SIGN IN YOUR ACCOUNT TO HAVE ACCESS TO DIFFERENT FEATURES

FORGOT YOUR PASSWORD?

FORGOT YOUR DETAILS?

AAH, WAIT, I REMEMBER NOW!
KUKALDOSH.UZ
  • LOGIN

KUKALDOSH.UZ

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
    • Madrasa tarixi
    • Rahbariyat
    • Yotoqxona
    • Axborot-resurs markazi
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
    • Qurʼon ilmlari
    • Aqida
    • Fiqh
    • Tafsir
    • Hadis
    • Arab tili
    • Yurtimiz allomalari
    • Islom tarixi
    • Raddiyalar
    • Axloq va tarbiya
    • Bagʼrikenglik va jamiyat
    • Elektron kitoblar
  • Taʼlim
    • 4 yillik öquv dasturi
    • Ilm talab qilish odoblari
  • Kurslar
    • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
    • Tayyorlov kursi
  • Qabul
    • Qabul tartibi
    • Kiriş imtihonlari 2027-2028
    • Ötiş ballari
    • Topşirganlar soni
    • Imtihon duolari
  • Boğlaniş
АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ
07.02.2018 / Bo‘limda Yurtimiz allomalari

Ал-Ҳаким ат-Термизий

АЛ-ҲАКИМ АТ-ТЕРМИЗИЙ
(820-932)

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн-Али ибн ал-Ҳасан ибн Башир ал-Ҳаким ат-Термизий бўлиб, унинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар ўрта аср араб муаллифларидан Тожуддин ас-Субкий, ал-Хатиб ал-Бағдодий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний, ас-Сулламий ва бошқаларнинг асарларида шунингдек, унинг ўзининг қаламига мансуб «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» («Абу Абдуллоҳ ишининг бошланиши») номли автобиографик рисоласида келтирилган.

Унинг мазкур шаклдаги тўлиқ исми аллома томонидан ёзилган «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор ар-расул» («Расулуллоҳ хабарлари ҳақидаги нодир усуллар»), «Илм ул-авлиё» («Валийлар (ёки авлиёлар) илми»), «Хатм ул-авлиё» («Авлиёлар муҳри») ва «Назоир ул-Қуръон» («Қуръон ибратлари») каби асарларнинг номлари ёинки муқаддима қисмларида ҳам айнан шу тарзда келтирилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуд топган сана хусусида ҳам ёзилган манбалар ва адабиётларда турли йиллар келтирилган. Одатда ўрта асрларга оид ёзма манбаъларда аксар ҳолларда муаллифнинг фақат вафот этган йили кўрсатилиб, таваллуд этган санаси келтирилмайди. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаёти ва унинг таълимотини чуқур ўрганган мисрлик таниқли олим Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Барака ал-Ҳаким ат-Термизийни ҳижрий 205 (мелодий 820) йилда Термиз шаҳрида таваллуд топиб, узоқ умр кўриб ҳижрий 320 (мелодий 932) йилда 112 ёшида вафот этганлиги ҳақида ёзади. Мана шуларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, бу йўналишда келажакда олиб бориладиган чуқур илмий тадқиқотлар аллома ал-Ҳаким ат-Термизий таваллуди ва вафоти саналарини аниқлаш имконини беради, деб ўйлаймиз. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида Амударё бўйида жойлашган. Термиз шаҳри ҳақидаги қимматли маълумотларни араб географлари ал-Муқаддасий (Аҳсан ут-тақосим фи маърифат ал-ақолийм), ал-Истахрий (ал-Масолик ва-л-мамолик), ал-Балазурий (Футуҳ ул-булдон) ва бошқа қатор муаллифларнинг асарларида учратамиз. Мазкур манбаъларда таъкидланишича, ал-Ҳаким ат-Термизий туғилган Термиз шаҳри ҳам IХ асрда Мовароуннаҳрнинг энг йирик ва обод шаҳарларидан бири сифатида машҳур бўлиб, шаҳарда диний ва дунёвий илмлар ва маданият юксак даражада тараққий қилган. Илм-фаннинг турли соҳалари жумладан исломий илмлар бўйича Термиз шаҳридан етишиб чиққан кўплаб алломалар ат-Термизий нисбаси билан бутун дунёда машҳур бўлганлар. Жаҳоний эҳтиромга сазовор бўлган термизлик буюк сиймолардан бири ал-Ҳаким ат-Термизийдир. Афсуски ал-Ҳаким ат-Термизийнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар учратмадик. Унинг ота-онаси ҳақидаги баъзи хабарлардан маълум бўлишича, унинг отаси Али ибн ал-Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Араб тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодий ўзининг машҳур «Тарих Бағдод» («Бағдод тарихи») номли асарида ёзишича, у мусулмон оламининг энг йирик марказларидан саналган Бағдод шаҳрида бўлиб, ўша даврнинг машҳур олиму-уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. Ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг автобиографик рисоласи «Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ» ва «Ар-Радд аъло-л-муаттила» каби асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлган. Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг илмий камолотида унинг отаси Али ибн ал-Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта аҳамиятга моликдир. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган. Бу хусусда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз китобларидан бирида шундай ҳикоя қилади:

