Ҳозирда бу шиорни бемазҳаб сохта салафийлар такрор ва такрор айтишмоқда. Лекин улар Аҳли сунна вал жамоанинг мутлақ мужтаҳид бўлган тўрт буюк имомлари ҳам салафлардан эканлигини ўйлаб кўришмаяпти.
Хўш, нима учун бемазҳаб биродарларимиз ушбу буюк имомларимизнинг гапларини бир четга улоқтириб, ўз замондошларининг “ижтиҳоди”ни улардан устун қўядилар?
Ҳақиқатдан ҳам шундай, яъни улар ўзларининг мужтаҳидлар замонидан минг йилдан зиёд вақтдан кейин пайдо бўлган шайхлари ва ҳамаср уламоларининг тушунчаси асосида Қуръон ва Суннатга эргашадилар.
Агар Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмад ёки бошқа булар каби салафларнинг гапи келтирилса, сохта салафийлар: “Бу гапни бир ўйлаб кўриш керак” ёки “Бунга қандай далил бор?” деб рад қилишга ошиқишади.
Лекин ўзларининг бирор шайхи ёки “мужтаҳид”ининг гапи тилга олинса, ҳеч қандай далил сўраб ўтирмай уни сўзсиз қабул қилишади.
Улар мазҳабга бўлинишни умматнинг бўлинишига олиб келади деб ундан қочишади. Аммо ўзлари бир-бирларига турли масалаларда ихтилоф қилиб, тўрт мазҳабга бўлинишдан қочган азизларимиз воқеликда далили бўлмаган ўнлаб мазҳабларни вужудга келтиришади.
Энг хатарли тарафи, фиқҳий масалалар устидаги ихтилофлари етмаганидек, ақидавий масалаларда ҳам турли хил гуруҳларга бўлиниб кетадилар.
Улар гўё мутаассибликдан қочгандек кўринадилар-у, аммо ўзларининг шайхларига ўта мутаассибликни намоён қиладилар.
Агар уларга Ибнул Қаттон, Дороқутний, Ҳоким, Термизий, Нававий ёки Ибн Ҳажарларнинг ҳадисларга берган ҳукмлари зикр қилинса, улар бу ҳукмлардан қаноатланмайдилар.
Аммо ўзларининг замондош шайхларнинг берган ҳукмлари зикр қилинса, уни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандек қабул қиладилар.
Улар қандай ҳам ёмон қавмдурлар!
Аллоҳдан уларнинг залолат йўлига тушиб қолишдан асрашини сўраймиз!
Рустам Охунжонов
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби





