“Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш ҳафталиги” ҳамда Республикамиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан 3 декабр куни “Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юртида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – соф эътиқод эркинлиги асоси” мавзусида” тадбир ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси Бекзод Нариманов ва Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши бўлим бошлиғи Бахром Жумаев таклиф этилди.
Билим юрти мудир муовини А.Ғаниев ўзининг кириш сўзида қонунчилик тарихи, қонунларнинг жамиятдаги тутган ўрни ҳакида сўз юритди ва тадбирни очиб бериш учун билим юрти мудири З.Мирсадиковга берди. З.Мирсадиков йиғилганларни байрам билан табриклаб: “Бу йил биз мустақил Ўзбекистон Конституциясининг 26 йиллигини муносиб нишонлаяпмиз. У ўз моҳиятига кўра, давлатнинг бош ҳуқуқий ҳужжати саналиб, унда асосий принциплар, шахс, жамият ва давлат масалалари, ҳудудий тузилиши билан бир қаторда инсонларнинг диний эътиқод билан боғлиқ ҳуқуқ ва эркинликлари ҳам акс этган. Шу маънода Бош қомусимизда виждон эркинлиги билан боғлиқ жиҳатлар алоҳида мустаҳкамлаб қўйилгандир” деб ўз фикрларини билдирди. Сўнгра сўз навбати Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномовга берилди. И.Иномов бу байрамона кун билан барчани табриклади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларинингсалом ва табрикларини етказди. Мавзу юзасидан ўзларининг фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди. Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисмида Тошкент давлат юридик университети “Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси Бекзод Нариманов нутқ сўзлади.
Б.Нариманов “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиниш лойиҳаси ва унинг босқичлари” ҳақида гапириб
Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияни яратиш ҳақидаги илк ғоя Республикамизнинг 1990 йил март ойида бўлиб ўтган ўн иккинчи чақириқ Олий Кенгашнинг биринчи сессиясидаёқ, ўртага ташланганлиги, Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1990 йил 20 июнда эълон қилинган «Мустақиллик декларацияси« мамлакатимиз янги Конституциясини ишлаб чиқишга асос бўлганлиги, Олий Кенгаш Ўзбекистон Президенти бошчилигида 64 кишидан иборат конституциявий комиссия тузилганлиги, Комиссия таркибига депутатлар давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, корхоналар раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар ва мутахассислар киритилганлиги каби маълумотларни бериб ўтди. Шунингдек, Конституцияда баъзи моддаларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотлар бериб ўтди. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Бош қомусимизни тайёрлашда давлатимиз танлаган йўл, халқимизнинг бир неча минг йиллик тарихи ҳамда халқаро тажриба инобатга олинган.
Ёшлар иттифоқи ҳузуридаги Ёш ҳуқуқшунослар кенгаши бўлим бошлиғи Бахром Жумаев ўз маърузаларида мамлакатимизда ўтган давр мобайнида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар устуворлик касб этиши айтиб ўтди. Айни пайтда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳам Конституциямиз тамойилларига асосланган. Шунингдек, ёшларнинг меҳнат миграциясидаги иштироки, меҳнат миграцияси халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар (халқаро ташкилотлар доирасида қабулқилинган ҳужжатлар, давлатлар ўртасида имзоланган икки ва (ёки) кўптомонлама келишувлар ва шартномалар) ва миллий конунчиликда белгиланган тартиб ва қоидаларга асосан амалга оширилиши каби маълумотларни айтиб ўтди.
Сўнгра мудир муовини А.Ғаниев сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси конституциясида дин ва виждон эркинлиги масалаларига катта эътибор қаратилганлиги. Унда халқимиз руҳига мос келадиган иймон-эътикод, инсоф-диёнат, меҳру оқибат, ор-номус, иффат ва ҳаё каби эзгу фазилатлар мужассам. Бундан ташқари, бош қомусимизда Ўзбекистон ҳудудида яшовчи хар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳукук ва бурчлари қонун асосида кафолатланган. Унинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Хар бир инсон хоҳлаган динига эътикод килиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод килмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл кўйилмайди” каби маълумотларни талабаларга етказди. Диний таълимнинг кафолатлаб қўйилганлиги, виждон эркинлиги тўғрисидаги қонунда кўрсатилган миссионерлик ва прозелитизм тушунчаларини изоҳлаб тушунтириб берди.
Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этди. Талабаларнинг мавзуга доир ва ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан берган саволларига ташриф буюрган мутахассислар аниқ ва кенг қамровли тушунчалар берди.

Тадбир сўнгида билим юрти мудири З.Мирсадиков ўзининг фикр-мулохазаларини айтди. Тадбир иштирокчилари ва ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорчилик билдирилди.
“Кўкалдош” ўрта-махсус ислом билим юрти
мудир ўринбосари А.Ғаниев