-Оллоҳ таоло мени устозим-волидимдан жудо қилганда мен саккиз ёшда эдим. Унинг саъи ҳаракатлари боис мен илм олишга шундай берилиб кетгандимки, китоб мутолаа қилиш мен учун асосий машғулот бўлиб қолган эди. Ваҳоланки менинг тенгқурларим ўйин-кулги ва вақти хушлик билан банд бўлардилар. Волидимнинг ижтиҳодлари туфайлик мен шу ёшимда «Илм ал-осор» (ҳадис илми) ва «Илм ар-рай» (ҳанафий мазҳаби фиқҳи) билимларини тўлиқ эгаллаб олган эдим…

Отаси вафотидан кейин ал-Ҳаким ат-Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан исломий фанлардан, асосан тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг Термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизийдан ҳадис илмини ўрганганлиги ҳақида манбаъларда аниқ маълумотлар келтирилган. Шундан сўнгра аллома Фаридуддин ал-Атторнинг ёзишича, ёши йигирма еттига етганда ал-Ҳаким ат-Термизий икки ўртоғи билан ўша пайтда бутун Шарқда илму маърифатнинг энг йирик марказларидан бири саналган Бағдодга бориб илм олишни ният қилганда бирдан онаси бетоб бўлиб қолади ва унга: Эй ўғлим, мен бир муштипар, заифа аёл бўлсам, менга сендан бўлак бошпаноҳ бўлиб ёрдам берадиган бирор кимса бўлмаса, менинг бутун борлиғим фақат сен билан боғлиқ бўлса. Сен мени кимга ташлаб кетмоқчисан? -деб унга илтижо қилади. Волидасининг бу сўзлари ал-Ҳаким ат-Термизийга қаттиқ таъсир қилиб, у илм талабидаги ушбу сафаридан воз кечади. Унинг икки ўртоғи эса ўз сафарларига отланиб йўлга тушадилар. Сўнгра, ушбу воқеадан кейин талай вақт ўтгач, ал-Ҳаким ат-Термизий Бағдодга боролмаганлиги учун ғоятда афсусланиб, мақбаралардан бирининг ёнида йиғлаб хафа бўлиб турганида, унинг ёнида юзидан нур ёғилиб турган бир шайх пайдо бўлиб, ундан йиғлашининг сабабини сўрайди. Ал-Ҳаким унга юз берган воқеани бирма-бир айтиб беради. Шунда шайх: Истасанг, мен сенга ҳар куни турли илмлардан сабоқ бериб, сени ўқитаман, дейди. Ал-Ҳаким унинг бу сўзига дарҳол рози бўлади. Бу ҳол бир неча йил давом этади. Сўнгра у билса бу киши Хизр алайҳиссалом эканлар. Унинг бу саодатли марҳаматга эришиши волидаи мушфиқасининг дуоси барокотидан бўлган эди. Айни шу воқеа бошқа манбаъларда бироз бошқачароқ тарзда ҳикоя қилинади.

