Тафсир сўзи арабча – فَسَّرَ يُفَسِّرُ، فَسِّرْ، تَفْسِيرٌ сўзидан олинган бўлиб, “баён қилиш”, “очиб бериш” ва “равшан килиш” деган маъноларни англатади. Луғавий маъносининг ҳам тафсир илмига алоқаси бор. Чунки тафсир илмида Қуръони каримнинг маънолари очиб берилади, баён қилинади. Шу эътибордан бу илмга “Тафсир илми” дейилади. Тафсир илмига икки хил таъриф берилган. Қадимги уламоларнинг таърифи ва мутааххир уламоларларнинг таърифи. Қадимги уламолар тафсирга: “Қуръони каримнинг маънолари ва матлабларини шарҳлашдир” деб таъриф берганлар. Чунончи, аллома Заркаший раҳматуллоҳи алайҳ тафсир илмининг таърифини қуйидагича баён қиладилар:
«هو علم يعرف به فهم كتاب الله المنزل على النبى صلى الله عليه وسلم و بيان معانيه واستخراج أحكامه وحكمه»
Яъни, “У бир илмдирки, у билан Аллоҳ таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган китобининг мафҳуми, маъноларининг баёни, унинг ҳукмлари ва ҳикматларини чиқаришлик ўрганилади”.
Кейинчалик тафсир илми алоҳида бир илм шаклига келтирилиб, уламолар тарафидан тафсир илмига ҳам ҳар эътибордан хизматлар қилинганидан кейин у илм ниҳоятда кенг ва ўз ичида кўп нарсаларни қамраган илм бўлди.
Замонларнинг тақозасига мувофиқ унга тафсилотлар ҳам қўшиб борилди. Тафсир илми ушбу тафсилотларни ўраб олганидан кейин унга берилган ҳозирги истилоҳий таърифи кучлидир.
«علم يبحث عن كيفية النطق بألفاظ القرآن، ومدلولاتها، وأحكامها الإفرادية والتركيبية، ومعانيها التى تُحَمل عليها حالةَ التركيب و تتماتٍ لذلك»
У Қуръон лафзларини адо қилишлик кайфияти (қироатлар), унинг (лафзларининг луғавий) маънолари, унинг муфрад ва таркибий ҳукмлари (сарф, наҳв балоғат қоидалари), таркиб ҳолатида далолат қиладиган (ҳақиқий ва мажозий) маънолари ва у илмнинг тўлдирувчилари (носих, мансух, нозил бўлиш сабаблари ва қиссалар)дан баҳс қиладиган илмдир.
Мутааххир уламоларнинг бу таърифига биноан тафсир илми қуйида зикр қилинадиган ишлардан баҳс қилади:
- Қуръон лафзларини адо қилиш йўллари. Яъни Қуръон лафзлари неча тариқа билан ўқилиши. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўзларининг тафсирларида ҳар бир оятларни баён қилишлари билан бирга уларнинг нақл қилинган қироатларини ҳам баён қилиб берганлар. Тафсир илмида қироатларни баён қилишда қироат илмидан мадад олинади.
- Қуръон лафзларининг маънолари. Бундан мақсад Қуръон лафзларининг луғавий маънолари ҳам тафсир илмида баён қилинади. Шунинг учун тафсир китобларида луғат олимларининг ҳаволалари кўплаб келтирилади. Шунинг учун тафсир илмида луғат илмидан тўлиқ воқиф бўлиш зарурати бор.
- Қуръон лафзларининг муфрад ҳукмлари. Бундан мақсад оятлар қайси вазн ва бобларда келган, бу вазн ва бобларнинг хусусиятлари нима. Буларни баён қилишликда сарф илмига зарурат туғилади.
- Қуръон лафзларининг таркибий ҳукмлари. Яъни бир лафз борасида сўз боради ва бу сўз бошқа лафзлар билан бирга бўлганда қандай маънони англатади, унинг наҳв бўйича таркиби нима, оятда ёзилган ҳаракатлар нима учун келган, бу таркиб топган лафз қандай маънога далолат қиляпти? Буларни билиш учун илми маъоний ва наҳв илмларини билиш керак.
- Қуръон лафзларининг таркиб ҳолатида далолат қиладиган маънолари. Яъни, лафзлар бир-бири билан бирикиб гап тузилган ҳолда қайси маъноларга далолат қилади, оятлар ўзидан олдинги ва ўзидан кейинги оятлар билан бирга қайси маъноларни англатади? Лафзларнинг мажозий ва ҳақиқий маъноларини баён қилади. Буларни билишликда усулул-фиқҳ, баён илми ва ҳадис илмларидан мадад олинади.
- Тафсир илмининг тўлдирувчилари, яъни носих, мансух, оятларнинг нозил бўлиш сабаби, Қуръондаги ишоралар, қиссалар ва бошқалар. Буларни билишда Қуръони карим, ҳадис ва сийрат илмларидан мадад олинади.
Тафсир илмига берилган яна бир таъриф:
«علم يبحث فيه عن القرآن المجيد من حيث دلالته علي مراد الله تعالي بقدر الطاقة البشرية»
Яъни, Унда инсон қудрати етгунча Аллоҳ таолонинг муродига далолат қилиш жиҳатидан Қуръони каримдан баҳс қилинадиган илм.
Тафсир илмининг майдони шунчалик кенгки, унда дунёнинг ҳамма илмларининг маълумотлари қамраб олинганидир.
Тафсир илмининг мақсади
Ўқувчи ёшларга жамият ва инсон маънавий ҳаётининг муҳим ва асосий қисми бўлган Қуръон ва унинг таълимоти, тафсир илми тарихи тўғрисида илмий-назарий тушунчалар бериш, уларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, тафсир ва унинг турлари, таълимоти, йўналиши хақида тўғри илмий хулосалар чиқара оладиган дунёқарашни шакллантириш. Тафсир илми, унинг мохияти ва мазмунини талабалар онгига етказиш шу билан биргаликда талабаларни соғлом тафаккур ва эзгулик ғоялари билан тарбиялашдан иборат.
Тафсир фани ислом ўрта махсус билим юртларида муҳим диний фан бўлиб, тафсир фанининг назарий дарсларида аввал тафсир илми, тафсир китоблари ёзилгани таъкидлаб ўтилади.
Ўрта махсус ислом билим юртларида тафсир фани дарслари 2-3-4 курсларда ўқитилади. Тафсир дарслари иккинчи ва учинчи босқичда “Тафсири Жалолайн” китобидан, тўртинчи босқичда эса “Роваиъул баён” китобидан ўқитилади.
2-курсда 30-пора, 3-курсда эса машҳур суралар ва 29-пора ўкитилади. Бу талабаларга қўйилган меъёрий талабларга жавоб бериш билан бир қаторда қироат фанидан ўтиладиган мавзуларга хам мос келади. Қироат фанидан ёдланган сураларнинг маънолари ва сабаби нузуллари тафсир фанида айтиб ўтилиши бу сураларнинг янада аниқ тушунишга замин яратади.
Маълумки, ўрта махсус ислом билим юрти талабаларининг кўп қисми билим юртини битиргандан кейин масжидларда имомлик ёки ноиб имомлик қилиб келишмокда. Шуни инобатга олган ҳолда битирувчи курсларга тафсир фанидан хукм оятларини ўзида мужассам этган “Роваиъул баён” китобидан ўқитилади. Талабалар ҳукм оятлариниг нозил бўлиш сабаблари ва улардан олинадиган ҳукмлар ҳамда фиқҳий масалаларни айнан шу фанда ўрганиб боришади.