Аллоҳ таолонинг ўзи Қуръони каримда бандаларига меросни бўлиб берди, “…Ота–оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. “(Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким Зотдир”[1]
Мерос масалалари Аллоҳ таоло томонидан шундай аниқ баён қилиб берилганки, бундай тақсимотдан оиладаги ворисларнинг барчаси рози бўлади. Ва яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир, у биринчи унутиладиган ва умматимдан олиб қўйиладиган нарсадир” дедилар.[2] Бу биз уммат учун катта насиҳатдир.
Мерос масалаларининг биринчи унутилиб кетишига сабаб одамлар унга беэътибор бўла бошлайди, ҳозирда бунга ўзимиз гувохмиз. Олимлардан ҳам бу ҳақда сўралмайди, сўралмагандан кейин ўқиб ўрганилмайди, натижада аста–секин унутилиб кетади.
Ҳанафий уламолардан Дуррул Мухтор китобининг соҳиблари илми меросни: «Меросхўрлардан ҳар бирининг тарика ва ҳуқуқлардаги ҳаққини аниқлаб берадиган фиқҳ ва ҳисоб усулларини ўз ичига олган илм мерос илмидир» деб таърифлайдилар.
Мерос илмини махсус малакали устоз ва китоблар билан ҳосил қилинади. Мерос илми ҳақида илк китоб таълиф этилиши тобеинлар даврига тўғри келади. Биринчи бўлиб Абу Бакр Айюб ибн Абу Тамима Сижистоний[3] «Фароиз Айюб ал-Басрий» китобини ёздилар. Аксарият уламолар томонидан бу асар фароиз ҳақида ёзилган илк китоб деб эътироф этилган. Юртимизда ҳам узтоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари «Ҳадис ва ҳаёт» китоблар тўпламининг 12-жузини “Фароиз ва васиятлар” мавзусида халқимизга тушунарли қилиб ёзганлар. Буни ўқиб ўрганиш ва амал қилиш қолди холос.
Киши вафот этганидан кейин у қолдирган мол–дунёга нисбатан қуйидаги тартиб билан тўрт иш бажарилади:
1. Марҳумни кафанлаш ва дафн қилиш. Мерос қолган молдан исроф ҳам, зиқналик ҳам қилмасдан сарфланади.
2. Кафанлаш ва дафндан сўнг марҳум қолдирган молдан унинг қарзлари тўлиғича адо қилинади.
3. Марҳумнинг васиятлари, агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар марҳум қолдирган молнинг учдан биридан адо қилинади. Меросхўрларга эса васият қилинмайди. Чунки улар шундай ҳам мерос оладилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидагича марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Мерос олувчига васият қилиш йўқ”.[4]
4. Марҳумнинг юқоридаги сарф-харажатлардан ортиб қолган мол-мулки Қуръони карим, суннат ва ижмода кўрсатилганига биноан ҳақдор меросхўрларга бўлиб берилади.
Бу қисқа маъдумот бўлиб тақсимотларни алохида чуқур ўрганиш лозим. Аллоҳ барчамизни Ўзини пок шариатига мос ҳаёт кечиришимизни насиб қилсин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
Сулаймонов Шамсиддинхўжа
[1] Нисо сураси, 11-оят
[2] Имом Дорақутний ривояти
[3] Тобеин, 131 ҳижрий йилда вафот қилганлар
[4] Имом Термизий ривояти






