Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам адолатда ҳам тенги йўқ зот бўлиб, ҳаққа мувофиқ ҳукм чиқаришлари билан танилган. Рисолат ва диёнатни адо этиш борасида беқиёс омонат соҳиби бўлиб, ўзларига номуносиб ишларга асло яқин йўламаганлар. Одамлар ичида энг ростгўйи ва адолатлиси, билимдони, тўғри ҳукм чиқарадигани, меҳрибони ва ишончлиси эдилар. У зот мисли йўқ омонат эгаси, хиёнат содир бўлиш эҳтимоли йўқ, умрларида бир оғиз ёлғон гапирмаган зот эдилар. Бу хислатларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этишга мажбур бўлган. Пайғамбар бўлишдан олдин «Ассодиқул Амин», яъни «Ростгўй Ишончли» деб аталганлари ҳам сўзимиз исботидир. Ибн Исҳоқ: «Аллоҳ таоло у зотда гўзал хулқларни жамлаганидан «амин- ишончли» деган шарафли номга сазовор бўлган», дейди. Аксар муфассирлар Аллоҳ таолонинг: «Итоат қилинган, омонатдордир»[1], деган сўзидан мурод Муҳаммад алайҳиссалом», дейди. Бошқа муфассирлар Жаброил алайҳиссалом, деган фикрни билдиради. Қуръоннинг мазмуний баёни ҳам Муҳаммад алайҳиссалом эканини қувватлайди.Қандай бўлмасин,Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур икки сифат билан сифатланишларини ҳеч ким инкор қилмайди.
Имом Аҳмад, Ҳоким ва Тобароний келтирган ривоятга кўра, Каъба қурилишида Ҳажарул асвадни ўрнига қўйиш ҳақида Қурайш билан бошлиқлар ихтилоф қилиб, гуруҳ ва тоифаларга ажралади. Ноиложликдан муоммони бартараф учун эшикдан биринчи кириб келган кишини ҳакам қилишга рози бўлишди. Кутилмаганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Бу воқеа пайғамбарликларидан олдин бўлди. Ҳаммага маъқул тушиб: «Бу Муҳаммад. Бу амин, унга розимиз», дейишди.
Ибн Абу Шайба «Мусоннаф» ида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳга қасамки, шубҳасиз мен осмонда ҳам амин-ишончлиман, ерда ҳам ишончлиман», деган сўзлари келтирилади. Яъни, у зот Аллоҳ таолонинг, муқарраб фаришталарнинг, мўминларнинг наздида ишончлидир. Ваъдага вафо қилишлари, ростгўйликларини синаб кўрган ҳар бир кишининг наздида ишончлидир. Робеъ ибн Хусайм: «Росулуллоҳга жоҳилият даврида ҳакамлик қилишлари учун мурожаат қилинар эди», дейди.
Имом Термизий санади билан Али розияллоҳу анҳудан қуйидаги ивоятни келтиради: «Абу Жаҳл Росулуллоҳга: «Биз сени ёлғончи демаймиз. Лекин сен келтирган нарсани ёлғон деймиз», деди». Аллоҳ таоло: «Улар сени ёлғончига чиқараётганлари йўқ, балки золимлар Аллоҳнинг оятларини инкор қилмоқдалар»[2] оятини нозил қилди. Бу оятда уларга қаттиқ таҳдид ва огоҳлантириш, Пайғамбаримизга эса тасалли ва таскин бериш бор.
Ибн Шиҳоб Зуҳрийдан ривоят қилинади: «Бадр кунида Ахнас ибн Шурайқ Абу Жаҳл билан учрашиб: «Эй Абул Ҳакам, бу ерда гапимизни эшитадиган иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ. Менга Муҳаммаднинг ростгўй ёки ёлғончилигини хабар берсанг», деди. Шунда у: «Муҳаммад ростгўй. У ҳеч қачон ёлғон гапирмаган», деди[3]. Икки шайх ривоят қилади: «Ҳирақл Абу Суфёндан у зот ҳақида сўраб: «Айтган гапини айтишидан олдин ҳам уни ёлғончиликда айблармидингиз?», деди. У: «Йўқ», деди. Ана шу саволнинг ўзи Ҳирақлнинг ақл-фаросати ва пайғамбарлар сифатларидан хабардор эканига далолат қилади. Лекин амалдан йироқлиги боис бу илми унга наф бермади. Умар розияллоҳу анҳу унга қарашли ерларни фатҳ қилгандан кейин куфрда ўтди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Назр ибн Ҳорис қурайшликларга: «Яхши биласизки, Муҳаммад ичингизда ёш йигит эди. Ўшанда уни ичингиздаги энг яхши, тўғри сўз ва омонатдор деб мақтар эдингиз. Ёши улғайиб, чекка сочларига оқ тушганда ва рисолатни келтирганда ундан юз ўгириб: «Сеҳргар» дейсизми? Йўқ! Аллоҳга қасамки, у асло сеҳргар эмас», деди[4].
