ХОТИРА БОР ЭКАН, ТИРИКДИР МИЛЛАТ,
ТИРИКДИР ИФТИХОР, ТИРИКДИР ҒУРУР.
ХОТИРА — ЭЛНИ ХАЛҚ ЭТГУВЧИ ҚУДРАТ.
ХОТИРА — ЭРТАНИ ЁРИТГУВЧИ НУР.
Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Ҳар йили юртимизда 9-май санаси Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бу сана нафақат тарихий хотира, балки бутун халқимиз учун сабоқ, ибрат ва шукроналик кунидир. Ушбу кун орқали биз тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етамиз, Ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш масъулиятини юрагида ҳис қилган инсонлар руҳи олдида таъзим қиламиз.
Аждодларни хотирлаш ва кексаларни эъзозлаш, улуғ қадрият ҳисобланиб, бу борада мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинаётган дастурларда ёши улуғ, нуронийларга бўлган ҳурмат, эътибор диққат марказидадир.
Хотира деганда биз бу фоний дунёда ўтган аждодларимизни эслаш, уларнинг чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттиришни тушунамиз. Бу халқимизга хос азалий фазилатдир. Хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Бу ҳақиқатни кишилик тарихи исботлаб турибди. Қадрлаш дегани бу асрлар давомида она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларимизни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир
Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб, ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинишича Набий алайҳиссалом: «Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас» деганлар. Бошқа ҳадисда эса: «Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш, Аллоҳни улуғлашдандир», деб марҳамат қилганлар.(Имом Буҳорий ривоятлари).
Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-аҳлоқ, бурч, фазилатгина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.
Хотира ва кадрлаш деган гаплар бир кунлик анъанага богланиб колмаслиги керак. Ватан, миллат, дин йулида жон фидо килган аждодларимиз хотираси бизлар учун канчалик ардокли ва мукаддас булса, кексалик ёшига етган улугларимизнинг кадрига етиш, хурматларини жойига куйиш хам шунчалик мухимдир.
Айнан ўтганларни ёдлаш асносида яна бир муҳим иш инсонни тириклигида, кўзи очиқлигида қадрлаш, эъзозлашдир.
Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг,
Салом деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан,
Уни тиригида бир соат йўқланг,
деб бежиз айтилмаган.
Юртдошларимиз Хотира ва қадрлаш кунида ўтганлар хотираси ва уларнинг жасоратлари эзгу ишларини ҳурмат билан ёдга оладилар. Ҳақларига Хатми Қуръон, дуои фотиҳалар қилинади. Биз билан ҳамнафас яшаётган фахрийларимиз, ногирон, боқувчисини йўқотган оилалар ва меҳримизга муҳтож кишиларга иззат-икром кўрсатилиб, уларга моддий ва маънавий кўмак берадилар.
Ўтганларни хотирлаш ва қадрлаш, нуронийларимизга эътибор ва ғамхўрликни янада кучайтириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз сиёсатининг доимий эътибор марказида бўлиб қолаверади.
Одилжон Нарзуллаев Янгийўл тумани “Қирсадақ” жоме масжиди мом хатиби.






