Ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлигига лойиқ ҳамдларимиз, расулимиз Муҳаммад Мустафо ҳазратларига саловот ва саломларимиз бўлсин!
Айни кунларда бутун инсоният, хусусан, юртдошларимиз ҳам синовли дамларни бошдан ўтказмоқдалар. Аллоҳ таолонинг азалий қадарига мувофиқ, тарихда илгари кузатилмаган янги касаллик дунёда тарқалиб бораётир. Бу синов ҳудуд, миллат, ёш ёки дин танлаб ўтирмасдан ёппасига башариятни ўз исканжасига тортиб бораётгани ҳам айни ҳақиқатдир. Унинг зарарларини кетказиш ва олдини олиш учун барча давлатлар, минтақавий ва халқаро ташкилотлар турли чора-тадбирларни, амалий ҳаракатларни аллақачон бошлаб юборган.
Бироқ, ҳозирги вазият шуни тақозо этяптики, бу синовга қарши давлат ва ваколатли муассасалар даражасида чекланган чораларнинг ўзи етарли эмас. Бу ҳолатда барча ўзида виждонан масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашиши, айниқса, биз мусулмонлар бу борада фаол бўлишимиз керак. Чунки, оммавий эпидемия пайтида фойда бериши қайта-қайта таъкидланаётган чоралар ҳам муқаддас динимиз кўрсатмаларига уйғун ва мос келади. Шу билан бир қаторда, ушбу касалликнинг тарқалиши юртдошларимизнинг кундалик ҳаётдаги иқтисодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатяпти. Бу айниқса, халқимизнинг кам таъминланган қатлами учун сезиларлидир.
Юқоридаги барча сабабларни инобатга оладиган бўлсак, бугун мўмин-мусулмон киши қандай ҳаракатланиши лозим? Динимиз бу ҳолатда бизга нима қилишимизни буюради?
Бугун инсоний ва исломий ўзлигимизни йўқотмаслигимиз, ҳақиқий инсон сифатида бир-биримизга кўмак беришимиз, бирдам бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш айни пайтда ҳар доимгиданда муҳим. Машаққат чоғида инфоқ ва яхшилик қилиш ҳар доимгидан савоблироқ ва фойдалироқдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас!” (Бақара сураси, 272-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ушбу оят гуноҳ ишлар қилувчи, ҳатто динни тан олмаган кимсага яхшилик қилган киши учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузурида комил ажр-савоб борлигини билдириб қўйиш учун нозил бўлган. Шундай экан, бугунги синовли дамларда саховат қўлларини чўзишимиз ва муҳтож кимсаларга ёрдам кўрсатишимиз нақадар савоблидир! Иншааллоҳ, Аллоҳ таоло айни дамда ёрдам қўлини чўзувчи саҳоватпеша юртдошларимизга ҳам улкан ажрлар беради. Ўз навбатида биз ҳам улар сафида яхшилик қилишга шошилайлик!
Асоссиз хабарни ёйган одам ёлғончидир!
Қўшимча қилиб яна шуни эслатишимиз лозимки, бугун ҳар қандай ноаниқ ёхуд ёлғон маълумотларни кишилар ўртасида ёйишга интилиш ката гуноҳдир. Зеро, ҳадиси шарифда эшитган ҳар бир гапини текшириб кўрмай тарқатиш инсонга ёлғончи деган қабиҳ номнинг берилишига етарли сабаб бўла олиши айтилган.
Аниқ билмаган нарсасини гапиришнинг ёмонлиги ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “У(ифк, тўқима хабарни) ўзингизга енгил санардингиз. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида каттадир (оғир гуноҳдир)” (Нур сураси, 15-оят).
Афсуски, бугун юртдошларимиз орасида кишиларда ваҳима уйғотувчи, ноаниқ ва кўп ҳолларда ёлғон хабарларни ижтимоий ахборот тармоқлари орқали тарқатаётганлар ҳам бор. Биз ўзимиз билиб-билмай бундай кишиларнинг гуноҳига шерик бўлишдан огоҳ бўлайлик.
Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг!
Инсоннинг кўра-била туриб ўзини ҳалокатга ташлашидан Қуръони каримда қатъий қайтарилган. Ушбу оят бизга бугун нима қилишимиз кераклигини очиқ-ойдин баён этмоқда: “Ва Аллоҳнинг йўлида нафақа қилинг. Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг… (Бақара сураси, 195-оятлар).
Ҳозирда мавжуд карантин қоидаларини онгли равишда бузаётганлар гуноҳ ишга рўбаро бўлаётганларини тушунишлари керак. Қолаверса, бундайлар ўзгаларнинг ҳаётига ҳам жиддий хавф туғдирадилар, бу эса гуноҳни янада оғирлаштиришдан бошқа нарса эмас.
Ўрни келганда ўз ҳаётларини жиддий хавф қаршисига қўйиб, коронавирус инфексиясига қарши курашаётган тиббиёт ходимларини, қолаверса жамоат тартибини сақлашда хизмат қилаётган барчанинг заҳматли меҳнатлари алоҳида таҳсинга сазовор. Биз улардан жуда ҳам миннатдор бўлсак арзийди.
Бўш вақтнинг ҳисоби бор!
Азиз юртдошлар! Бугун кўпчилигимиз ўз уйларимизда, хонадонларимизда ҳар доимгидан кўпроқ вақтимизни ўтказишга Аллоҳ таолонинг Ўзи имкон берди. Бугун ибодатга, илмга бизда одатдагидан кўпроқ вақт бор, бугун фарзандлар тарбиясига эътибор беришнинг айни соатидир. Зеро, қиёмат кунида банда ўтказган бўш вақтини қандай сарфлагани хусусида ҳам сўроққа, саволга тутилади.
Бугун динимизни ўрганишнинг, қандай қилиб Аллоҳ таолга ибодат қилишни ўрганишимизнинг ва яқинларимизга, фарзандларимизга ўргатишнинг айни чоғидир. Ўйлаймизки, ана шунда дунёмиз ва охиратимиз учун фойдали ишни қилган бўламиз.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтишни истардикки, бугун ҳамжиҳатликка, бирдамликка, тавба ва истиғфорга, солиҳ амаллар ва дуоларни кўпайтиришга ҳар доимгидан кўпроқ муҳтожмиз. Ана шунда, Аллоҳ таолонинг кўмаги билан ушбу синовлардан тезроқ ва беталофат ўтиб олишимиз, иншааллоҳ!
А.Ғаниев “Кўкалдош” ислом билим юрти мудирининг ўринбосари