Бу ҳикоя ҳақиқатми ёки афсонавий ривоятми, қандай бўлмасин унинг оиласи ҳақида муайян даражада тасаввур беради. Чунончи ушбу ҳикоядан маълум бўлишича, у ота-онасининг яккаю-ягона фарзанди бўлган, онасининг илтижосига қараганда уларнинг оиласида ал-Ҳакимдан бошқа унга бошпаноҳ бўлиб, қарайдиган кимса бўлмаган. У ўз онасига меҳрибон, уни боқувчисиз ташлаб кетишга журъат қилмаган-оилапарвар, қанчалик илм олишга иштиёқи кучли бўлгани билан ўз волидасининг сўзига қулоқ солиб, унинг дуосини олганлиги боис охир-оқибатда у илм олишда ҳам ўз матлабига эришади. Шунингдек манбаъларда унинг оилавий аҳволи ҳақида, унинг рафиқасини солиҳа, тақводор, покиза аёл бўлганлиги ҳақида, уларнинг олтита фарзанди бўлганлиги ва шунингдек ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз фарзандлари билан муносабатлари ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.

Юқорида баён қилганлардан аён бўлаётирки, аллома ал-Ҳаким ат-Термизий ўзининг узоқ умри давомида бир қанча босқични босиб ўтган. Бинобарин, ёзма манбаларга, биринчи навбатда унинг автобиографик тусдаги «Бадъ шаан Аби Абдуллоҳ» номли асарига таянган ҳолда унинг ҳаётини қўйидаги босқичларга бўлиш мумкин.

Биринчи босқич – ал-Ҳакимнинг саккиз ёшгача бўлган болалик даври. Афсуски биз унинг мана шу даврдаги ҳаёти ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлмасакда лекин тахмин қилиш мумкинки, унинг болалик йиллари кўпчиллик тенгқурларники каби одатдагидай ҳар хил ўйинлару кўнгилочар машғулотларга тўлиқ бўлмаган, чунончи тасаввур қилиш мумкинки, агар шу алфозда бўлганда унинг яқин келажакда илму ирфон билан жиддий шуғулланиши учун (бу ўйинқароликлар) имкон бермаган бўларди. У бир лаҳзада улардан воз кечиб ўз устозларининг жиддий сабоқларига маънавий тайёр бўлмаган бўларди. Шу боис комил ишонч билан айтиш мумкинки, у ўзининг ёшликдан мана шу зайлдаги ва илму маърифатни чигал сўқмоқларини енгиб ўтадиган мураккаб имтиҳонларга ўзини маънавий ва руҳий жиҳатидан ҳар томонлама тайёрлай бошлаган эди.

Иккинчи босқич – ал-Ҳаким ат-Термизийнинг саккиз ёшидан то йигирма етти ёшгача бўлган умрини қамраб, бу даврда унинг бир устози бўлиб у бор имконию-маҳоратини ишга солиб ал-Ҳакимни турли илмлардан чуқур билим олишга ундади, шунга астойдил раҳнамолик қилиб унга ўз иноятини кўрсатди. Гарчанд ушбу шайх (устоз) ҳақида аниқ маълумотлар бўлмаса-да, у ўз шогирдини ёшлигидан бошлаб бутун куч қувватию имкониятини фақат илм йўлига, хусусан илм ал-асор (ҳадис) ва илм ар-рай (ҳанафий мазҳаби фиқҳи) каби илмларни чуқур эгаллашга қаратдики бу вазифа осонд вазифалардан эмасди. Бу илмлар билан шуғулланишни ал-Ҳаким ат-Термизий ҳатто Маккага-Байтуллоҳ ал-Ҳарамга ҳаж ибодатини адо этиш учун бораётганида Ироқда тўхтаб ўтганида ҳам давом этдирди. Бу пайтда унинг ёши йигирма еттига яқинлашиб қолган эди. Айтиш керакки, айнан шу сафарлар давомида турли олимлардан олган билимлари унинг илмий ҳаётида сезиларли из қолдирган эди. Манбаъларда кўрсатилишича, ўз ҳаётининг мана шу босқичида ал-Ҳаким ат-Термизий ҳадис ва фиқҳ илмларига алоҳида эътибор берган.

Ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётининг учинчи босқичи Қуръони каримни ёд олиш ва уни чуқур ўрганиш билан бевосита боғланган. Бу ҳол у Маккаи мукаррамага борганида, бу пайтда унинг ёши ҳам йигирма еттига яқинлашиб қолган эди. У Оллоҳнинг каломини ёд олишга алоҳида иштиёқ билан киришади, кечани кундузга улаб уни ёд олади, бу машғулотдан унинг қалби ҳаловату алоҳида завқи шавққа тўлади. У энди раббоний руҳдаги асарларга ғоятда берилиб улардаги ибратли мавъизалар, охират ишларига доир маълумотлар, тариқатга бошловчи пири муршидларнинг ҳикоятларини алоҳида қизиқиш билан ўрганди. Шу омиллар таъсирида у ақлий йўналишдан (иттижоҳ) батамом руҳий йўналишга таважжуҳ қилди. Мана шу фикр-мулоҳазаларни жаъмлаб, бу босқични ал-Ҳаким ат-Термизий ҳаётида бурилиш даври (фитрат ат-таҳаввул) деб атасак айни ҳақиқат бўлур эди. Бинобарин шу даврда у рўза тутиш, намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш каби ибодатларга батамом берилиб кетди. Лекин шу билан бирга бу даврда у муайян бир усул ёинки бирон-бир хос тариқатга эга эмасди. Унинг ўз таъбири билан айтганда токи унинг қўлига ал-Антокийнинг китоби тушгунга қадар шу йўсунда ҳаёт кечирган, кейин эса ал-Антокийнинг фикрларидан таъсирланиб ўз нафсини риёзат (риёзат ан-нафс) чекишига йўл қўйган. Мана шу пайтдан эътиборан унинг ҳаётида узоқ ва машаққатли бошқа бир давр бошланадики, бунда у ўзини ҳеч бир аямасдан риёзат чекишга, хилма-хил имтиҳону синовларга мубтало қилди. У узлат ва хилват, одамлардан ўзини четга олиб узоқ тутишни ихтиёр қилди.

Мана шу жараёнлар оқибатида у ўз тариқатини яратдики, натижада кечалари унинг атрофида кўплаб издошлари ва маслакдошлари тўпланишиб баҳсу мунозаралар уюштирардилар, дуо ва тазарруълар билан ўз шуурларини изҳор қилардилар. Афтидан мана шу баҳcу мунозаралар пайтида ўзининг чуқур мазмунга эга бўлган сўфийлик тажрибалари ҳақидаги ошкора баёнотлари туфайли диний масалаларининг баъзи жиҳатлари хусусан илм ар-раъй ёинки илм ал-осор, ҳатто тасаввуф илмларига доир фикрлари билан ўз замонидаги қатор олимларнинг қаҳру-ғазабини қўзғаб уларнинг шиддатли ҳужумларига дучор бўлди. Натижада ал-Ҳаким ат-Термизий устида гап сўзлар кўпайиб, унинг ҳавойи гапларга берилишлик ва бидъатда айблай бошладилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийга улар томонидан қўйилган туҳматларни умумлаштириб қўйидагиларни айтиш мумкин:

