Кўкалдош ҳақида

КЎКАЛДОШ МАДРАСАСИ

Тошкент шаҳрида сақланиб қолган мадрасалар орасида бугунги кунда Кўкалдош мадрасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Маълумотларга қараганда, ушбу мадраса шайбоний ҳукмдор Бароқхоннинг ўғли Дарвешхон Тошкент ҳокими бўлган даврда (1551-1575 йиллар) Қулбобо Кўкалдош томонидан бунёд этилган.

Мадраса асрлар давомида ўзининг тарихий-меъморий кўринишини, пурвиқорлигини йўқотмасдан қанчадан-қанча ўтмиш хотираларини бошидан ўтказиб келмоқда. Бу даргоҳдан минг-минглаб толиби илмлар зиё чашмаларидан баҳраманд бўлиб, илм дунёсининг давомийлигини сақлаб,ҳамма даврларда жамиятнинг етук олимлари, билимдон ходимлари сифатида фаолият юритишган. Ҳақиқатда Кўкалдош мадрасаси Тошкент шаҳрининг ўзига хос брендига айланиб улгурган тарихий меъморчилик обидасидир. Аммо Кўкалдош мадрасаси даврлар ўтиши билан ўзининг дастлабки кўринишини йўқотган. Хусусан, 1868, 1886, 1946, 1966 йилларда шаҳарда бўлган зилзилаларда мадрасанинг пештоқи ва юқори қаватларига қаттиқ шикаст етади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, мадраса 38 ҳужрадан иборат бўлган. Баъзи маълумотларга кўра, мадраса XVIII асрнинг 30-йилларида карвонсарой сифатида фойдаланилган экан. Унинг карвонсарой сифатида фойдаланилганлиги мадрасанинг илм-маърифат маскани сифатидаги даражасини туширмайди. Бу зиё масканида илм мажлислари давом этган ва бошқа жойлардан келган олимлар кейинчалик ҳам Кўкалдош мадрасасида бошпана топиб қолганлиги кўплаб манбаларда келтирилган. Масалан, ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан Муқимий мадрасада яшаб, таълим олган бўлса, Фурқат 1889-1891 йилларда, Ҳамза Ҳакимзода эса 1910-1911 йилларда бу масканда истиқомат қилиб, маълум муддат таҳсил кўрган. Машҳур тошкентлик шоир Хислат шу мадрасада ўқиган. Унинг яқин ижодий маслакдоши Сидқий Хондайлиқий ҳам Кўкалдош мадрасасида дарс олган. Бу ерда турли мушоиралар, жумладан, бедилхонликлар ташкил этилган.

Мадрасанинг икки қаватли бўлганлиги ва ҳужраларининг кўплиги туфайли узоқ жойлардан келган илм аҳллари билан бирга савдогарлар шаҳарнинг марказида, катта бозорнинг ёнида жойлашган мадраса хоналарида кўп ҳолларда бир неча кун яшаб ҳам қолишлиги мумкин бўлган. Шунингдек, талабалар ҳужраларда яшаб ўз билимлари мустаҳкамлаган, дарсларини тайёрлаган.Шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган мадраса шаҳарликлар ва шаҳар меҳмонлари учун ўзига хос маёқ вазифасига ҳам эга бўлган.

Маълумотларга кўра, 1830-1831 йилларда Тошкент ҳокими Лашкар Бегларбегининг даврида мадрасанинг дарсхона ва масжид ўнгидаги нураб тўкила бошлаган зангори гумбазлари ва иккинчи қаватнинг ғиштлари кўчириб олиниб, ҳозирги кунда бузилиб кетган Бегларбеги мадрасаси (бозорнинг юқори қисмида)нинг қурилишида ишлатилган экан.

Архив ҳужжатларида 1872 йили мадраса вақфида 321 та дўкон бўлгани қайд этилган. Мадраса иш бошқарувчиси, яъни мутавалли умумий даромадни мударрисларга, сўфига, ичимлик суви билан таъминловчи мешкобчига, сартарошга, талабаларга ва мадрасада истиқомат қилиб турган усталар, мусофирларга тақсимлаб берган. Ҳатто, уйсиз ғариб ва ночорлар ҳам мадрасанинг бир қисмидан қўним топган.

1902-1903 йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли таъмирлаш ишлари тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги асл ҳолатига қайтаришнинг иложи бўлмади.

Мадрасада тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф кабиларга оид илмлар асосий фан сифатида ўқитилган. Шунингдек, адабий, табиий, ижтимоий ва аниқ фанларга йўналтирилган соҳаларда ҳам сабоқ бериб келинган. Нақлий илмлар асосий мутахасислик фанлари сифатида ўқитилган. Чунки маъмурий ва ҳуқуқ тизимларида иш олиб бориш учун бу илмларни яхши ўзлаштирган бўлиши лозим эди.

