Кеча – 8 май куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг бир гуруҳ талабалари пойтахтимиздаги Ғалаба боғида бўлиб қайтдилар. 2-жаҳон уруши ҳақида ҳикоя қилувчи материаллар ва ҳарбий қуроллардан иборат экспонатлар билан танишдилар.
Ўзбекистон халқининг II жаҳон урушида кўрсатган беқиёс жасоратини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси ва «Шон-шараф» давлат музейи экспозициялари юрт бошига келган оғир кунлар ва халқимизнинг кўрсатган матонати ва юксак инсоний фазилатларини намоён этади.
Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар. Шу боис тарихни ўрганиш, ундан ибрат олиб тўғри сабоқ чиқариш энг муҳим юмушлардан саналади. Ўтган кунларни, айниқса машаққатли дамларни ёдга олиш инсонни шукрга, қаноатли бўлишга ундайди. Талабалар боғда уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, палаткалар, дала ошхоналари ва бошқа лавҳаларга гувоҳ бўлдилар. Етмиш-саксон йил олдинги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар оралаб юриб, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссасини хаёлан гавдалантиришга уриндилар.
Бу каби саёҳатлар илм толибларига бугунги тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт қанчалик бебаҳо неъматлиги, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлигини англатади.


“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот хизмати