  1. Ҳадис ривоятчилари томонидан билдирилган туҳматлар. Айни вақтда, айтиш керакки, у ҳадисшунос олим ҳам эмас, уни ривоятчилари тоифасига ҳам кирмайди. У ўзининг яроқсиз китобларини мавзу (сохта) ҳадислар билан тўлдириб, уларда ривоят ҳам қилинмайдиган, эшитилмайдиган ҳам хабарларни қалаштириб ташлаган.
  2. Фақиҳлар томонидан билдирилган туҳматларда гўёки у илм аш-шарийъа (шариат илми) га кўпчилик жамоат қабул қилмайдиган заиф ва бўлмағур фикрларни киритган.
  3. Мутасаввифлар томонидан билдирилган туҳматларда ҳам у ҳақиқатга хилоф ишларда айбланиб, бу ҳаракатлари билан у фақиҳларнинг қоидасидан чиққан ва ҳар қандай дашном ва таъналарга сазовор киши сифатида тасвирланган.

Хулласи калом уларнинг ҳаракатлари шу даражага бориб етдики, улар (айбловчилар) Балх ҳокимига хабар юбориб, ал-Ҳаким ат-Термизийга нисбатан иғвою туҳматларини давом этдириб, уни Оллоҳга муҳаббат ҳақида гапиради, одамлар ўртасида фисқи-фасод тарқатади, уларни бидъатга етаклайди, нубувватликни даъво қилади деб айбладилар. Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзи ҳам «Бадъу шаани Абу Абдуллоҳ» номли автобиографик асарида уларнинг бу туҳматлари ҳақида зикр қилган. Натижада Балх ҳокими Оллоҳга муҳаббат ҳақида гапирмаслик ҳақида унинг ваъдасини олиб одамларни тинчлантириб, улар ҳис-ҳаяжонига бир қадар таскин берган бўлди. Бу зайлдаги ноҳақ туҳматлардан нафақат ал-Ҳаким ат-Термизий балки ўша даврдаги қатор мутасаввифлар ҳам четда қолмаганлиги ҳақида манъбаларда аниқ маълумотлар келтирилган.

Айни вақтда айтиш жоизки, бу тарздаги ишлар (ноҳақ туҳматлар) ҳокимлар ва қозилар томонидан қонун нуқтаи назаридан шу заилда осонгина ҳал этилган билан, лекин бу ишлар кенг жамоатчилик ва бақир-чақирга ўрганган омма ўртасида ҳам, шунингдек олиму-уламоларнинг ўзларининг ўртасида ҳам бунчалик тезда ўтиб кетмайди, чунки улар маълум вақтгача асл ҳақиқатни бекитиб қуруқ сафсатаю қандайдир ғаразли мақсадлар йўлида тарқатилган ноҳақ туҳматлар ва асоссиз бўҳтонларнинг дастидан мутаассир ҳолга тушадилар. Бинобарин бу ноҳақликлар дастидан ал-Ҳаким ат-Термизий ҳам талай муддат оммадан қўрққанидан бошини кўтариб юришга журъат қилолмади.

Лекин аҳвол шу тариқа узоқ давом этмади. Унга ноҳақ туҳматларни ағдариб азият етказганлар омма орасида бу хилдаги туҳматларни кечаю-кундуз тинимсиз тарқатганларнинг фитнаси ал-Ҳаким ат-Термизийнинг покиза фазлу-фазилатларининг ёғдусидан пардалар кўтарилиб ҳақиқатни асл юзи очилди, унинг атрофида одамлар тўпланишиб-улар орасида шаҳар машойихлари ҳам талайгина эдилар-унинг эшигига бош уриб келишиб, улар билан дўстона муносабатда бўлишлигини сўрай бошладилар. Лекин ал-Ҳаким ат-Термизий оламоннинг шуури-эҳтироси унга нисбатан ҳали кучли деб ўйлаб, бошида улар илтимосига ижобий жавоб беришдан ўзини тийди, лекин улар ўз илтимосларида қаттиқ туриб олгач, охири розилик билдирди. Мана шу пайтдан эътиборан ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ҳаётида бешинчи босқич бошланади-бунда у хилват ва узлатдан чиқиб, одамларга томон юзланади. Натижада унинг фазлу-фазилати тўла намоён бўлиб, унинг номи тилларда зикр қилина бошлайди, унинг атрофида тўпланадиган халқнинг сони кундан-кунга ошабориб, улар унинг ҳовлисига сиғмай кетди, йўлаклару-масжид ҳам одамларга тўлиб кетди. Ана шундан кейингина одамлар унинг ҳақидаги тарқатилган миш-мишлар ноҳақ туҳматлар ва ёлғон-ёшиқ бўҳтонлардан бошқа нарса эмаслигини тушуниб етдилар ва унга нисбатан ўз ҳурмату эҳтиромларини намоён қилдилар.