Икки шайх Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «У зот никоҳларида бўлмаган аёлнинг қўлини ҳеч қачон тутмаган». Бу ривоят у зотнинг иффатли ва шубҳадан йироқ бўлганларига далолат қилади. Абул Аббос Мубаррад: «Кисро ўз кунларини: «Агар шамолли кун бўлса, уни уйқуга, булутли кун бўлса, уни овга, ёмғирли кун бўлса, уни шароб ичиб, ўйин-кулгу қилишга, қуёшли кун бўлса, халқнинг арз-шикоятларини эшитишга муносибдир», деб тақсимлар эди». Ибн Холавайҳ айтади: «Уларнинг дунё ишлари билан машғул бўлишларини билардим. Бу каби тақсимлари Аллоҳ таолонинг: «Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар охиратдан ғофилдир»,[5] деган сўзига мувофиқ келади. Лекин Пайғамбаримиз кунларини уч қисмга бўлиб, бир қисмини Аллоҳнинг тоатига, бир қисмини оила аҳлига ва яна бир қисмини ўзларига ажратдилар. Ўзларига тегишли қисмни ўзлари ва одамларга ажратдилар. Омма учун хослардан ёрдам сўраб: «Менга арзу шикоятини етказишга имкони йўқларнинг арзу шикоятини етказинглар. Ким менга етказишга имкони йўқларнинг арзу шикоятини етказса, «Энг катта қўрқув» кунида Аллоҳ унга омонлик беради»[6], дер эдилар. «Энг катта қўрқув» куни Қиёмат ёки иккинчи сур чалиш вақти.
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ бирон
кишини бировнинг қилган айбини деб койимас, бировнинг биров ҳақида айтганини тасдиқламас
эдилар»[7]. Али розияллоҳу
анҳу ривоятида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Жоҳилият
аҳли қиладиган ишлардан бирортасини қасд қилмадим. Фақат икки мартаси бундан
мустасно. Ҳар сафар Аллоҳ таоло мени қилмоқчи бўлган ишдан тўсди. Сўнг Аллоҳ
таоло рисолатини менга юборгунга қадар ёмонликни қасд қилмадим.[8]
Бир кеча мен билан қўй боқадиган йигитга: «Менинг қўйларимга қараб турсанг,
Маккага бориб, ёшлар тунда бедор бўлгандек бедор бўлсам», дедим. Шу мақсадда
чиқдим. Макканинг биринчи ҳовлисига етганимда, тўйда ўйин-кулгу учун
чалинаётган ноғора ва най овози аралаш қўшиқ эшитдим. Бироз қараб ўтирдим.
Қулоғимга ҳеч нарса эшитилмади ва ухлаб қолдим. Мени (баданимга) теккан
қуёш ҳарорати ўйғотди. Ҳеч нарсадан бехабар ҳолда қайтдим. Шунга ўхшаш нарса
менда яна бир марта бўлди. Шундан кейин ёмонликни қасд қилмадим».[9]
Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини жоҳилиятнинг ярамас ва бемаъни урф-одатларидан
ҳимоя қилган.
[1] Таквир сураси, 21-оят.
[2] Анъом сураси, 33-оят.
[3] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти.
[4] Ибн Исҳоқ ва Байҳақий ривояти. Бу ва олдинги ривоятларда душманлар томонидан қилинган эътирофларга гувоҳ бўлдик. Ҳақиқий устунликни душман ҳам тан олади, деганлари бежизга эмас.
[5] Рум сураси, 7-оят.
[6] Имом Тобароний «Ал-Кабир»да ҳасан санад билан Убу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. Унда «Аллоҳ Қиёмат кунида унинг қадамларини сирот узра собит қилсин», деган лафз билан келган.
[7] Имом Абу Довуд «Маросил» деб аталган мурсал ҳадислар тўпламида келтирган.
[8] Рисолат бу-пайғамбарлик. Пайғамбарликдан кейин Аллоҳнинг амрига хилоф қилишлари тасаввур қилинмайди.
[9] Ибн Жарир Тобарий, Ибн Роҳавайҳ «Муснад»ида, Байҳақий «Далоилун Нубувва» китобида келтирган. 03\’3f\loch\f0