Совет даврида шаҳардаги меъморчилик обидалари қаровсиз қолдирилди. Шу сабабли бошқа ёдгорликлар қатори Кўкалдош мадрасаси ҳам хароба кўринишга келиб қолди. Фақат 1954 йилда оз-моз таъмирлаш ишлари олиб борилган. Аммо Кўкалдош мадрасасини таъмирлаш баҳонаси билан унинг ёнида жойлашган Хўжа Аҳрор мадрасаси “қурбон” бўлган. Сабаби унинг ғиштларини Кўкалдош мадрасасини таъмирлаш учун олинди, деб беш юз йиллик тарихий обида, ўзбек халқининг маданий мероси йўқ қилинди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, тарихий-меъморий обидалар қайтадан таъмирланди. Хусусан, Кўкалдош мадрасаси ўтмишни акс эттирувчи меъморий ёдгорлик ҳолатига келтирилди. Бу тарихий илм масканида совет даврида тўхтатилган мадраса фаолияти 1991 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида қайтадан жонлантирилди. 1999 йилдан ушбу таълим даргоҳи “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 августдаги 364-сонли Қарори билан ушбу ўқув даргоҳини битирган талабаларга бериладиган диплом давлат ҳужжати сифатида эътироф этиладиган бўлди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртининг равнақ топишида, таълим тизимининг юқори савияда ташкил этилишида кўмак бериб келмоқдалар. Мадрасадаги ўқув, маънавий ва илмий жараёнларнинг ривожланишида айни шу ташкилотлар томонидан аниқ дастурлар ва кўрсатмалар, шунингдек, кўмаклар кўрсатиб келинмоқда.

Ўтган йиллар давомида Кўкалдош мадрасаси юртимизга турли малакали диний кадрларни етиштириб чиқарди. Шундай билимли, маънавиятли, етук кадрларни етишиб чиқишида фидойи мударрис устозлар, ўқитувчиларнинг ўрни каттадир. Мадраса 1999 йил расмий рўйхатдан ўтиб иш фаолиятини бошлагач, Абдулҳаким Матқулов, Ҳомиджон Эшматбеков ушбу билим юртининг мудири сифатида фаолият юритиб, ҳозирда бу вазифани Зиёвуддин Мирсодиқов бажариб келмоқда. Мадрасанинг бошқа раҳбарлик  лавозимларида ишлаганлар орасида Таваккал Кенжаев, Аброр Аброров, Абдухолиқ  Жўраев, Нўъмон Мўминов, Рустам Ахунджанов, Маъмур Эркаев, Абдулвосеъ Ғаниев кабиларнинг номларини айтиб ўтиш мумкин.

Кўкалдош мадрасасида етук, малакали устозларнинг тинимсиз меҳнати, илм-маърифат йўлидаги сайи-ҳаракатлари билан талабалар турли фанлар бўйича билимларга эга бўлиб келмоқдалар. Жумладан, араб тили грамматикаси фани бўйича Дўстмуҳаммад Насриддинов (Бодарий), Абдусалом Восиев, Искандар Халилов, тафсир фанида Муҳаммадлатиф Жуман ўғли, Тўлқин Каримов, ақоид ва фиқҳ фанларида Абдуқодир Пардаев, Жалолиддин Холмўминов, Ҳасан Қодиров, ҳадис фанлари бўйича Эркин Миркомилов, Олимжон Маъзамов, Шокир Мадаминов, қироат фанида Аюбхон Сўпиев, ислом тарихи фанида Абдулла Исмоилов, Қаҳрамон Мақсадов, Жалолиддин Аҳмедов кабилар етук мутахасис мударрислар сифатида талабаларга таълим бериб келганлар ва беришмоқдалар. Шунингдек, Муродилла Ходжаев, Исомиддин Алимов, Қудратилла Сидиқметов, Нусратилла Мақсумов, Аълобек Юсупов, Қаҳрамон Тўраев, Нуриллоҳ Мирзааҳмедов, Бахтиёр Расулов, Абдулла Мингниёзов, Ботирхон Абдуллаев, Ислом Маматов, Шерзод Йўлдошев, Асрор Норқулов, ёш малакали кадрлардан Боҳодир Даминов, Ойбек Ҳошимов, Жасур Кулбоев, Фахриддин Боймуратов, Ғиёсиддин Баратов, Нодир Жалолов, Муҳаммадяҳё Ходжаев, Шавкат Камолов кабилар таълим бериб келмоқдалар.