Бу фикримизга қўшимча яна айтиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг нафақат шогирдлари ва издошлари ҳақида маълумотлар кам, балки алломанинг ўзининг ҳаёти ва илмий ижодий фаолияти ҳақида ҳам тарихий асарлар ва био-библиографик қомусларда афсусланарли даражада ғоятда оз маълумотлар келтирилган. Шу боисдан бўлса керак ХV асрда яшаб ўтган машҳур араб тарихчиси, юзлаб қимматли асарларнинг муаллифи Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳам чуқур ўкинч билан «Бу аллома (ал-Ҳаким ат-Термизий)нинг тўлиқ таржимаи ҳолидан воқиф бўлиш менга насиб этмади-да, Оллоҳ ўзи мададкор» деб ёзган экан. Бинобарин, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўз ҳаёт йўллари ҳақида ўзи ёзиб қолдирган маълумотлари фавқулодда аҳамият касб этади. Ҳар ҳолда алломанинг асарларида унчалик мукаммал, тўлиқ бўлмасада унинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросининг тадрижий камолоти ҳақида етарли тасаввурга эга бўламиз. Ўзининг ҳаётий босқичлари ҳақида масалан, саналари аниқ кўрсатилган ҳолда маълумот бермаган, илм йўлида хориж юртларга қилган сафарлари, ўзи яратган асарлар, ўзи асос солган мазҳаб ёки мактаб ҳақида ҳам аниқ кўрсатилмаган. Лекин бошқа баъзи манбаълардан унинг Нишопурга риҳлат қилганлиги ва унда ҳадисдан сабоқ берганлиги, Нишопур олимларидан Яҳъя ибн Мансур ал-Қозий ундан ҳадислар ривоят қилганлиги; Термиздан чиқариб юборилганлиги ва Балхда бир неча йил яшаганлиги ҳақида ҳам хабарлар бор. Манбаъларга таяниб яна айтиш мумкинки, ал-Ҳаким ат-Термизий фаолиятининг кейинги икки босқичи илмий-ижодий нуқтаи назардан ғоятда самарали ва баракали бўлган. Чунончи айнан шу даврда унинг фаолиятида кенг омма билан мулоқот, унинг атрофида кўп сонли шогирдлари ва издошларини тўпланиши ва энг муҳими узоқ йиллар давомида шаклланган қарашлари, фикр-мулоҳазалари ва ҳаётий тажрибаларини, агар таъбир жоиз бўлса, қаймоғини тўплаб ўзининг ўлмас асарларини яратдики, бу асарлар буюк бир маънавий мерос сифатида ислом маданияти, айниқса тасаввуф илми тараққиётида салмоқли ўрин эгаллади.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар, унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтирганлар. Баъзиларнинг фикрларига кўра унинг асарларининг сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар ал-Ҳаким ат-Термизий саксонта ёинки қирқта асар яратганлиги ҳақида ёзганлар. Жумладан мисрлик олим шайх Абдулфаттоҳ Абдуллоҳ Бараканинг ёзишича, ал-Ҳаким ат-Термизий тўрт юздан ортиқ асарлар яратган бўлиб, улардан олтмишга яқини бизгача етиб келган. Энг муҳими ал-Хаким ат-Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросини муҳим қисмини ташкил қилади. Мана шу асарларидан энг аввало пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларига бағишланган «Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул» («Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар») номли асарини айтиш керак. Бу асар шунингдек «Салват ал-орифийн ва бўстон ал-муваҳҳадийн» («Орифлар овунчоғи ва Оллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони») номи билан аталади. Бу асар ҳижрий 1294 (мелодий 1876) йилда Қустантийнияда чоп этилиб, ўзи танлаб олган 291 ҳадисдан иборат ушбу китобда ал-Ҳаким ат-Термизий ўз мазҳабий қарашларини муфассал ҳолда шарҳлаган. Ушбу асарнинг бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг кутубхонасида сақланади. Алломанинг кейинги йилларда нашр этилган асарларидан тасаввуфга оид икки асарини кўрсатиш мумкин. Улардан бири «Китоб ҳақийқат ал-одамиййа» («Инсоният ҳақиқати тўғрисида китоб») ва иккинчиси «Адаб ун-нафс» («Нафс одоби») номли асаридир. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги қўлёзмалар хазиналарида сақланади. Уларни бирқадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Cтамбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.

Ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бой ва ранг-баранг мазмундаги меросга зоҳиран назар ташлашнинг ўзиёқ, унинг илмий-маънавий уммонининг ғоятда чексизлиги, унинг тафаккур оламининг кенг қамровли ва ва бениҳоя чуқурлигидан далолат беради. Айни вақтда масаланинг мураккаблиги шундаки, ал-Ҳаким ат-Термизийнинг ўзини ҳам, унинг асарларини ҳам аллома яшаган даврдаги бирон бир илмий фаолият билан боғлиқ ҳолда ёки қиёсий тадқиқ қилиш орқали баҳолай олмаймиз. Бинобарин унинг хилма-хил мавзуларда ёзилган асарларининг умумий йўналишини ҳам, уларга асос бўлган манбаъларни аниқлашда ҳам муайян қийинчиликлар туғулиши табиийдир.

Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг таълиф этилиш йиллари ҳақида ҳам айнан шу муаммога дуч келамиз. Чунончи муаллиф ҳам, унинг ҳақида ёзган олимлар ҳам аллома асарларининг ёзилган йилларини кўрсатмаганлар. Шу билан бирга алломанинг ижодини таҳлил қилиб ўрганиш жараёнида бу борада ҳам баъзи таҳминларни қилиш мумкин. Жумладан ал-Ҳаким ат-Термизий ёзган дастлабки асари «Наводир ул-усул фи маърифат ахбор Расул» асари бўлса керак. Мавзуъларининг хилма-хиллиги, кўтарилган масалалар ададининг кўплиги, ҳажмининг улканлигига қарамасдан бу асарида муаллиф бошқа бирорта асарини тилга ҳам олмаган, бирортасига ишорат ҳам қилмаган. Ваҳоланки муаллиф аксар асарларида «Наводир ул-усул»га ишорат қилганки, демак ўша асарлар ундан кейин ёзилган. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларидан алломанинг умрининг охирларида ёзилган таснифлари жумласига «Китоб ул-акйос вал-муғтарийн» ва «Китоб ул-фуруқ» кабиларни киритиш мумкин. Чунончи ушбу асарларда муаллифнинг бошқа бирқанча асарлари ҳақида маълумотлар келтирилади. Ал-Ҳаким ат-Термизий асарларининг мазмун моҳиятига биноан уларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин.Бир туркум асарлари аллома томонидан илм толибларига ўқилган маърузалар, матнлар шаклида бўлса, бошқа бир туркум рисолаларни аллома турли-туман муносабатларга бағишлаб, ёинки ундан савол тарзида сўралган масалаларга жавоб, ўзига билдирилган эътирозларга раддия, ёҳуд бирон мураккаб, чигал масаланинг баёни ёинки дўсту-биродарларига йўлланган мактублар ташкил қилган. Шу боисдан ҳам бу туркумга кирган рисолалар ал-Ҳаким ат-Термизийнинг бутун умри давомидаги илмий-ижодий фаолиятининг ўсиши билан тадрижий равишда, босқичма-босқич такомиллашиб борган дейиш мумкин. Унинг асарлари мазмуни ва хусусиятларига қараб уларни аллома яшаган даврдаги илм-фаннинг бирор соҳасига мансуб этиш ҳам қийин. Бинобарин унинг асарларини тўлиғича на тасаввуфий асарлар жумласига, ёинки на ҳадис илмлари жумласига, на фалсафий асарлар жумласига ёки бўлмаса калом ёки фиқҳ илмлари жумласига мансуб этиб бўлмайди. Мана шу ўринда аллома ал-Ҳаким ат-Термизий илмий фаолиятини баҳолашда ўта бир нозик қирра очилаётганга ўхшайди. Гап шундаки, алломанинг илмий-ижодий фаолиятини ўрганган қатор тадқиқотчилар ҳам таъкидлаганларидек ал-Ҳаким ат-Термизий асарлар таълиф ва тасниф этишда ўз даврида мавжуд бўлган йўлдан юрмади, балки у ўз диний қарашлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб, ўзига хос бўлган алоҳида йўлни танлади. Ал-Ҳаким ат-Термизий танлаган бу йўл (баъзи араб олимлари бу йўлни ҳатто «мазҳаб» деб ҳам ёзганлар) ўша даврда бепоён ўлкаларгача бориб тарқалган,афсуски диннинг асл моҳиятини бузиб, залолатга ботган тоифалар кўпайган бир давр бўлиб, ислом динининг ҳақиқий, асл моҳиятини тўғри талқин қиладиган ва жамият учун ғоятда муҳим ва фойдали йўл эди.

