Эслатиб ўтамиз, қуйидаги сатрлар “Ёшлар масалалари Ислом нигоҳида” деб номланган туркум мақолаларнинг навбатдагисидир. Ёшлар деганда одатда балоғат ёшидан бошлаб ўттиз беш-қирқ ёшлар орасидаги инсонлар назарда тутилади.
Ушбу мақолалар туркуми нафақат ёшларга, балки катта ёшли кишиларга ҳам бирдек манфаатли бўлишидан умидвормиз. Шояд улар мақолаларимизни ўқишга муваффақ бўлмаган ён-атрофларидаги ёшларга етказсалар.
Ўтган сондаги мақоламизда ёшлар ҳақида Қуръони каримда келган баъзи оятлар билан танишган эдик. Бу сафар эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига мурожаат қиламиз.
Ёшлар ҳақидаги ҳадисларни учта асосий қисмга ажратиш мумкин:
- Ёшлар мақталган ҳадислар;
- Ёшлар қилиши ёки қилмаслиги лозим бўлган ишлар ҳақидаги ҳадислар;
- Ёшлар учун фойдали тавсияларни ўз ичига олган ҳадислар.
Биринчи қисм: ёшлар мақталган ҳадислар.
Албатта, динимизда ўз ўрнида айтилган мақтов қораланган эмас. Чунки, ёшлар Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш учун қилинадиган солиҳ амалларга уларни шижоатлантириб турадиган сўзларни эшитишга доимо эҳтиёж сезадилар. Хусусан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам баъзи хадисларида солиҳ, иҳлосли ва гўзал хулқ соҳиби бўлган ёшларни мақтаганлар. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тиришқоқ, Аллоҳнинг тоатида ўсган ва ўзининг ёшлигию ғайратини Аллоҳнинг розилигига сарф қилган мўмин ёшларни мақтаганлар.
Ҳадисларда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳудаги омонатдорликни, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудаги илмни, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг қироатини, Али розияллоҳу анҳунинг ҳукм чиқаришларини ва Тамим розияллоҳу анҳунинг умматга қилган хизматини алоҳида мақтаганлар. Улар ўша пайтда ёш саҳобалар бўлишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Мўмин йигит Аллоҳ номи ила бирор ишга қасам ичса, албатта Аллоҳ таоло ўша ишни амалга оширади ”(Имом Табароний ривояти. Ибн Муборакҳам “Зуҳд” китобида келтирган).
Ҳақиқий мўмин-мусулмон фақат ўта зарур ҳоллардагина Аллоҳнинг номи билан қасам ичади. Ёш мўмин ҳам бу борада катталардаги каби масъулиятни ўзида ҳис қилиб яшаши лозим. Бу унга зиёда фазилат ва шараф ҳисобланади. Ана шу масъулиятни ўзида ҳис қилган чоғда Аллоҳ таолонинг Ўзи унга сўзининг устидан чиқишида ёрдам беради.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳга бандаларнинг энг суюклиси ёш ва ҳушсурат бўлиб, чиройи ва ёшлигини Аллоҳнинг ибодатига сарфлаган йигитдир. У билан Раҳмон Ўз фаришталарига: “Мана бу (йигит) Менинг ҳақиқий бандамдир”, деб мақтанади”(Ибн Шаҳин “Ат-тарғиб фи фазоилил аъмол”да ривоят қилган).
Эътибор қаратайлик! Аллоҳ таоло ёшликда ўзини гуноҳдан сақлаб, имкон қадар ибодатга, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга куч-қувватини сарфлайдиган ёш йигитни “Мана бу (йигит) Менинг ҳақиқий бандамдир”, дея фаришталарга мақтанмоқда. Ҳар бир ёш мусулмон ўзидаги навқиронлик ва ёшликдаги гўзаллигини энг гўзал Зотнинг розилигига эришиш учун сарфлаши қандай ҳам гўзал!
Иккинчи қисм: ёшлар қилиши ёки қилмаслиги лозим бўлган ишлар ҳақидаги ҳадислар.
Ёшларга ўз ўрнида айтилган мақтов қай даражада муҳим бўлса, вақтида айтилган огоҳлантириш ва насиҳат ҳам шу қадар зарур. Пайғамбар алайҳиссалом буни ўз суннатлари билан кўрсатиб берганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин. Чунки, уйланиш кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким уйланишга қодир бўлмаса, рўза тутсин, чунки, рўза у учун тийилишдир”(Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эй Қурайш ёшлари! Зино қилманглар! Зеро, Аллоҳ кимни ёшлигини (зинодан) сақласа, у жаннатга киради”(Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).
Бу тавсияларга амал қилиш бизнинг ушбу кунларимизда ҳам ниҳоятда муҳимдир. Шубҳасиз, ўз вақтида оила қуриш ва бунга имкон бўлмаганда нафл рўза воситасида ор-номус ва иффатни сақлаш бугун аксар ёшлар амал қилиши зарур бўлган энг фойдали маслаҳатдир.
