Қуръони каримни тиловат қилиш фазилати
Луғат илми мутахасислари “Қуръон” лафзининг “ўқимоқ”, “қироат қилмоқ”дан бошқа, “жамлаш” маъноси ҳам борлигини таъкидлайдилар. Бунда Аллоҳ таолонинг охирги каломи ўзидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларнинг маъно, ҳикмат ва аҳкомларини ўзида жамлаганига ишорат бордир.
Мана ўн беш асрдан буён кўпчилик “Қуръон” лафзининг луғавий маъносини билмаса ҳам, унинг мусулмонларнинг муқаддас китоби эканлигини билиб келмоқда.
Лекин Қуръони Каримни таниш унинг исмининг луғавий маъносини ёки кимларнинг муқаддас китоби эканини билиш билангина бўлмайди. Фақатгина ул муқаддас китобни қандай китоб эканлигини билиш учун ҳам, махсус илм эгалари таърифига мурожаат қилишга тўғри келади. “Улумул Қуръон” илми соҳиблари Қуръони Каримни қуйидагича таърифлай дилар:
“Қуръон-Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, мутавотир ила нақл қилинган, ибодатда ўқиладиган, ожиз қолдирувчи каломидир”.
Ушбу таърифни яхши тушуниб етишимиз учун бир оз шарҳлашга тўғри келади.
Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилган, деган жумладан Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилмаган, Забур, Таврот ва Инжилга ўхшаш ваҳийлари Қуръони карим бўлмаслиги келиб чиқади. Ҳақиқий Забур, Таврот ва Инжил ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, аммо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлмаганлари учун Қуръони карим бўла олмайдилар.
“Мутавотир ила нақл қилинган”, деган иборадан, мутавотир ила нақл қилинмаган калом Қуръони карим бўла олмаслиги келиб чиқади. Мутавотир ила нақл қилинган, дегани эса, каломни ёлғончига чиқариб бўлмайдиган даражада кўп сондаги кишилар томонидан нақл қилинишига айтилади. Уларнинг ҳаммалари ишончли одамлар бўлиб, бирор оғиз ёлғонга яқинлашмаган, кўпликлари жиҳатидан ёлғонга келишиб олиш имконлари ҳам йўқ бўлади.
Қуръони Каримнинг биринчи калимасидан бошлаб, охирги калимасигача айнан худди шу тарзда нақл қилингандир. Қуръони каримни Аллоҳ таолодан ваҳийнинг ишончли соҳиби бўлмиш, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нақл қилганлар. Ушбу нақл қандоқ кечишини, яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Карим оятлари Жаброил алайҳиссалом томонларидан қандай етказилишини кўпчилик саҳобалар ўз кўзлари ила кўриб, қулоқлари ила эшитиб турганлар.
Бунинг устига ҳар сафар ваҳий нозил бўлгандан сўнг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга мирзаларни чақиринглар” деганлар ва ваҳийни ёзувчи саҳобалар келганларидан сўнг, Жаброил алайҳиссаломдан ояти карималарни қандай қабул қилиб олган бўлсалар шундай қилиб ўқиб берганлар. Мирзалик қилувчи саҳобалар оятларнинг ҳар бир ҳарфини улкан эҳтимом ила ёзганлар, бошқа саҳобалар эса, ана шундай эҳтимом ила ёд олганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони каримнинг ҳар бир оятини, ҳар бир калимаси ва ҳарфини мисли кўрилмаган эътибор ила қабул қилиб олиниши, ёдланиши ва ёзилиши ҳамда амал қилинишига васфига сўз ожиз қоладиган даражада катта аҳамият берганлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссаломнинг қироатига диққат билан қулоқ солишни амр этган. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссаломдан Қуръони карим оятларини қабул қилиб олган саҳобаи киромлар ўз шогирдларига юқорида зикр қилинган муомалани қилганлар. Шу тарзда ҳозиргача, Қуръони карим сон-саноқсиз инсонлар томонидан ишончли тарзда нақл қилиниб қелинмоқда. Бу нақлда асосий эътибор ёд олишга қаратилгандир. Барча қорилар ўз шогирдларига ҳар бир ҳарф ва ҳар бир калима, ҳамда ҳар бир оят ва ҳар бир сурани ўз устозидан қандай қабул қилиб олган бўлса, худди шундай қилиб етказиб келдилар. Бу жараён ҳозир кунда ҳам мувафаққият билан давом этмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир Қуръон ўқувчи мусулмонинг қироат бўйича силсиласи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. Ана шу силсилага суянилмаса, яъни, авлоддан авлодга ўтиб келган расмий қироат изни бўлмаса, Қуръон ўқувчи “Қори” ҳисобланмайди. Дунёда ҳеч бир китоб бунчалик эътиборга сазовор бўлган эмас.
