Ислом шариати нафақат спорт билан шуғулланишга ижозат берган, ҳатто бу ишга барча мусулмонларни рағбатлантирган, чақирган ҳам. Ислом мўмин-мусулмонларни бадантарбия, отда чопиш, пойгада мусобақалашиш, сувда сузиш, мерганлик, ақлни чиниқтириш каби машқлар билан мунтазам шуғулланиб юришга буюрган. Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беради. Ҳамманинг кучли, қувватли, чапдаст, эпчил бўлгиси, хасталикларга чалинмай юргиси келади. Бунинг учун бадантарбия билан доимий шуғулланиш керак.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасасида спортга катта эътибор берилади. Талабалар орасида шахмат, тош кўтариш, кураш, футбол ва стол тенниси спорт турларидан мусобақалар мунтазам равишда ўтказилиб турилади. Бугун, 11 октябр куни талабалар ўртасида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида футбол мусобақасига старт берилди. Ҳар бир гуруҳдан битта жамоа саралаб олинган бўлиб, ўйинда жами 12 та жамоа иштирок этади. Талабалар ўртасида ғолиб бўлган жамоа ўқитувчи-мударрислар жамоаси билан ўйин ўтказиши белгиланган.

Кўкалдош матбуот хизмати





