Суюкли болаларим!
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом 571 йилда таваллуд топганлар. Ушбу йил Фил йили деб номланади. У зот етим бўлиб туғилганлар, таваллудларини эшитиб боболари ва бутун Қурайш қабиласи жуда хурсанд бўлган.
Арабларнинг одати бўйича болалар тоза ҳавода соғлом ўсиб-унишлари учун уларни ҳали эмизикли пайтларида чўлликларга бериб юборишарди.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломни биринчи бўлиб оналари Омина бинти Ваҳб тўққиз кун эмизган. Кейин амакилари Абу Лаҳабнинг собиқ чўриси Сувайба бир неча кунгина эмизган. Сувайба Пайғамбаримиз таваллудларининг хушхабарини етказганда Абу Лаҳаб уни озод қилиб юборган эди.
Ундан кейин эса Ҳалима Саъдийя эмизади. Аввалига у бола эмизувчи хотинлар бозорига келиб ўзига чақалоқ қидира бошлайди. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломдан бошқасини тополмайди. Аслида эмизувчилар пул билан таъминлаб турадиган отаси бор болаларни исташарди. Пайғамбаримизнинг шароитлари эса эмизувчиларга маъқул келмасди. Омина жигаргўшаси Муҳаммадни уларга таклиф қилганда, эвазига бирор нарса олишидан ноумид бўлиб У зотга парво қилмадилар.
Ҳалима уйга қуруқ қўл билан қайтади. Эри унга: “Нима бўлди, Ҳалима, боласиз ёлғиз ўзингиз қайтибсиз?” дейди. У эса бўлган воқеани айтиб беради: “Биттагина етим болани тополдим, холос. Аммо бобоси ва онаси менга бирор нарса беролмаса керак. Шароитимиз эса ўзингизга маълум. Бунақада қандоқ қилиб кун кечирамиз?! Лекин ўша етим чақалоқни кўрганимдан бери унга меҳрим тушиб қолди. Қайтиб бориб уни олиб келишни ич-ичимдан хоҳлаяпман”.
Эри унга: “Ундай бўлса, қайтиб боринг, шоядки, Аллоҳ у туфайли бизга барака берса”, деди.
Шундан сўнг Ҳалима қайтиб бориб ул зотни олиб келади. Унга кўксини тутганда кўкраги бирдан сутга тўлади, чақалоқ эса эмиб қорни тўяди. Ҳаттоки яна бошқа бир боланинг ҳам қорнини тўйдиришга етади.
Ҳалима ҳайратда қолади. Ахир билардики, кўкрагида сут деярли йўқ эди. Қандай қилиб сутга тўлдию бу болалар қандай қилиб тўйиб қолди?! У шу паллада ўзига бу етим гўдакнинг баракаси насиб бўлганини англаб етди.
Унинг бир туяси бор эди. Эри бориб қараса, туянинг елини сутга тўлибди. Соғиб, аёли билан икковлон ичиб қонишади. Хурсанд бўлиб: “Баракали болани қўлга киритибмизда”, деб қўйишади.
Уйга – Бани Саъд қабиласига қайтиш олдидан Ҳалима ўзларининг имиллаб юрадиган оқсоқ эшакларига минади. Бироқ Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга минганларида эса у бирдан тез юрадиган бўлиб қолади ва жамоадаги ҳаммадан ўзиб кетади.
Ҳалима она уйга қайтиб кўрсаки, қўйлари қориндор, елинлари сутга тўла бўлиб қолибди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳалималарникида икки йил турдилар. Ўтаётган ҳар бир кунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан Ҳалиманинг ҳайрати ортиб борарди. Буларнинг барчаси ушбу боланинг буюк шаънига далолат қиларди.
Икки йилдан сўнг Саййида Ҳалима У зотни оналарига қайтариб олиб келди. Аммо яна биргаликда ўзи билан олиб кетишни истарди. Шу сабабли Оминанинг кўнгилларини хотиржам қила кетди. Омина ҳам Муҳаммад алайҳиссаломни у билан кетишига рози бўлди. Бу муборак гўдак яна бир бора хонадонларига ташриф буюраётганидан Ҳалима онамиз хурсанд бўлиб қайтиб келди.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хонадонга ўрганган ва хонадон аҳли, тенгдошлари билан тил топишган, эмикдош опалари Шаймонинг қарамоғида ухлашга одатланган эдилар.
У Зот алайҳиссалом дўстлари ва тенгдошлари билан қаерда ўйнасалар, Ҳалима онамиз жуда эътибор ва диққат билан кузатиб, хавотирланар эди. Кун келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт ёшга етдилар, уларнинг лаҳжаларини мукаммал ўрганиб улардан кўп нарсаларни таълимини олдилар.
Кунларнинг бирида болалардан бири баланд овозда “Қурайшлик укамни ўлдириб қўйишади!“ деб Ҳалима онамизнинг олдиларига югуриб келди. Ҳалима онамиз “Ваҳ гўдагим-а….” дея дод солиб югуриб кетдилар. Пайғамбаримиз ётган жойга етиб келдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ранглари ўчиб кетганини кўрдилар. Ҳалима онамиз йиғлаб келиб “Болажоним сенга нима бўлди? Ким нима қилди?” дедилар, муҳаббат ва шафқат ила бағирларига маҳкам босдилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Она, мени олдимга уч киши келди. Уларнинг қўлида тилладан бўлган чилопчин, уни ичида эса қор бор эди. Мени дўстларим орасидан олиб ерга ётқизишди. Бири менинг кўкрагимни киндигимга қадар ёрди. Мен эса буни кўриб турдим, лекин оғриқ сезмадим. Сўнг ичимдан бир нарсани олиб чиқариб уни ёрди ва ундан қора лахта қонни чиқариб ташлади. Ўша аъзойимга тамға урди ва жойига қайтиб қўйди. Сўнг кўксимдан киндигимгача силади ва Аллоҳнинг изни билан ёриқ ёпилиб кетди. Сўнг улар мени бағирларига босдилар. Пешонамни ва икки кўзим орасини ўпиб: “Эй Ҳабиб, қўрқма…“ дейишди. Бири иккинчисига қараб “Умматининг ўнтаси билан ўлча”, деб айтди. У мени ўлчаганида мен оғир келдим. Сўнг унга “Умматининг минг кишиси билан ўлча”, деди. У яна мени ўлчади мен яна оғир келдим. Шунда у: “Бўлди ўлчама, агар бутун уммати билан ўлчасанг ҳам оғир келаверади”, деди”, деб бўлган воқеани бафуржа айтиб бердилар. Ҳалима онамиз бу воқеаларни эрларига айтиб бердилар. Эрлари уларга: “Эй Ҳалима, мен бу болага нимадир хатар етиб қолишидан қўрқяпман. Бирон корҳол юз бермасидан оиласига олиб бориб берақол”, деб айтди.
Ҳалима онамиз ва эрлари Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламни олиб Маккага олиб келишди. Омина онамиз: “Сизни нима бу ерга олиб келди, эй меҳрибон энага?” дедилар. Ҳалима она: “Мана ўғлингизни саломат ҳолда Аллоҳ келтирди. Мен ҳам зиммамдаги ҳақни бажардим. Мен унга бирон зарар етиб қолишидан қўрқдим ва уни олиб келдим.”, дедилар. Омина онамиз: “Боламга ҳеч ёмонлик етмайди, қўрқманг. Чунки Аллоҳ унга бир вазифа берган”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Омина онамиз билан қолдилар. Уларни туну кун парвариш қилиб қарар эдилар. Пайғамбаримиз Макка аҳлининг муомаласини ўргана бошладилар, Макка кўчаларини сайр қилардилар, Каъбаи мушаррафани ва унинг атрофида тавоф қилувчи инсонларни тамоша қилардилар. Булардан завқ олардилар. Бироқ у ердаги бутларни қўриб маҳзун бўлиб, қалблари хира бўларди.
Шу йўсинда кунлар ўтиб Расулуллоҳ олти ёшга тўлдилар. Оналари У зотни олиб Мадинадаги тоғаларини ва у ердаги оталарининг қабрларини зиёрат қилишга олиб кетдилар. Оталарининг қабри Бани Нажжор қабиласидаги тоғаларининг ҳузурида эди. Шу қабилада бир ой туриб Мадина ҳаётидан баҳраманд бўлишди.
Оналари билан қайтаётганларида Макка ва Мадина орасидаги Абво деган жойда Омина онамиз вафот этиб қолдилар. Омина онамиз ўлим олди шундай дегандилар: “Ҳар бир тирик ўлади, ҳар бир янги эскиради ва ҳар бир кўп озаяди. Мен ҳам ўламан, лек зикрим боқий. Ўзимдан кейин яхшилик қолдириб кетяпман ва мен покдомон зурриётни оламга тортиқ қилдим”. Фарзандлариниг юзига қараган ҳолда руҳларини Холиққа топширдилар. Пайғамбаримиз кўзлари жиққа ёш билан оналарига назар солиб ўтирар эдилар.
