Кечалари ибодатда қоим ва бедор бўлиш, Роббиси ҳақларини адо этиш, қавмнинг рисолатдан юз ўгириб, саркашлик қилишидан ғамга ботиш, мушрикларнинг озорлари, ёлғончига чиқаришлари, уларнинг масхара-мазахлари ва бошқа қийинчиликлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан улкан сабр талаб қилди. Буларнинг барчасини у зот метин ирода ва мустаҳкам сабр-тоқат билан сукут сақлаган ҳолда енгиб ўтдилар. У зот ҳаётидаги тоат-ибодат йўлида ва бошқа ҳолатлардаги чеккан машаққатларга мисол ва намуналарни келтирмоқчи бўлсак, уларнинг ўзи алоҳида мавзуга айланади.
Ибодат йўлидаги қийинчиликлари. Айтишларича, Аллоҳ таолонинг: «Тоҳа. Сенга Қуръонни бахтсиз бўлишинг учун нозил қилганимиз йўқ»[1], деган оятидаги «Тоҳа» сўзи юқорида нақл этилган ҳадисга асосан Пайғамбаримиз исмларидан биридир. Ҳадисда Роббим ҳузурида менинг ўнта исмим бор, дея улар қаторида «Тоҳа» ни ҳам келтириб ўтилган. Бошқа қавлга кўра, «Эй инсон, эй киши ёки эй тирик жон», деган маънода келтирилган. Қуръони каримдаги ҳарфлар рамзий маъноларни ифодалашга хизмат қилиб, улардан ирода қилинган мақсадни Аллоҳнинг Ўзи билувчироқдир. Мазкур ояти каримадан асосан ибодатда ўзингни қийнама. Қуръонни сенга ибодат ишида қийналиш учун нозил қилганимиз йўқ. Аксинча, ундан роҳатланиб ибодат қилиш ирода этилган. Чунки сен енгил, осон, машаққатдан холи ва ҳақдан оғишмаган дин билан юборилгансан, Қуръонни Аллоҳнинг амрига қарши чиқишдан қўрқадиган ва кўрсатмаларига эргашадиганларга мавъиза-насиҳат бўлиши учун нозил қилдик, деган маънони уқиб олинади. Мазкур оят Пайғамбар алайҳиссалом кечалари ухламай ибодатда қоим бўлиб, нафс риёзати билан машғул бўлганларида нозил бўлган. Ҳатто кўп ибодат туфайли оёқлари шишиб кетар, Қуръондан биргина оятни такрор-такрор ўқиб кечани бедор ўтказган пайтлари ҳам бўлар эди.
Имом Термизий Оиша разияллоҳу анҳодан, шунингдек Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Росулуллоҳ токи оёқлари шишиб кетгунча намоз ўқир эдилар. У зотга: «Шундай қиласизми? Ахир, Аллоҳ таолонинг олдинги-ю кейинги гуноҳингизни кечиргани (хабари) сизга келди-ку», дейишди. У зот: «Шукур қилувчи банда бўлмайинми?», дедилар», дейилган.
Мазкур оят ва ҳадислардан шуни англаш мумкинки, ибодатни чиройли адо этганликлари учун Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам Яратганнинг матовига, эъзозига мушарраф бўлганлар. Шу билан бирга у зотдан машаққатни енгиллатиш, ибодатда кенглик ва осонлик томонини тутишлари учун раҳм-шафқат ва меҳрибонлик маъноси акс этган. Қавми даъватидан юз ўгиргани боис Расули Акрам қалбларида пайдо бўлган сиқилишни тарқатиш учун Аллоҳ таоло шундай дейди: «Улар бу сўзга иймон келтирмасалар, эҳтимол, уларнинг ортидан таассуф ила ўзингни ҳалок этмоқчи бўларсан?!»[2]. Яъни, эҳтимол бутунлай бош тортиб, даъватингни қабул қилишдан тобора узоқлашаётганларини кўриб бесабр ва бетоқат бўлиб, ғазабланган ҳолда ўзингни ўзинг ҳалок қилмоқчидирсан?!
Шу маънодаги бошқа бир оятда Аллоҳ таоло: «Эҳтимол, (улар) мўмин бўлмаганлари учун сен ўзингни ҳалок қилмоқчидирсан?! дея у зотга таскин-тасалли берди. «Агар ҳоҳласак, уларга осмондан оят- мўъжиза нозил қиламиз. Бас, уларнинг бўйинлари унга эгилиб қолади».[3] деб иймонсизларни қаҳридан огоҳ этди. Бу ўринда «эҳтимол» сўзи раҳм-шафқат ва улуғлашга далолат қилади. Чунки араб тилидаги «лаъалла» сўзида меҳрибонлик ва шафқат маънолари мавжуд. Яъни, ғам-қайғуга ботиб, иймон келтирмаганларини деб ўзингни қатл этма, ўзингга раҳминг келсин. Агар Биз ҳоҳласак, устларига осмондан қаттиқ қичқириқ, кучли чақмоқ каби азоб-уқубатларни ёки иймон келтиришга мажбур қиладиган бало-офатларни туширамиз. Уларнинг жамоалари, улуғлари ва бошлиқлари бош эгганча, бир зумда итоаткор бўлиб қолишади.
Яна шу мазмунда нозил бўлган оятлардан бири Аллоҳ таолонинг: «Бас, сенга амр этилган нарсани юзага чиқар ва мушриклардан юз ўгир. Албатта, Биз сенга истеҳзо қилувчилардан кифоя қилурмиз. Улар Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ (шерик) қилурлар. Бас, тезда билурлар. Албатта, Биз уларнинг айтаётганларидан сениннг дилинг сиқилишини яхши билурмиз»[4], деган сўзидир. Яъни, даъватингни тараддудланмай ошкор қилавер. Мушрикларни хорлаш учун улардан юз ўгир ва сўзларига парво қилма. Биз улар сени ҳалок этишига йўл қўймаймиз. Айтилишича, Росулуллоҳга ёмонлик қилган ашаддий душманларидан бештасининг ҳар бири қилмишига яраша азобланиб хор бўлиб ўлган экан.
«Бас, Роббинг ҳамди ила тасбеҳ айт ва сажда қилувчилардан бўл. Ва аниқ нарса (ўлим) келгунича Роббингга ибодат қил»[5]. Аллоҳга тасбиҳ ва ҳамд айтиб, ёрдам сўра. Намоз ўқувчилардан бўл. То ўлим келгунча Роббингга ибодат қил. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз қандайдир ишдан ранжиса ёки ташвишланса, дарҳол намоз ўқишга киришар эдилар. Олдинроқ айтиб ўтилганидек, у зот ўз қавми етказган қаттиқ азият ва оғир қийинчиликларни бошдан кечиришларига қарамай: «Эй Аллоҳ қавмимни кечир. Чунки улар билмайдилар», дер эдилар ҳамда улуғ ва гўзал хулқлари билан: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир»[6], дейилган илоҳий амрга амал қилиб, ўзларига етган озорларга сабр қилар эдилар. Аммо Қурайш кибр отига миниб, у зотни масхара қилишни тўхтатмасди ва ёлғончига чиқаришни ҳаддан ошириб юборарди. Аллоҳ таоло масхара қилувчилар ҳақида: «Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинганлар. Бас, куфр келтирганларга муҳлат бердим. Сўнгра, уларни ушладим. Бас, иқобим қандоқ бўлган эди?!»[7] деган оятни нозил қилиб, Пайғамбарини қўллаб-қувватлаб турди. Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди: «Аллоҳ таоло Ўз Расулига олдин ўтган қавмлар ҳам ўзларига келган пайғамбарларни масхара қилишганини айтиб тасалли берди. Мушриклар етказаётган жабру-ситамлар уларникига қараганда енгил эканини билдириб, ким бу нобакорликни давом эттирса, олдингилар бошига тушган кулфатлар бошларига тушажагидан огоҳ бўлишга чақирди».
Аллоҳ таоло ёлғончига чиқарувчилар ҳақида шундай оятни нозил қилди:
«Агар сени ёлғоннчига чиқарсалар, бас, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар ёлғончи қилинганлар. Барча ишлар Аллоҳга қайтарилур».[8]
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Худди шундай, булардан аввалгиларга ҳам бир Пайғамбар келган вақт (уни) сеҳргар ёки мажнун деганлар»[9]. Яъни, қавминг сени ёлғончи, сеҳргар ёки мажнун деб туҳмат қилганига ўхшаш. Бу иккала оятда Аллоҳ таоло Ўз Росулига таскин бермоқда. Чунки, Аллоҳ таоло у зотга ўтган умматларнинг ўз пайғамбарларига айтган сўзларини ва уларнинг ўз қавмлари ичида қандай синовларга дуч келганларини ҳамда бу нарсага фақат у зот тўқнаш келмаётганини хабар берди. Шундан кейин Аллоҳ таоло: «Улардан юз ўгир. Бас, сен маломатга қолувчи эмассан»[10] деган сўзи билан у зотнинг кўнглини кўтариб, айбсизлигини баён қилди. Яъни, улардан юз ўгир. Сен ўзингга нозил этилган ваҳийни етказганинг учун таънага қолганинг йўқ. Аллоҳ таолонинг: «Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан»[11], деган сўзи ҳам ўтган оятга маъно жиҳатдан ўхшашлиги бор. Яъни, улар етказган озорларга сабр қил. Албатта, сен Бизнинг кўз ўнгимизда яъни, ҳимоямиздасан.
[1] Тоҳа сураси, 1-2-оятлар.
[2] Каҳф сураси, 6-оят.
[3] Шуаро сураси, 3-4 оятлар.
[4] Ҳижр сураси, 94-97-оятлар.
[5] 98-99-оятлар.
[6] Аъроф сураси, 199-оят.
[7] Рмъд сураси, 32-оят.
[8] Фотир сураси, 4-оят.
[9] Зарият сураси, 52-оят.
[10] Зарият сураси,, 54-оят.
[11] Тур сураси, 48-оят.