КАЛИТНИ УНУТДИНГИЗМИ?

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ислом динида ҳар бир амални, у намоз ўқиш ё Қуръон тиловат қилиш бўладими, овқатланиш ё касб-корни бошлаш бўладими, бир жойга кириш ё уйкуга ётиш бўладими, мактуб ёзиш ёки нутк  сўзлаш бўладими − барини «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) калимаси билан бошлаш буюрилган. Ҳадисда айтилишича, «Бисмиллаҳ»сиз бошланган ишнинг орти кесикдир, яъни муваффақиятли тугамайди ё баракоти бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: «Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деган: «Эй Муҳаммад, шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, сўнг «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» денг». Яна шу киши айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Бисмиллаҳ» нозил бўлмагунча сураларнинг ниҳоясини билмасдилар».

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): «Токи «Бисмиллаҳ» нозил бўлмагунича икки суранинг орасини ажратишни билмасдик», деган.

Абдуллоҳ ибн Нофеъ отасидан, у эса Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилиб айтади: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» ҳар бир сура аввалида нозил бўлган».

Юқори