Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан танишиб, ушбу маскан бизга буюк аждодларимизнинг кимлигини англатиши, маънавият, маърифатни тарғиб этишини таъкидлаган, бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини қайд этган эди.
Айни пайтда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан юртдошларимиз келиб, илмий марказ ва Ҳадис мактабида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар, бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишмоқдалар.
Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан яқиндан танишиш мақсадида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири М.Насриев бошчилигида бир гуруҳ устозлар жорий йилнинг 28 январь куни мазкур масканга ташриф буюрдилар. Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ҳамда марказ ходимлари меҳмонларни илиқ кутиб олдилар.
Дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг мақбараси зиёрат қилинди. У зотнинг рухларига Қуръон Карим тиловат савоблари бағишланди.
Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган марказ ва Ҳадис илми мактабининг яратилиши тарихи, бу ерда икки йил давомида амалга оширилган қурилиш, бунёдкорлик ишлари, илмий ходим ва тингловчиларнинг буюк аждодлар меросини ўрганишлари учун яратилган шароитлар, марказдаги тарихий қўлёзмалар фондида сақланаётган асарларни ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, Имом Бухорий ҳаёти ва ижодига бағишланган музей билан танишиб, батафсил маълумот олинди.
Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Кўкалдош” таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида маслаҳатлашув олиб борилди.
Ҳадис илми мактаби биносида бўлиб, у ерда билим олиш учун яратилган шароитлар билан танишилди. Ўқув аудиториялари, талабалар турар жойи, спорт комплекси, ошхона ҳамда ахборот ресурс маркази кўздан
кечирилди. Бу ердаги имкониятлар ҳар бир илмга чанқоқ талабанинг орзуси эканлигини эътироф этдилди.
Х.Бойхўрозов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси