Динимизда ҳаё жуда катта инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Аввало ҳаё сўзининг луғавий маъносини билиб олсак. “Ҳаё” сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак ҳаё инсоннинг айбга қолиш ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиши ва ўзгариши маъноларини англатади. Ҳаёли киши ўзгаларга ёмонлик қилишдан, ёмон сўзларни айтишдан тийилади ва Аллоҳга тақво қилади. Ҳаёсиз киши эса барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликлардан қайтарадиган нарса бу унинг ҳаёсидир. Ҳаё пайғамбарларнинг суннатларидандир.
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: ”Тўрт нарса расулларнинг суннатларидан: Ҳаё, ҳушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ”, дедилар. Ушбу ҳадиси шарифда ҳаё Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча пайғамбарларнинг суннати экани назарда тутилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё иймондандир. Иймон жаннатдадир. Ҳаёсизлик жафодир. Жафо дўзахдадир”, дедилар”.
Карамли хулқлар дини бўлган ислом ҳаёни иймон ва жаннатга киритадиган фазилат даражасига кўтаргандир. Шундай экан, ҳар биримиз ҳаёли инсонлардан бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Ибн Муфлиқ Ҳанбалий: “Ҳаёнинг ҳақиқати – у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсаларни қилишга, ёмон нарсаларни тарк этишга боисдир”, деганлар.
Журжоний:”Ҳаё- нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан эҳтиёт бўлиб, уни тарк қилишидир”. деганлар.
Имрон ибн Ҳусайин розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ҳаё фақат яхшилик олиб келади”, дедилар”. Имом Муслимнинг ривоятида эса: “ Ҳаёнинг ҳаммаси хайрлидир”. дейилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у барча пайғамбарларга хос муштарак сифат бўлган. Ҳар қандай ҳаёли ва тақволи инсон ўзгаларга зулм қилиб қўйишдан, қўйингки, инсон шаъни топталадиган ишни қилишдан Аллоҳдан ҳаё қилади.
Айниқса, бугунги давирда, ХХИ асрда ҳаё бутун инсониятнинг ялпи муаммосига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу эса ҳар бир инсондаги энг бебаҳо нарса – унинг шаъни ва ор-номусининг оёқости қилинишига, жамиятнинг таянч бўғини саналмиш оилаларнинг пароканда бўлишига олиб келаётган ғоятда ачинарлидир.
Албатта, ҳаё билан зийнатланиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир. Бунда биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғимиз, у зотнинг ҳаёларидек ҳаё қилишга ва у зотнинг йўлларидан юришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
3 – курс талабаси Муҳаммаджонов Мадумаржон