Дарслар замонавий интерфаол усулларда ташкил этилган бўлиб, талабалар мутахасислик фанлари билан биргаликда ижтимоий-гуманитар, табиий ва аниқ фанлар бўйича малакали ўқитувчилар томонидан таълим олиб келмоқдалар.

Мадраса мударрислари томонидан кўплаб китоблар, дарсликлар, рисолалар, таржима асарлар, мақолалар чоп этиб келинмоқда. Жумладан, Дўстмуҳаммад Насриддин Бодарийнинг “Мукаммал сарф дарслиги”, “Ақоид дарслиги”, “Наҳв дарслиги” номли китоблари, Абдуқодир Пардаевнинг “Эътиқод дурдоналари”, “Ақоид дарслиги” номли китоблари, Искандар Халиловнинг “Жаннат оналар оёғи остида”, Жалолиддин Холмўминовнинг “Оилада сиз масъулсиз” рисолаларини,  таржима асарлардан мадраса мударриси Эркин Миркомиловнинг буюк алломаларимиздан Ҳаким Термизийнинг “Сарахс аҳли саволларига жавоблар”, “Валийлар ҳаёт йўли” асарларини, Муҳаммад Толиб Сиддиқийнинг “Матлаб ут толибин” асарини таржима қилишда, Ойбек Ҳошимовнинг “Исломда оила” номли ҳаммуаллифликдаги рисоласи ва доктор Оиз Қарнийнинг “Ўкинма” асарини таржималарини алоҳида келтириш мумкин.

Кўкалдош мадрасасида ўқув хоналари барча замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Замонавий стол ва стул, хонани совутиш ва иситиш мосламалари, ҳатто, ҳар бир хонага гиламлар солинган. Асосий ўқув хоналарида проекторлар ўрнатилган. Информатика хонасида талабалар компьютер илмлари бўйича билимларга эга бўладилар. Шунингдек, ушбу билим юртида барча ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар учун бепул тушлик ташкил этилган. Сартарошхона, бепул тиббий муолажа хонаси, кутубхона барча қулайликларга эгалиги билан аҳамиятлидир. Кутубхонада 12 мингдан зиёд китоблар, дарсликлар, бадий адабиётлар сақланади. Шунингдек, ноёб манбалар бурчаги ташкил этилган бўлиб, унда 50 га яқин қўлёзмалар ўрин олган.

Талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун турли тўгараклар ташкил этилган. Улар халқ амалий санъатининг хаттотлик, наққошлик, ўймакорлик санъатининг нозик сир асрорларини ўрганиб келмоқдалар.

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртида республикамизнинг турли жойларидан талабалар таълим оладилар. Шунинг учун талабаларга ётоқхона ҳам ташкил этилган. Олдин ётоқхона мадраса биносининг ўзида жойлашган бўлса, 2013 йилдан буён Кўкалдош мадрасаси талабалари учун алоҳида Назарбек талабалар турар жойи фаолият кўрсатиб келмоқда. Унда мавжуд бўлган 100 ўринга яқин шинам ётоқхоналар, ошхона, маънавият хонаси кабилар талабаларнинг яхши дам олишларига мўлжалланган.

Хулоса қилиб қилиб айтганда, Тошкент мадрасалари орасида бугунги кунда шаҳарнинг марказида жойлашган Кўкалдош мадрасаси зиё чашмаси сифатида юртимизга малакали диний кадрларни етиштириб чиқармоқдалар. Бунинг учун ушбу ўқув даргоҳида барча қулайликлар ва имкониятлар эшиги очилгандир.

Тошкент шаҳрида ўқув муассалари тарихи бўйича ўрганишлар асосида шуни англаш мумкинки, бу заминда таълим-тарбия тизими бир зум ҳам тўхтамаган. Айни ўрганилаётган XIX асрнинг охирлари XX асрнинг бошларида  ҳар бир кишида билим олиш имконияти яратилган. Бунда маҳаллий ўқув даргоҳлари саналган мактаблар, мадрасалар асосий рол ўйнаган. Уларда ўз даврига мос тизимли таълим жараёни мавжуд бўлган. Зиёли, маърифатпарвар аждодларимизнинг таълим жараёнини янада такомиллаштириш йўлида олиб борган изланишлари натижасида янгича дарс услублари, дарсликлар яратилиб, ўқувчиларга янги ўқув фанларини, хусусан, замонавий илм-фан ютуқларини ўргатиш жорий этила бошланган.

 

Билим юрти жойлашган манзил:
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 46-уй.

Манба: муаллиф Тангиров Обид Эшмахматович, “XIX аср охири –  XX аср бошларида Тошкент шаҳрининг маҳаллий ўқув муассасалари тарихи”, “ABU MATBUOT – KONSALT” нашриёти 2017 йил

2014 Powered By Wordpress, Goodnews Theme By Momizat Team