Бемазҳаб, бидъатчи сохта салафийлар мазҳаббошиларга эргашган аҳли сунна вал жамоа вакилларига қарата: “Сизлар, эй ҳанафийлар, эй шофеъийлар, эй моликийлар ва ҳанбалийлар! “Мазҳабга эргашиш керак” деб бунча мутаассиб бўлмасанглар!?”, дейишади.
Биз уларга қарата: “Ҳа, биз салафи солиҳлар даврида яшаб ўтган улуғ имомларимизга ва улар илмий асосда кўрсатиб берган йўлга эргашамиз, сенчи, сен кимга эргашасан!?”, деймиз.
Табийки, у бечора бемазҳаб: “Биз динни Қуръон ва суннатдан оламиз ва унга амал қиламиз”, деб жавоб беради.
Биз унга шундай жавоб берамиз: “Сен мана шу гапинг билан ёлғончи бўлдинг, сен Қуръон ва Суннатдан тўғридан тўғри ололмайсан, уни сенга шарҳлаб берадиган одамнинг гапини оласан! Ёки сен дарс олаётган устозингнинг исми Қуръон ва Суннатми?! Сен диний билимлардан дарс олаётган устозингнинг исмини айт. Ана шунда рост гапирган бўласан. Сен ўзинг билган ўша Ибн Фалончи, Абу Фалончи, фалоний, фистонийлардан дарс оляпсан. Демак, сен тўғридан тўғри Қуръон ва Суннатдан эмас, ўшалардан динни ўрганмоқдасан.
Сен Қуръондан бир оятни, масалан, “Алиф, Лаам, Мийм (Ҳақ эканлигига) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун ҳидоятдир” оятини ўқиб ёки Имом Бухорийнинг китобларидан бирорта ҳадисни ўқиб туриб “Бу оят ёки ҳадисдан шундай-шундай маъноларни тушундим” дея оласанми?! Албатта, йўқ! Сен ўша фалоний, фистоний устозларинг билан “Тафсир” ёки “Саҳиҳ Бухорий”нинг шарҳларини ўқиганингда устозингдан ўша оят ёки ҳадиснинг устозинг айтган маънони тушуниб, ўшани қабул қиласан.
Демак, бундан келиб чиқадики, сен динингни Қуръон ва суннатдан эмас, ўша устозингдан олаяпсан, Қуръон ва Суннатга эмас, ўша устозингга эргашаяпсан. Аслида, ўша устозинг ҳам Қуръон оятлари ва ҳадисларни шарҳлашга қодир эмас. Бу борада у ҳам ўзидан аввалги устозларига эргашади. Шу тариқа устозларингнинг силсиласи нари борса, икки юз йил аввалги Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобга бориб тақалади.
Демак, сенинг эргашаётган йўлинг пайдо бўлганига ҳали 200 йил ҳам бўлмаган. Биз эса санади, силсиласи аниқ воситалар билан Пайғамбаримизга туташадиган мужтаҳид имомларимизга эргашамиз. Ана энди айтчи, Қуръон ва Суннатга биз яқинроқмизми ёки сенми?! Бизнинг йўлимиз ишончлироқми ёки сеникими?!”.
Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти Матбуот котиби Рустам Охунжонов тайёрлади