Убайдулла Уватов

What you can read next

Салафи солиҳлар ҳаёти ва эътиқоди: Муфассирлар имоми Абу Жаъфар Табарий раҳимаҳуллоҳ
Салафи солиҳлар ҳаёти ва эътиқоди: Муфассирлар имоми Абу Жаъфар Табарий раҳимаҳуллоҳ
“Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”
“Темур тиғи етмаган жойни қалам билан олди Алишер”
Шарқ олимлари асарларида ҳадислар талқини
Имом Нававий

СЎНГИ МАҚОЛАЛАР

  • Mustaqillik — uluğ ne’mat

  • Kitoblar bilan muomala qiliş odoblari va ularni qölga kiritişga tarğib

  • ILM AMAL BILAN KAMOLGA YETADI

  • Ustoz va şogirdga umumiy bölgan odoblar

  • Kökaldoş madrasasida Xalqaro bağrikenglik kuniga bağışlangan “Zakovat” intellektual öyini taşkil etildi

ҚИДИРУВ ХИЗМАТИ

БЎЛИМЛАР

  • Bosh sahifa
  • Madrasa
  • Yangiliklar
  • Maqolalar
  • Taʼlim
  • Kurslar
  • Qabul
  • Boğlaniş

Тезкор ҳаволалар

  • Qabul tartibi
  • Kiriş imtihonlari 2027-2028
  • Ötiş ballari
  • Topşirganlar soni
  • Qurʼoni Karim va tajvid kursi
  • Tayyorlov kursi
  • 4 yillik öquv dasturi
  • Imtihon duolari

АЛОҚА

Тошкент 100208, Чилонзор тумани, Гулистон кўчаси, 37/1

+998 94 988 23 43

info@kukaldosh.uz

ХАРИТА

KökaldoşKökaldoş

Yandex xarita →Google xarita →

© 2018 - 2026. kukaldosh.uz | Ўзбекистон Мусулмонлари идораси "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти.
Барча хуқуқлар химояланган. Сайтдан маълумот олинганда манба кўрсатилиши шарт.
АОКА интернет-ОАВ гувоҳномаси рақами: 1221

TOP