Маълумки, ёшлар миллатнинг умиди ва устуни, унинг хазинаси ва бойлиги ҳисобланади. Уларнинг ақлий ва жисмоний куч-ғайрати асосида эл-юрт юксалиб, тараққиёт ва фаровонликка эришади. Аммо бугунги кунда мусулмон жамиятлари ўз ёшларини қўлдан бой бериш таҳдиди қаршисида турибди. Ҳозирда ёшлар учун икки катта хавф мавжуд.
Биринчиси, “оммавий маданият” натижасида уларнинг ўзлигини йўқотиши бўлса, иккинчиси эса ёшларнинг тобора радикаллашув ва эктстремизмга мойил бўлиб боришидир. Бунинг оқибатида, ёшлар ўртасида турли ёт ғояларга алданиш ва мутаассиблик ҳолати кузатилади.
Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир.
Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг моҳияти ҳақида гап кетса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб тақалишига гувоҳ бўламиз.
Мутаассибликнинг шахс, жамият ва ёшларга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.
Мутаассиб воқеликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки у фа-қат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошкор бўлса ҳам, ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни ноҳақ деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаши керак. Акс ҳолда “адашган” одам ҳисобланади.
Мутаассиб учун илмий омонатдорлик тушунчаси умуман йўқ нарса. У ҳақиқатдан бўйин товлаб, воқеликни фақат ўзининг фойдасига буришга, ҳақиқатни соҳталаштиришга ҳаракат қилади. Шу боис барча масалада одамларни тўғри ечимни топишдан маҳрум қилади, шахслар ва жамоаларга тўғри баҳо бериш масаласида ҳаммани адаштиради. Мутаассиб мўтадил илмий баҳс орқали ҳақиқатга эришиш йўлларини ўзининг низо қўзғайдиган, ихтилофни кучайтирадиган баҳслари билан барбод қилади.
Натижада жамиятлар, халқлар ва маданиятлар ўртасида кескинлик янада кучаяди.
Хулоса қилиб айтганда, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишда соф ислом ақидасининг ўрни катта. Хозирги униб-усиб келаётган ёшларимизни ахли сунна яъни ўзимизнинг ақидада мотуридий, фиқҳда ҳанафий таълимоти руҳида тарбиялаш ва ҳар қандай бузуқ ақида ва таълимотдан сақлаш асосий вазифамиздир.
Камолиддин Мирзаев, Кўкалдош ЎМИБЮ мударриси






