Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг давоми ўлароқ бугун Ўзэкспомарказда Ўзбекистонда илк бор “Tashkent Book Fest” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ва мударрислари билим юрти мудири М.Насриев ва мудир ўринбосари А.Ғаниевлар бошчилигида мазкур кўргазмада иштирок этдилар.
Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилаётган ушбу йирик маданий тадбирда етти мамлакат — Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Корея, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Туркия давлатдан 16 та нашриёт ва китоб савдо ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги 30 дан ортиқ давлат ва хусусий нашриёт ҳамда китоб савдо ташкилотлари ҳам маҳсулотларини намойиш қилмоқда. Айниқса, ушбу кўргазмада “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртидан Хаттот Маматов Ислом домла ва талабалар ўзларининг ижодий ишлари билан қатнашаётганлиги ва билим юрти мударрислари – Жалолиддин Холмўминов ва Шокиржон Мадаминов муаллифлигида нашр қилинган “Ислом одоблари энциклопедияси” китоби ҳам ярмаркага қўилганлиги барчамизни қувонтирди.
Талабалар кўргазма доирасида қизиқарли китоблар тақдимотлари, мушоиралар, интелектуал ўйинлар, адиблар билан ижодий учрашувлар, адабий викториналар ҳамда ташкил қилнган маҳорат дарслари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Кўргазмадан улкан таассуротлар билан қайтдилар. Кўргазма 4 октябрга қадар давом этади.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир ўринбосари А.Ғаниев