардан бир киши: «Эй Аллоҳнинг Росули, инфоқ қилаверинг, Арш эгасининг камайтиришидан қўрқманг», деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам табассум қилдилар. Юзларида мамнунлик аломатлари балқиган ҳолда: «Шунга буюрилганман», дедилар. Муаввиз ибн Афро шундай ҳикоя қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир идишда хурмо ва майда бодринг олиб бордим. У зот майда бодрингни яхши кўришини билардим. Менга кафтлари тўла тақинчоқ ва тилла бердилар»[4].
Имом Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Росулуллоҳ эртани деб бирор нарсани заҳирага олиб қўймас эдилар». Яъни кўнгиллари кенглиги, қўллари очиқлиги ва Роббиси ризқни беришига қатъий ишонганидан еб-ичиладиган бирон нарсани ғамлаб қўймасдилар. У зотнинг олийжаноблик ва саховатлари ҳақидаги хабарлар мутавотирдир. Қози Иёз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтиради: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳожатини сўраб келди. Унга ярим васақ қарз олиб бердилар. Бир куни қарз берган киши қарзини қистаб келди. У зот унга бир васақ[5] бериб: «Ярми (қарзни) узиш учун, ярми ҳадя», дедилар.
Машҳур тасаввуф шайхлари ва атоқли алломалардан бири Абу Али Даққоқ қоддасаллоҳу сирроҳу шундай дейди: «Бошқаларни ўзидан устун қўйиш сифати мукаммал ва тўлиқ ҳолда Набий алайҳиссаломдан бошқада топилмайди. Чунки Қиёмат кунида ҳамма «ўзим», «ўзим» деса, у зот «умматим», «умматим», дейдилар». Тарих саҳифаларида саховат борасида бу каби нодир мисолларга ўхшашини топиб бўлмайди. Аммо уларни фақатгина Пайғамбаримиз алаҳиссолату вассалломдагина учратиш мумкин. Зеро, у зот комилликда барчага намуна эдилар.
[1] Бақара сураси, 274-оят.
[2] У зотнинг ахлоқлари, хусусан сахийликлари мўъжизадек эди.
[3] Абу Ҳасан ибн Заҳҳок Ҳасан Басрийдан мурсал ҳолда ривоят қилган.
[4] Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган. Имом Термизийнинг «Шамоил»ида ҳам санади билан келтирилган.
[5] Бир васқ- 195 кг.





