Мусулмонларнинг қабристонини зиёрат қилиш ва авлиёларнинг қабрларини табаррук деб билиш жоизлигига ижмо қилинган. Имом Термизийдан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрларни зиёрат қилинглар,” деганлар. Демак, ким қабрларни зиёрат қилса, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилган бўлади.
Авлиёларнинг қабрларини табаррукланиш учун, яъни барака ва яхшиликлар кўпайишидан умид қилиб зиёрат қилса, у ҳам мазкур ҳадисга амал қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақиъ қабристонини зиёрат қилганлари ривоятларда келади.
Ким авлиёларни инкор қилса, у Қуръони карим ва ҳадисларда келган нарсани инкор қилган бўлади, зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир,“ деб марҳамат қилади.
Ҳадиси шарифда келган “Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчиларни лаънатласин,” деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари Исломнинг аввалида айтилган эди. Орадан вақт ўтиб бу гап “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади,”* деган гаплари билан мансуҳ бўлган.
Қозий Иёз роҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳида шундай дейдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилаверинглар” дедилар. У зотнинг “Энди уларни зиёрат қилаверинглар” деган сўзлари аввалги таъқиқни бекор қилиш ва бу амалнинг мубоҳ бўлишига иллат бўлган нарса қабрларни зиёрат қилиш ўлимни эслаш ва ибрат олиш учун бўлиши кераклиги, мақтаниш ва кўз-кўз қилиш учун ёки бақир-чақир қилиб мотам тутиш учун бўлмаслиги кераклигини билдиради”.
*Ушбу ҳадис саҳиҳ ҳадис ҳисобланади уни Имом Муслим ва бошқалар ривоят қилишган.
Рустам Охунжонов «КЎКАЛДОШ» ЎМИБЮ МАТБУОТ КОТИБИ






