“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида ҳар ҳафта мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Ахборот ва мураббийлик” соати талабаларнинг саводхонлигини ошириш, дунё ва мамлакатимизда рўй бераётган муҳим янгиликлардан хабардор этиш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳафтадаги машғулотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки муҳим халқаро минбарда — Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммити ҳамда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясидаги нутқлари ўқиб эшиттирилди. Дарс жараёнида ушбу чиқишларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг халқаро аҳамияти ҳамда ёшлар ҳаётига таъсири ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.



Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Бутунжаҳон саммитидаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда ижтимоий адолат, камбағалликка қарши кураш, инсон капиталини ривожлантириш ва барқарор тараққиёт масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари глобал миқёсда адолатли молиявий тизим яратиш зарурлигини, бу йўналишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлади:
“Энди глобал даражада жамиятдаги ижтимоий адолатни таъминлаш учун янги молиявий архитектура яратиш, ривожланаётган давлатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тизимни ташкил этиш вақти келди.”
Мазкур нутқ Ўзбекистоннинг ижтимоий сиёсати нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётганини кўрсатди. Президентимиз илгари сурган таклифлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий тенгликни таъминлаш ва ёшлар учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.



Дарс давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилишида маросимидаги нутқи ҳам тингланиб, ундаги асосий ғоялар талабаларга етказилди. Давлатимиз раҳбари бу нутқида таълим, маданият, илм-фан, инсоният меросини асраш, сунъий интеллектнинг этик жиҳатлари ва ахборот соҳасидаги масъулият масалаларини атрофлича ёритди.
“Самарқанд – инсоният тарихига илм-маърифат ва сивилизатсиялар ўртасидаги мулоқот маркази сифатида кирган шаҳар. Бу сессиянинг айнан шу ерда ўтказилиши ЮНЕСКОнинг Ўзбекистонга бўлган ишончи ва ҳурматининг ифодасидир.” деди давлатимиз Раҳбари.
Нутқда илгари сурилган инклюзив таълимни ривожлантириш, илмий ҳамкорликни кучайтириш ва маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги таклифлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун инсоният тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур “Ахборот ва мураббийлик” дарси орқали талабаларда:
- Президентимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини чуқурроқ англаш,
- Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ҳис этиш,
- Глобал масалаларга миллий нуқтаи назардан ёндашиш,
- Ёшлар зиммасидаги фуқаролик масъулиятини ҳис қилиш каби фазилатлар мустаҳкамланди.
Шунингдек, дарс давомида талабалар Президентимизнинг халқаро миқёсдаги ташаббуслари, ижтимоий адолат ва илм-маърифатга асосланган тараққиёт консепсиясининг аҳамиятини янада чуқурроқ ўзлаштирдилар.
А. Ғаниев
«Кўкалдош» ЎМИБЮ Маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари






