Интернетда бир нима тарқалса одамлар уни текширмасдан ишонишади ва ҳатто бошқаларга тарқатишади. Айниқса, диний мавзу бўлса ва фалончи бундай деган бўлса. Чунки, ўша “фалончи” одатда катта олим ёки саҳоба ва ҳатто Пайғамбаримиз бўлишади.
Бу постда интернетда тарқалган ва имом Абу Ҳанифага нисбат берилган икки гап ҳақида сўзлашамиз. Биринчиси: “Мусиқа эшитиш фисқ, ундан ҳузурланиш куфр”. Бундай гап Имом Аъзамдан ривоят қилинмаган!
Бу гап баъзи ҳанафий мазҳабига мансуб китобларда келтирилган. У ердаги “роҳатланиш куфр” сўзидан ҳақиқий диндан чиқарадиган куфр назарда тутилмаган.
Изоҳ: Ибн Ҳумом Пошо “Фатҳул Қодийр” китобига ёзган шарҳларида “Ўйин-кулгу (мусиқа) эшитиш маъсият, унда ўтириш фисқ, ундан лаззатланиш куфрдан” деган сўзни Пайғамбаримиз ﷺ га нисбат берадилар. Аммо бу асли йўқ ҳадис. Сўнгра ибн Ҳумомнинг ўзлари бу ташдид, яъни қаттиқ қўрқитиш маъносида айтилган деб изоҳлаб кетадилар. (Шарҳу Фатҳил Қодийр 8-жилд, 450-бет)
Лекин интернетда бу гапни биринчи тарқатганлар Ибн Қоййим ал-Жавзийянинг “Иғосатул Лаҳфон” китобидан олишган. Китобнинг 405-бетида мусиқа ҳукмлари ҳақида гап кетганда Ҳанафий мазҳаби бу борада энг қаттиқ турган мазҳаб дея, “Бунга исбот ўлароқ уларнинг қуйидаги гапини келтириш мумкин: “Уни эшитиш фисқ, у билан лаззатланиш куфр” бу уларнинг лафзи, ҳамда бу борасида ҳадис ривоят қилишади. Аммо у ҳадисни (Расулуллоҳ ﷺ га) кўтариш (нисбат бериш) саҳиҳ бўлмайди”, – дейдилар. (Иғосатул Лаҳфон, 405-бет)
Бу гапни кимдир таржима қилаётганда “Ҳанафийлар китоблари” деган жойини “Имом Абу Ҳанифа” деб таржима қилган ва тарқатган. Буни ортидан қолганлар текшириб ҳам ўтирмасдан тарқатаверишган.
Яна бир гап: “Имом ортидан қироат қилганлар оғзига қиёмат куни қўрғошин қуйилади”. Бундай гапни Имом Аъзам айтишлари мумкин эмас. Чунки, қиёмат ҳолатларини ваҳй билангина билиш мумкин, ваҳй эса Расулуллоҳдан кейин тўхтаган.
Демак, қиёмат куни нималар бўлишини биз фақат ҳадис ва Пайғамбаримиздан эшитиб нақл қилган саҳобалар сўзларидан билишимиз мумкин. Эслатиб ўтамиз, намозда иқтидо қилган одам қироат қилмайди, бу макруҳ амал, лекин намози бузилмайди ва қўрғошин ҳам қуйилмайди)
Баъзи ёмон амаллардан қайтараман, таъсири кучли бўсин деб “ҳадисда бундай дейилган” “имом мана бундай деган” деб юбориш умуман жоиз эмас! Қасддан бундай ёлғон тўқиган одамнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди, агар ёлғони Набий ﷺ га нисбатан бўлса “Дўзаҳдаги ўрнини тайёрлайверсин!”
Икромбек Илҳомий
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-курс талабаси






