«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юртида 5 сентябр куни Республикамиз мустақиллигининг 27 йиллигини муносиб нишонлаш ҳамда 2018-2019 ўқув йили бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Байрамона тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров, Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси Салоҳиддин Шерхонов, юртимизда фаолият юритаётган таниқли уламолардан Тошкент шаҳар “Ваққос ота” жоме масжиди имом хатиби Устоз Фозил қори Убайдуллаев ва бошқа фахрий устозлар таклиф этилди.

Тадбирда билим юрти мударрислари, ишчи-ходимлар ва барча талабалар иштирок этдилар. Тадбирни билим юрти мудири в.б М.Эркаев кириш қисми билан очиб берди. Барчани қўшалоқ байрам билан табриклади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров ва Устоз Фозил қори Убайдуллаевлар ўз нутқларида мамлакатимиздаги диний эркинликлар, барча дин вакилларига бир хил шароитлар яратилгани, аждодларимиз асарлари авлодларга етказиш учун кенг кўламда ишлар олиб бораётгани айтиб ўтилди. Диний соҳада, хусусан, диний таълим соҳасида эришилган ютуқлар бирма-бир тилга олинди. Хусусан, яқинда ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, янги ташкил этилаётган марказлар, таълим муассасаларни қувонч билан тилга олинди. Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш бўйича ташкил қилинган шароитлар бошқа давлатлардан кўра анча қулай эканликлари айтиб ўтилди.



Тадбир давомида билим юртида фидокорона меҳнат қилаётган мударрислар ва фаол талабалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.


Биринчи курсга қабул қилинган талабалардан энг юқори балл тўплаган талабага рамзий маънодаги талабалик гувоҳномаси топширилди.
Тадбир якунида Республикамизнинг марҳум биринчи Президенти И.А.Каримов ва мадрасада хизмат қилиб ўтган фахрий устозларни хотирлаб Қуръони карим тиловат қилинди ва уларнинг руҳи покларига бағишланиб дуолар қилинди.

Шундан сўнг барча талабалар “Мустақиллик дарси”ни ўтиш учун синфхоналарга киришди. Ушбу дарслар олдиндан тайёрланган слайдлар асосида билим юртининг барча курсларига ўтилди. Маънавият хонасига тўпланган устоз ва талабаларга “Мустақиллик дарси”ни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров ва билим юрти мудири в.б Мамуржон Эркаевлар ўтиб берди. Мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритиши учун чеккан заҳматлар айтиб ўтилди. Истиқлолнинг илк даврларида вужудга келган қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган халқимиз аҳволи, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлидаги заҳматлари мисоллар билан слайдлар асосида ёритиб ўтилди. Истиқлол натижасида Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан барқарор давлат даражасига етгани ва дунёда ўз обрўсига эга бўлгани таъкидланди. Охирги йилларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотларга алоҳида тўхтаб ўтилди.


Маънавий ва маърифий масалалар бўйича
мудир ўринбосари А.Ғаниев






