8. Инсонлар фақат тақво билан бир-бирларидан ортиқдирлар
Шариат буйруқларига тўлиқ бўйсуниш, гуноҳ-маъсиятлардан тийилиш билан Аллоҳнинг азобидан қочиш тақводандир. Инсон Парвардигори наздида шахси ёки мол-давлати билан эмас, фақат тақвоси ва тоат-ибодати билангина мукаррам бўлади. Шундай ночор, камсуқум инсонлар борки, улар зулмга асосланган ҳокимияти, сохта обрў-эътиборлари ёхуд ҳаром мол-дунёлари учун кўкларга кўтарилган тубан кимсалардан қадр-қимматда юқори турадилар. Жоҳиллар эътиборида ҳақир саналсалар-да, бундай зотлар ўз тақволари билан Аллоҳ таоло наздида азиз ва мукаррамдирлар. Зеро, инсонларнинг Пок Парвардигор ҳузуридаги мартабалари ҳусн-чирой, насл-насаб, шакл-шамойил, мол-давлат ёки териларининг ранги билан эмас, тақво ва солиҳ амаллари билан бир-бирлариникидан фарқланади. “Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлиларингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир”. (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар:
– Энг мукаррам инсон ким?
– Аллоҳ таолодан энг кўп тақво қиладиган банда! – деб жавоб бердилар у зот.
Тақво қалбда бўлади. “Ким Аллоҳнинг қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта бу дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур”. (Ҳаж сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло сизларнинг жуссаларингизга ёки кўринишларингизга қарамайди. У қалбларингизга назар солади”. (Муслим ривояти).
Демак, бир банданинг қай даражада тақводорлиги ҳам ёлғиз Аллоҳга аён. Аллоҳнинг кузатувчанлигини ҳис қилиш зоҳирий амаллар таъсирида эмас, қалбдаги Аллоҳ қўрқуви билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло инсоннинг қалбига назар солади, яъни бандасига қалбидаги яхшилик ёки ёмонликка яраша жазо-мукофот беради. Қанча-қанча бадавлат, бообрў, келишган одамлар борки, қалблари ҳувиллаб ётибди. Ҳеч нарсаси йўқ, хокисор инсонлар борки, қалблари тақво билан лиммо-лим. Шунинг учун ҳам бировни камситмоқ улкан гуноҳ саналади. Чунки бу нотўғри мезонда чин тақво четда қолиб, “хас-хашаклар” тош босади.
Асадулло Холмуродов
«Кўкалдош» ўрта-махсус ислом билим юрти мударриси