Шундай қилиб, онанинг қорнидалик чоғларидаёқ отадан, олти ёшларида онадан ажралиб етим ҳолда ўсдилар. Ёшлик чоғдаёқ ота-она меҳридан жудо бўлиш аламини тортдилар. Оналарини Абвога дафн қилиб энагалари Умму Айман билан Маккага қайтиб келдилар.
Боболари Абдулмутталиб У Зотни ўз қарамоғига олдилар. Пайғамбаримизни боболари ўринларига ўтказиб белларини силардилар. У зотга оталарига ҳам кўрсатмаган меҳрни берардилар. Фақатгина набиралари билан таомланардилар. Аҳли оила ва қариндошларига: “Бу набирам келажакда катта иш қилади!” дер эди. Вафотига қадар Пайғамбаримизни ғамхўрлик ва эътибор билан парваришлади. Ёш Муҳаммадни бобосининг фироқида ўксинтириб йиғлаган ҳолида ташлаб кетди. Пайғамбаримиз ғамхўр боболари айрилиғига сабр-ла турдилар.
У Зотнинг кафолати амакилари Абу Толибга ўтди. Абу Толиб Абдулмутталиб уруғининг ёши улуғи ҳам, катта мол-давлатга ҳам эга эмасди. Лекин у қавми ичида шарафли, мартабали ва обрў эътибори бор киши эди. У жияни Муҳаммадни болаларидан-да яхши кўрар, ўз олдида олиб ётар, қаерга борса олиб кетар эди. Болаларини овқатлантираётганда: “Муҳаммад келгунча кутиб туринглар”, деб Пайғамбаримиз алайҳиссалом келиб овқатга ўтирмагунларича ушлаб турарди. У Зот келардилар ва бирга овқатланишарди. Ҳамма тўйиб таом ҳам ортиб қоларди. Абу Толиб жияни Муҳаммаддан ажабланиб у зотга “Сен баракотлисан”, деб қўярди.
Ҳақиқатда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам энг мукаррам хулқлар ва гўзал одоб билан безанган эдилар ва бу нарса Абу Толибни жиянларига янада муҳаббатини кучайтирарди.
Пайғамбаримиз амакиларининг оиласи катта, аммо мол-давлати камлиги сабаб уларга оғирлик келмаслиги учун кичик ёшларида қўй боқишга чиқадилар.
У зот Макка аҳлининг чор пойларини ҳақ эвазига Сафо тоғи яқинидаги Ажёд деган ерида боқиб берардилар. Шунинг эвазига амакиларига ёрдам қилардилар. Шундай қилиб Пайғамбаримиз ёшлик чоғлариданоқ масъулиятни кўтардилар ва ризқ топишга киришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда саҳобаларга айтгандилар: “Аллоҳнинг бирор пайғамбари йўқки, қўй боқмаган бўлса”. Шунда Саҳобалар: “Сиз ҳамми?” дейишди. Расулуллоҳ: “Ҳа, Қароритда (баъзи ривоятларда қарорит қийротнинг кўплиги бўлиб, бир қийрот бир дирҳамнинг олтидан бирига тўғри келади, дейилган. Бу ерда эса қарорит макон маъносида) Макка аҳлининг қўйларини боқиб берганман”, дедилар. Пайғамбаримиз ёшликларида шу ишларни қилганлар, чунки энг яхши мол пешона тери ва қўл меҳнати билан топилгани эканини яхши билардилар.
У зот бирор бир кишига ортиқча юк бўлишни хоҳламасдилар. Аслида Пайғамбаримиз бутун умр амакиларининг қарамоғларида қолганларида ҳам ортиқчалик қилмас эдилар ва Абу Толиб шикоят ҳам қилмас эди. Чунки у жиянининг кафиллигини олгандан бери дастурхонига кирган баракани кўриб турган эди. Бироқ Расулуллоҳ ўз қўллари ва меҳнатлари билан ризқ ейишни хоҳладилар токи уммат ёшларига ҳалол касби кор қилишда тирик намуна бўлишлари ва етакчи бўлишлари учун.
Барча пайғамбарларнинг қўй боқишида эса буюк ҳикмат бор. Қўй энг ювош ҳайвон бўлиб боқувчисининг қалбига юмшоқлик, лутф, меҳр ва шафқат ўрнаштиради ҳамда унга ҳикматни ўргатади. Чидамлилик, оғирликларга сабр бардошли бўлишга ундайди. Токи инсонларнинг иши унинг қўлига топширилганда ҳикмат, сиёсат ва заковат билан бошқара олиши учун. Шу сабаб пайғамбарлар катта ҳаётга киришни қўй боқиш билан бошлашган.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударрислари Рустам Охунд ва Охунжон Аҳмад
“Ҳаяту Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам” – “Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари”
китобидан таржимаси