Маълумки Ислом дини поклик дини бўлиб, инсонларни ҳам покликка тарғиб қилади. Покланиш эса одатда сув билан бўлади. Мусулмон киши таҳорат учун ишлатган суви ҳақида уламоларнинг турли хил қарашлари бор.
1. Сув нима сабабдан мустаъмалга айланади? деган саволга Абу Ханифа ва Абу Юсуф (р,ҳ) таҳорати бўлмаган одам ишлатган сувда таҳорат учун ният топилса ҳам, топилмаса ҳам ва таҳорати бўла туриб унинг устига қурбат, яъни Аллоҳ таолога яқин бўлиш мақсадида яна таҳорат қилган бўлса оби мустаъмал бўлади десалар, Имом Муҳаммад қурбат кўринишидан бошқасида сув мустаъмалга айланмайди дейдилар.
2. Сув қачон мустаъмалга айланади? Абу Ханифа – Ҳар қачон сув аъзодан ажрар экан, ўша пайтда мустаъмал деб эътибор қилганлар, бу ҳукм Ҳидоя, Муҳит, Зоҳирийя китобларида ҳам келган.Аммо Абу Юсуф ва Муҳаммад (р.ҳ) сувни мустаъмал бўлишини инсон аъзосидан ажраш билан бирга, бирон бир жойда яъни ер, идиш ёки таҳорат қилаётган одамнинг кафтида қарор топиши керак дейдилар. Зеро бунда зарурат бор, чунки қарор топиш деган шарт қўйилмайдиган, яъни аъзодан ажраши билан сув мустаъмалга айланади дейдиган бўлса, инсонларга машаққат бўлади.Имом Марғиноний (р,ҳ) мана шу қавлга фатво берганлар.
3. Мустаъмал сувнинг ҳукми қандай? Имом Молик ва Имом Шофиъйлар бу сувнинг покловчи деган хусусияти қолади, яъни яна бир маротаба таҳорат қилса бўлади деганлар. Имом Зуфар сувни ишлатадиган одам таҳоратли бўлса, унда сувни покловчилиги қолади, агар таҳорати бўлмаса, истеъмол қилинган сув пок бўла туруб покловчи деган хусусияти кетади дейдилар. Имом Абу Ханифа оби мустаъмални оғир нажас, Абу Юсуф енгил нажас деганлар. Имом Муҳаммад бу сув пок лекин покловчилиги қолмаган деб айтганлар, ”Канз” соҳиби Имом Муҳаммадни гапини олганлар, фатво ҳам мана шу қавлга берилган.
Фойдаланилган адабёт.
Мухтасрул Қудурийнинг шарҳи Муътасар Аз- Зорурий. Шайх Муҳаммад Сулаймон Ҳиндий рохматуллоҳи алайҳ.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси Мирзаев Камолиддин.