Ибодатда ўқиладиган, деган қайддан, намозда ўқиладиган калом, деган маъно келиб чиқади. Қуръони карим тиловатисиз намоз бўлмайди. Аллоҳ таолонинг бошқа ваҳийлари, мисол учун, ҳадиси қудсийларни намозда ўқиб бўлмайди. Намозда ўқишга фақатгина Қуръони карим хос қилинган. Бу ҳам ушбу илоҳий китобнинг ўзини алоҳида ажратиб турувчи сифатларидан биридир.
Ожиз қолдирувчи калом, деган сифат ҳам фақатгина Қуръони каримнинг ўзига хос сифатлардан биридир. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти, ҳар бир сураси, ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жихатидан ва ҳам аҳкому ахбор жиҳатидан кишиларни ожиз қолдирувчидир. Яъни, инсонлар ҳар қанча уринсалар ҳам унга ўхшаш нарсани ижод қила олмайдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ўзида одамларни агар қодир бўлсалар Қуръони каримга ўхшаш нарса келтиришга чақирган. Одамлар ҳар қанча уринмасинлар бу ишнинг уддасидан чиқа олмаганлар ва чиқа олмаяптилар ҳам. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Ўзининг энг афзал ва энг сўнгги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг асосий мўъжизаси қилди. Аввал ўтган пайғамбарларнинг мўъжизалари моддий мўъжизалар бўлиб, ҳар бир пайғамбарнинг бу дунёда туришига боғлиқ қилинган эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёдан ўтишлари билан, у зотга берилган мўъжиза ҳам ўз кучини йўқотар эди. Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг шариатлари вақтинчалик эди. Шунинг учун уларнинг мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача боқий бўлганидан, ул зотнинг асосий мўъжизалари ҳам, қиёматгача боқий қоладиган, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳаётларига боғлиқ бўлмаган, маънавий мўъжиза-Қуръони карим қилинди. Юқорида зикр этилиб, шарҳ қилинган таърифдаги Қуръони карим мусулмонлар ўн беш асрдан буён эътиқод қилиб, эъзозлаб, ёд олиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб, китоб шаклида ёзиб, ибодатларида тиловат қилиб ва ниҳоят амал қилиб келаётган илоҳий китобдир. Дунёдаги яккаю-ягона, бирор ҳарфи ҳам ўзгармай, Аллоҳ таолодан қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақланиб келаётган китоб ҳам, худди шу Қуръони каримдир.
Қуръони каримнинг бу шаклда муҳофазада бўлиб келаётгани аввало Аллоҳ таолонинг инояти иладир. Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримнинг “Ҳижр” сурасида:
“Албатта, Зикрни Биз нозил қилганмиз ва албатта уни Биз муҳофаза қиламиз”, деб марҳамат қилган. Ана ўша ваъдага биноан Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлмиш Қуръони каримни у нозил бўлган биринчи лаҳзадан ҳозиргача заррача ўзгаришсиз муҳофаза қилиб келмоқда ва қиёматгача муҳофаза қилгай. Чунки, ул зот Ўз ваъдасига ҳеч хилоф қилмас. Биз ожиз бандалар эса, Аллоҳ таолонинг мазкур ваъдасининг ҳозиргача юзага чиқишига Ислом уммати сабаб бўлиб келаётганини мулоҳаза қилаоламиз холос. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг Қуръони каримни муҳофаза қилиш ҳақидаги ваъдасини юзага чиқиши учун мусулмон умматини хизматкор қилиб қўйганини кўрамиз. Бундоқ мисли кўрилмаган буюк масъулиятни адо этишда Ислом умматига Қодир Аллоҳ таолонинг Ўзи доимий ёрдамда бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ биринчи авлод мусулмонлари, саҳобаи киромлар, Қуръони каримни Аллоҳ таоло ирода қилганидек қабул қилиб олдилар, ёдладилар, ўқиб-ўргандилар ва ҳаётга тўлиқ татбиқ қилдилар ва ўзларидан кейинги авлодга бу улкан омонатни шараф билан топширдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори Қуръони каримга тегишли масъулият ҳам, асосан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига тушар эди. Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг суюкли пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони карим ҳофизлари бўлмиш саҳобаларнинг кўплаб шаҳид бўлишлари Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши, агар қорилар шу шаклда қирилиб кетаверсалар Қуръони Каримга зарар етади, деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу ишни Қуръони каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қиламан, деб туриб олдилар. Ушбу масала бўйича қолган саҳобаи киромлар ҳам иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясидан ҳамма бир фикрга келиб, Қуръони карим муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак, деган фикрга келдилар. Биргаликда бу улкан ишни қандоқ амалга ошириш режаси, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам, тарқоқ ҳолда турган Қуръони карим ёзувларини тўплаб, оят ва сураларни тартибга солиб ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ичига олган саҳифаларни тўплаб, белини боғлаб, мусҳаф, деб номлаб, халифанинг қароргоҳига қўйиб қўйдилар. Шу билан Қуръони карим муҳофазаси учун ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ўша иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.






