﴿ وَإِذَا جَاءَكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِنَا فَقُلْ سَلَامٌ عَلَيْكُمْ كَتَبَ رَبُّكُمْ عَلَى نَفْسِهِ الرَّححْمَةَ أَنَّهُ مَنْ عَمِلَ مِنْكُمْ سُوءًا بِجَهَالَةٍ ثُمَّ تَابَ مِنْ بَعْدِهِ وَأَصْلَحَ فَأَنَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ ﴾ [االأنعام: 54].
Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: “Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир”, деб айт (Анъом сураси 54-оят). [1]
Ушбу оятда Аллоҳ таоло иймон келтирган бандаларини мақтаб зикр этмоқда. Росулига уларга салом айтишликни амр ҳам қилмоқда. Шунингдек, Аллоҳ таоло наъматларининг энг улуғи раҳматни алоҳида зикр этмоқда. Ҳамма нарсадан Аллоҳнинг раҳмати устундир.
Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабабида қуйидаги ривоят келади:
Моҳан Ҳанафий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб “Биз катта гуноҳга қўл уриб қўйдик” дейишди. Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса демадилар. Сўнг улар кетишди ва яна шу масала бўйича келишди. Шунда юқоридаги оят нозил бўлди”.
Шу ўринда тавба ҳақида қисқача гапирсак. Тавба – луғатда қайтмоқ маъносида. Умумий маъноси “Аллоҳга қилинган осийликдан Аллоҳнинг итоатига қайтиш”дир. Ҳақиқий чин тавба тўрт ҳолатда бўлади:
- Қилинган гуноҳга ҳақиқий надоматда бўлиш;
- Кейинчалик ўша қилинган гуноҳга асло қайтмасликка азм-у қарор қилиш;
- Мазлумлардан узр сўраш;
- Солиҳ амалларни кетини узмаслик. [2]
Аллоҳнинг раҳмати бандаларига кенгдир. Аллоҳ Ўзига раҳматни вожиб қилди ва буни бандаларига хушхабар ўлароқ хабарини берди.
Аллоҳ бизларнинг барчамизни Ўз раҳмати ила ўраб олсин!
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
[1] Шайх Муҳаммад Cодиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби. [2] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.