Албатта ёшлик бутунлай ҳаёт неъматларидан узилиш дегани эмас. Ҳар бир нарсада меъёр бўлиши кераклиги каби ибодат ва нафл амаллар ўртаҳол бўлиш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, ёшлар қизиққон бўлганликлари сабабли уларни ибодатда ҳам меъёрни сақлашга ундаб қўйиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўз аксини топган.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Қуръонни жамладим ва уни бир кечада ўқиб чиқдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен сенга вақт чўзилиб кетиб, малолланиб қолишингдан қўрқаман. Уни бир ойда ўқигин”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн беринг, вақтим ва ёшлигимдан фойдаланиб қолай”, деб айтдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, уни йигирма кунда ўқигин”, дедилар. Мен яна: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн беринг, вақтим ва ёшлигимдан фойдаланиб қолай”, деб айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, уни ўн кунда ўқигин”, дедилар. Мен яна: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн беринг вақтим ва ёшлигимдан фойдаланиб қолай”, деб айтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, уни етти кунда ўқигин”, дедилар. Мен яна: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн беринг вақтим ва ёшлигимдан фойдаланиб қолай”, деб айтдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рухсат бермадилар” (Абдураззоқ “Мусаннаф”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”ида ривоят қилган).
Учинчи қисм: Ёшлар учун фойдали тавсияларни ўз ичига олган ҳадислар.
Барча ёшлар ёш бўлганлари сабабли ўз ҳаётларида муваффақиятга эришишнинг, саодатли умргузаронлик қилишнинг энг асосий шартларини доимо ёдда тутишлари зарур. Бу ҳақда Набий алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида бир қатор кўрсатмалар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло саботли йигитни яхши кўради” (Абу Шайх ривояти).
Мустаҳкам ирода ва қийинчиликларга сабот билан бардош бериш ҳаётнинг олтин қоидасидир. Устига-устак сабр ва саботли банданинг ёрдамчиси оламларнинг Робби Аллоҳ таолонинг Ўзи бўлиши бу хислатнинг нақадар буюк ишлигини кўрсатади.
Инсон дунё ҳаётини қандай ўтказгани ҳақида Қиёматда албатта сўралади. Одам боласи бу борада энг аввало қуйидаги ҳадисда келган жиҳатларга пухта назар солиши зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Қиёмат куни Одам боласининг қадами Роббисининг ҳузуридан то бешта нарсадан сўралмагунича силжимайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан топгани ва уни қаерга сарфлагани ҳамда билган нарсасига қанчалик амал қилгани ҳақида”, дедилар (Термизий ривояти).
Мана сиз билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ёшлар ҳақидаги баъзи ҳадислари билан танишиб чиқдик. Энди бугунги кунимизга ҳам бир назар солиб кўрайлик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хозирги баъзи ёшларнинг рақсга тушиши, майнавозчилик қилиши ёхуд рок, поп каби мусиқаларни тинглашларини ёқлаган бўлармидилар? Ўз танасини кўз-кўз қиладиган, беҳаё, андишасиз қизларнинг қилиб юрган ишларини-чи?
Динимизда очиқ-сочиқ ва тор кийимларни кийиб олиб ўзларини кўрсатадиган ва эркакларнинг шаҳватларни қўзғайдиган “гўзаллик маликалари” қораланган. Чунки, ислом бутун инсониятни доимо ҳалол ва пок яшашга ундайди. Айниқса, динимизда ҳар бир аёл-қизнинг гўзал хулқ-атворли, иффат ва ҳаё соҳибаси бўлишига, ўзининг аёллик шаъни ва номусини асрашига алоҳида эътибор қаратилади. Дин душманлари эса умматни айшу-ишрат, худбинлик ва енгил-елпи ҳаёт кечиришга чақиради.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ тавбаларингизни қабул қилишни истайди, ҳой-у ҳавасга берилган кимсалар эса (ҳақ йўлдан) бутунлай оғиб кетишингизни истайдилар. Аллоҳ сизлардан (юкингизни) енгиллатишни истайди. (Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир”. (Нисо сураси 27-28 оятлар).
Дарҳақиқат, ҳар бир ёш йигитнинг ҳаққа буюриб, ёмонликдан қайтарадиган ҳамроҳи бўлиши лозим. Шунда у улуғликка эришади. Улуғлик Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларига амал қилиш ортидан келадиган мукофотдир. Бу йўлда солиҳ дўст орттиришнинг ўрни беқиёс.
Катталар ўз насиҳатларидан ёшларни маҳрум қилиб қўймасликлари лозим. Уларнинг ёшлар тарбиясида аҳамияти бениҳоя катта.
Ўз навбатида ёшлар ҳам уларнинг насиҳатларини ихлос билан тинглаб, ўзларига керакли хулосалар чиқаришлари мақсадга мувофиқдир. Ёши улуғларга эҳтиром кўрсатиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқдир. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Дин насиҳатдир”.
Сўзимиз сўнгида ҳар бир ёш ўз ҳаёти ва илм йўлида муваффаққиятга эришиши учун унда албатта топилиши зарур бўлган беш нарсани эслатиб ўтмоқчимиз:
- Интизом;
- Насфни жиловлаш;
- Маълумотларни марказлаштириш;
- Сабр-матонат;
- Қатъий қарор.
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу мақолада зикр этилган солиҳ амалларга муваффақ этсин!
Муҳаммад Хойр Шаъолнинг “Ёшлар масалалари”
номли туркум маърузалари асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ ва 3-курс талабалари томонидан таёрланди.