Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ
1. “Мўмин киши яхшилик ва қўрқувни жамлайди”.
Улуғ зотлар тоатларга амал қиладилар, уларда тиришадилар, шу билан бирга, амаллари ўзларига қайтарилиши (юзларига урилиши)дан қўрқиб турадилар. Зеро, мўмин яхшилик ва хавфни ўзида жамлайди. Мунофиқ эса ўзида гуноҳ ва хотиржамликни жамлайди.
2. “Гўзал хулқнинг ҳақиқати”.
Гўзал хулқнинг моҳияти учтадир: Яхшилик қилиш, ёмонликдан тийилиш ва очиқ юзлилик.
3. “Гуноҳларнинг кўплиги”.
Албатта, банда билан Аллоҳ таолонинг орасида гуноҳларнинг маълум бир чегараси бор. Банда ушбу чегарага етадиган бўлса, Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб, абадий яхшиликка муваффақ қилмай қўяди.
4. “Илмнинг сурати”.
«Агар илмнинг сурати бўлганида эди, шубҳасиз, қуёш, ой, юлдузлар ва осмоннинг суратидан чиройлироқ бўлар эди».
5. “Қуръони каримнинг фазилати”.
Аллоҳга қасамки, Қуръондан ўзга бойлик йўқ, ундан кейин фақирлик йўқ.
6. “Ҳалимлик ва илм”.
Ҳалимлик илмнинг вазиридир. Раҳмдиллик унинг отасидир. Тавозеъ эса унинг либосидир.
7. “Дўзахдан қўрқиш”.
Ҳасан Басрийга минг йилдан сўнг дўзахдан чиқариладиган киши ҳақида айтилди. У зот йиғлаб: “Қани эди ўша киши каби бўлсам!”, дедилар.
8. Эй одам боласи! Дунёдаги насибангдан қочиб қутула олмайсан. Балки охиратдаги насибанга кўпроқ муҳтожсан.
9. Молик ибн Динор Ҳасан Басрийдан сўрадилар: Дунёни яхши кўриб қолган олимнинг оқибати нима? Ҳасан Басрий дедилар: Қалбининг ўлиши. Агар олим дунёга муҳаббат қўйса, уни охират амали билан талаб қилади. Натижада ундан илмнинг баракалари кетиб, суратигина қолади.
10. Эй одам боласи! Нега мағрурланасан ҳолбуки икки бавл йўлидан чиққан бўлсанг!?
11. Албатта мўмин гумонини чиройли қилади ва амалини чиройли қилиб бажаради. Мунофиқ эса ёмон гумон қилади ва амалини ҳам ёмон бажаради.
12. «Кейинга суришдан ўзингни сақла! Сен бугунги кунинг билансан. Эртанги кун билан эмас. Агар сенинг эртанги кунинг келса бугунги кун билан бўлганинг каби бўл. Агар сенинг эртанги кунинг бўлмаса, бугунги кунингда ўтказиб юборган нарсангга надомат чека олмайсан».
Ҳоний ал-Ҳажнинг “Солиҳ кишиларнинг насиҳатлари” китобидан тарбиячи Р.Ахунджанов раҳбарлиги остидаги таржимонлар гуруҳи.
Зокиров Исроил таржимаси





