Зуҳдга тегишли бўлган нарса олтита бўлиб, шу олтита нарсани тарк қилмай туриб инсон зоҳид исмига эга бўла олмайди:
1. Молу дунё.
2. Суврат, яъни инсоннинг ташқи шакл шамоили.
3. Раислик.
4. Инсонлар.
5. Нафс.
6. Аллоҳдан бошқа ҳар бир нарса”.
Яна у зот (Мақдисий) роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Зоҳидликдан ирода қилинган нарса ўз мулкида бўлган молу дунёсини тарк қилиб, ундан воз кечиш керак, деган маънода эмас. Чунки, Сулаймон ва Довуд алайҳиссаломлар ўз замонасининг энг зоҳидларидан бўлишган. Ваҳоланки, уларнинг молу мулклари кўп бўлган. Шунингдек, аҳли аёллари ҳам бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мутлоқ барча инсонларнинг зоҳидроғи бўлганлар. Ваҳоланки, у зотнинг аёллари бир нечта бўлган. Али ибн Абу Толиб, Абдурроҳман ибн Авф, Зубайр ва Усмон розияллоҳу анҳумлар ҳам энг зоҳид инсонлар бўлишган, ваҳоланки уларда ҳам молу дунё бўлган. Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳ молу дунёси кўп бўлиши билан бирга инсонларнинг энг зоҳиди эди. Лайс ибн Саъд роҳматуллоҳи алайҳ ҳам энг зоҳид уламолардан бўлган. У кишида катта маблағ бўлган, у киши шундай деган: “Агар шу молим бўлмаганида анавилар (бизни ўз кирларини артадиган) рўмолча каби қилиб юборишарди (яъни, хорлаб юборишарди).
Ҳасан Басрий ва ундан бошқа кишиларнинг зуҳд борасида айтган гаплари жуда ҳам ажойибдир: “Дунёдаги зоҳидлик ҳалол нарсаларни ҳаром қилиш ёки молу дунёни зое қилиш билан бўлмайди, лекин Аллоҳнинг ҳузуридаги бўлган нарса сенга ўз қўлингдаги бўлган нарсадан кўра ишончлироқ бўлмоғи ва сенга мусибат етиб, шу мусибатнинг савобида бўлишинг сенга мусибат етмаганидан кўра сенга рағбатлироқ бўлиши шу ҳақиқий зоҳидликдир. Мана бу зуҳд борасида айтилган сўзларнинг энг чиройлисидир. Яъни, Аллоҳ таолонинг сенга ризқ беришига бўлган ваъдасига суянишинг ва сен кутмаган жойдан сенга неъматларини ато қилиши сенга қўлингда турган молу дунёнгдан кўра яхшироқдир. Чунки, қўлингдаги молу мулк фалокатга учраб йўқ бўлиб, кетиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг хазинаси ҳеч қачон тугамайди. У зот сенга ризқингни бераверади. Аслида қўлингда турган шу молу дунё ҳам Аллоҳнинг сенга берган ризқидир. Шунингдек, сенга мусибат етиб, сенга у сабабли савоблар ёзилиши сенга мусибат етмасдан ва савоблар ҳам бўлмаслигидан яхшироқдир.
Ҳосил гап шуки, ҳақиқий зоҳидлик дунё ва ундаги сабаблардан воз кечиш дегани эмас, балки дунё матоларининг муҳаббати инсон қалбига жо бўлиб, уни Аллоҳ ва охират зикридан банд қилиб қўймаслигидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқий зоҳид, ҳақиқий тақво соҳиби бўлганлар. Ким у зотдан ортиқ бўлишни хоҳласа хато қилибди. У зот барча ишларимизда бизга ўрнак бўладилар. Бу ҳақида у зотдан қуйидагича ривоят қилинади:
عَنْ أَنَسَ بْنَ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ يَقُولُ جَاءَ ثَلَاثَةُ رَهْطٍ إِلَى بُيُوتِ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُونَ عَنْ عِبَادَةِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَلَمَّا أُخْبِرُوا كَأَنَّهُمْ تَقَالُّوهَا فَقَالُوا وَأَيْنَ نَحْنُ مِنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَدْ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ وَمَا تَأَخَّرَ قَالَ أَحَدُهُمْ أَمَّا أَنَا فَإِنِّي أُصَلِّي اللَّيْلَ أَبَدًا وَقَالَ آخَرُ أَنَا أَصُومُ الدَّهْرَ وَلَا أُفْطِرُ وَقَالَ آخَرُ أَنَا أَعْتَزِلُ النِّسَاءَ فَلَا أَتَزَوَّجُ أَبَدًا فَجَاءَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَيْهِمْ فَقَالَ: » أَنْتُمْ الَّذِينَ قُلْتُمْ كَذَا وَكَذَا أَمَا وَاللَّهِ إِنِّي لَأَخْشَاكُمْ لِلَّهِ وَأَتْقَاكُمْ لَهُ لَكِنِّي أَصُومُ وَأُفْطِرُ وَأُصَلِّي وَأَرْقُدُ وَأَتَزَوَّجُ النِّسَاءَ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтадилар: “Уч киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларининг уйларига келишди. Уларга хабар қилинган эди, буни оз санагандай бўлиб, “Биз қаёқда-ю Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар?! У зотнинг олдингию кейинги гуноҳлари мағфират қилинган бўлса”, дейишди. Улардан бири: “Мен абадул абад туни билан намоз ўқиб чиқаман”, деди. Бошқаси эса: “Мен бир умр рўза тутаман, оғиз очиқ юрмайман, деди. Яна бошқаси: “Мен аёллардан четда бўламан, абадул-абад уйланмайман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолдилар ва шундай дедилар: “Шундай, шундай деганлар сизларми?! Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен сизларнинг Аллоҳдан энг қўрқадиганингизман, Унга энг тақво қиладингизман, лекин мен рўза ҳам тутаман, оғиз очиқ ҳам юраман, намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас!” Бухорий ривоят қилган.
Шунга кўра ким ҳақиқий зоҳид бўлмоқчи бўлса, Набий алайҳиссаломнинг суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилиши лозим бўлади.
Инсон доимо охират неъматини дунё неъматидан устун қўйиши керак. Бу зоҳидлик Насоролар тўқиб чиқариб олган роҳибликдан фарқ қилади. Бу роҳиблар дунё сабабларини бутунлай тарк қилишган. Зуҳд бу билан комил бўлмайди. Зуҳднинг асли инсоннинг дунёга бўлган рағбатидан охиратга бўлган рағбатининг устун бўлишидир. Дунё сабаблари билан машғул бўлиши уни охиратга интилишдан тўсиб қўймаслигидир. Бу борада Баҳовуддин Нақшбанд роҳматуллоҳи алайҳ чиройли гапни айтганлар: “Дил ба ёру даст ба кор”. Яъни, “Қўлинг меҳнатдаю қалбинг Аллоҳда бўлсин”. Шунга кўра, ҳар бир инсон қандай касб қилишидан қатъий назар, қалбини Аллоҳга боғлаган бўлиши, дунёда матоларига муҳаббатли бўлмасдан, доимо охират ғамида юриши комиллик белгисидир. Аллоҳ таоло ҳар биримизга ҳақиқий зоҳидлардан бўлишимизни насиб айласин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
мударриси Мадаминов Шокиржон
манбалар асосида тайёрлади.