Буюк ватандошимиз, муҳаддислар имоми Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобида қуйидаги ҳадисни келтиради:
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дарахтлардан бир дарахт борки, унинг барглари тўкилмайди. У дарахт мусулмон кишига ўхшайди. Айтинглар-чи, у қандай дарахт?” дедилар. У ерда ўтирган одамлар саҳрода ўсадиган дарахтларнинг номларини санаб кетишди. Менинг кўнглимга хурмо дарахти келди, аммо уни айтишга ҳаё қилдим. Шунда одамлар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у нима дарахт эканини айтинг”, дейишди. “У хурмо дарахти”, деб жавоб бердилар”.
Хурмо дарахти ҳар қандай ҳолида манфаатлидир, унинг ҳеч бир бўлагини чиқитга чиқармай ўз ўрнида фойдаланиш мумкин. Хурмо кўкарганидан бошлаб, ҳосилга кирганида, ҳатто қуриганидан кейин ҳам инсонга манфаат келтиради. Ҳосил берганида меваси ейилади, мевасининг данаги чорва молларига ем бўлади. Дарахтининг пўстлоғидан арқон тайёрланади, танасини ёғоч ва устун қилиб ишлатиш мумкин. Баргини тўкмайдиган бу дарахт Арабистон жазирамасида яхшигина соябон вазифасини ўтайди. Бундан бошқа фойдалари ҳам кўп.
Мусулмон киши ҳам ана шундай хислат соҳибидир – у ҳаммага яхшилик соғинади, ётса ҳам, турса ҳам эзгулик қилишни кўзлайди, ҳамиша ўзидан инсонлар корига ярайдиган манфаатли из қолдиради. Ҳатто вафотидан кейин ҳам инсоният учун фойдали бирор нарса қолдириб кетиш пайида бўлади.
Имом Қуртубий айтади: “Пайғамбар алайҳиссалом хурмо дарахти билан мусулмон кишини бир-бирига ўхшатишлари сабаби, мусулмоннинг дини илдизи мустаҳкамдир, ундан содир бўладиган илмлар ва яхши амаллар доим инсоният учун яхшилик ва хурсандчилик келтиради. Мусулмон киши ўз динига амал қилар экан, ҳаётлик чоғида ҳам, вафотидан сўнг ҳам унинг қолдирган хайрли ишларидан жамият манфаат олиб туради. Бу худди хурмо дарахтининг ҳамиша манфаат келтиришига ўхшайди”.
Ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:
- Мусулмон киши доимо, ҳамма ҳолатда манфаат улашади.
- Зарбулмасал келтириш мақсадни англашга кўмаклашади.
- Ёши улуғларнинг ҳурматини сақлаш исломий одоблардан биридир.
- Олим ўз шогирдларини имтиҳон қилиши, тушунмаган нарсаларини изоҳлаб-тушунтириб бериши яхши иш.
- Ҳаё яхшилик олиб келади.
Асадуллоҳ Холмуродов,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти ўқитувчиси






