Саховат деганда инсонлар манфаатини кўзлаб, эзгулик йўлида мол-мулкни инфоқ-эҳсон қилиш тушунилади. Саховат инсонни худбинлик иллатидан халос қилади. Саховат туфайли дунёга муҳаббат қалбдан чиқиб кетади ва шу орқали инсон Аллоҳ таолога янада яқинлашади.
Барча фазилатларда ҳаммага намуна бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссалом саховат борасида ҳам пешқадам бўлганлар. У зот алайҳиссалом жуда саховатли, қўли очиқ инсон эдилар. Бировга инфоқ-эҳсон қилишда фақир бўлиб қолишдан қўрқмасдилар. Саҳобаи киромлар у зотнинг саховатлари ҳақида кўп ва хўп гапирганлар, Набий алайҳиссаломнинг саховатларига ажиб таърифлар берганлар. Қуйида ана шу таърифлардан айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар».[1]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тўқсон минг дирҳам олиб келиб, бир бўйранинг устига қўйишди. У зот уни тақсимлашга тушдилар. Ҳаммасини тақсимлаб бўлгунларича ким ёрдам сўраб келса, қуруқ қайтармадилар».[2]
Сафвон ибн Умайядан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга жуда кўп ҳадя берганлар. У зот мусулмон бўлишимдан олдин мен учун энг ёмон одам бўлган бўлсалар, ҳадя беравериб, мен учун энг суюкли одамга айландилар».[3]
Абдуллоҳ Ҳавзанийдан ривоят қилинади: «Билол розияллоҳу анҳу билан кўришиб қолиб, «Эй Билол, менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инфоқлари қандай бўлганини айтиб беринг», дедим. У киши: «Пайғамбар алайҳиссаломга тааллуқли иш бўлса, ўша ишни қилардим, (яъни молларига мен қарар эдим). Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар қилиб юборганидан то вафотларига қадар шундай қилдим. Агар у зотнинг ҳузурларига бирор киши мусулмон бўлиб келса, уни кийимсиз ҳолда кўрсалар, (ўзларида етарли маблағ бўлмаса) менга қарзга кийим сотиб олиб, унга беришни ва овқат беришни буюрардилар», дедилар».[4]
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари мақталиш ёки бирор маломатдан қочиш учун бўлмаган. Ёки у зот бундан фахрланишни ва маддоҳларнинг мақташини ният қилмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари дин ҳимояси, даъватни қўллаб-қувватлаш ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларга қарши чиқишга қаратилган эди.
Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима сўралса, берардилар. Сафвон ибн Умайя ҳали мусулмон бўлмасидан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келганида унга бир водий тўла қўйларни ҳадя қилдилар. У қавмининг олдига бориб: «Эй қавмим, Исломга киринглар. Чунки Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган киши берадиган даражадаги ҳадяни берди», деди». Бошқа бир ривоятда: «Фақирликдан қўрқмас экан», дейилган.
Ҳунайн ғазоти куни ҳам озод этилган кишиларнинг қалбларини Исломга мойил қилиш учун уларга кўплаб ҳадялар улашдилар. Ўшанда юзталаб туя тарқатдилар. Бундай ҳадяни олганлар орасида Молик ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Сўнгра Молик ибн Авф ана шу ишлари сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ этиб, қасида ҳам битган.[5]
Пайғамбаримиз мол-дунё сақлашни асло ёқтирмаганлар. Қўлларига тушган ғанимат ва ўлжаларни камбағалларга, муҳтож мўмин-мусулмонларга инфоқ қилганлар. Етимларнинг бошини силаб, беваларнинг моддий таъминотига ғамхўрлик қилганлар. Хўжайини билан пул эвазига озод бўлишга келишиб олган қулларни озод қилганлар. Яна шуниси аҳамиятлики, Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ва оилаларидан кўра бошқаларга кўпроқ саховат кўрсатганлар. Бир нарсага ўзлари ҳожатмандроқ бўлишларига қарамай, бошқаларга берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ йўлида иложи борича кўпроқ инфоқ-эҳсон қилишга ҳаракат қилардилар, ҳар қанча кўп эҳсон қилсалар ҳам, уни оз санардилар. Ислом йўлида у зотдан бирор нарса сўралса, ҳеч қачон рад жавоби олинмаган.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нарса сўраб келишган эди, сўраган нарсаларини бердилар. Сўнг яна сўрашди, уни ҳам бердилар. Сўнг яна сўрашди, уни ҳам бердилар. Охири олдиларида ҳеч нарса қолмаганда: «Ҳузуримдаги ҳадя-ўлжалардан бирортасини сизлардан яшириб, ғамлаб олмайман. Ким иффат истаса, Аллоҳ уни иффатли қилиб қўяди. Ким ўзини тийса, Аллоҳ уни бой қилиб қўяди. Ким сабрли бўлишга ҳаракат қилса, Аллоҳ унга сабр бериб қўяди. Зеро, кишига сабрдан кўра хайрли ва кенгроқ нарса берилган эмас» деб, қаноатли бўлишга чақирдилар.[6]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда саховат шу даражага етган эдики, бирор нарса сўраб келган одамни қуруқ қайтариш ёки «Ўзимизда ҳам йўқ», деб узр айтишдан ҳаё қилар эдилар. Бир киши ёрдам сўраб олдиларига келди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳозир менда ҳеч нарса йўқ, лекин сен менинг номимдан нарса сотиб ол. Қўлимизга бирор нарса тушса, ўзим бериб қўяман», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга ҳадя қилдингиз. Ахир Аллоҳ таоло ўзингиз қодир бўлмаган ишга буюрмаган-ку!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу сўз ёқмади. Сўнг ансорлардан бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, инфоқ қилаверинг, Арш эгаси бўлган Зот озайтириб қўяди деб ўйламанг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Ансорий кишининг сўзидан юзларида хурсандчилик аломати пайдо бўлиб: «Мен мана шунга буюрилганман», дедилар.[7]
Пайғамбар алайҳиссалом бир кишига ҳадя бермоқчи бўлсалар, орага ҳеч кимни вакил қилмай, ҳадяни шахсан ўзлари берганлар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа беришга бирор кишини вакил қилмасдилар. Шахсан ўзлари сўровчининг қўлига топширардилар».[8]
Ибн Саъд Айёш ибн Абу Рабиъанинг мавлоси Зиёддан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсага ҳеч кимни вакил қилмасдилар: кечаси турганларида таҳорат сувини ўзлари тайёрлардилар ва бирор нарса сўраб келган кишига ўзлари берардилар».
Набий алайҳиссалом фақат ўзлари саховат кўрсатибгина қолмай, бошқаларга ҳам бу фазилатнинг фойдасини тушунтирар, уларни сахий бўлишга тарғиб қилар эдилар.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сахий киши Аллоҳга яқин, инсонларга яқин, жаннатга яқин бўлади. Бахил киши Аллоҳдан узоқ, инсонлардан узоқ, жаннатдан узоқ, жаҳаннамга яқин бўлади», дедилар».[9]
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Ҳар тонг икки фаришта ер юзига тушиб, бири: «Аллоҳим, инфоқ қилувчи кишига ўрнини тўлдиргин» деса, бошқаси: «Аллоҳим, бахил кишига талафот етказгин», дейди».[10]
Яна у зотнинг шундай деганлари ривоят қилинади: «Қизғанчиқликдан сақланинглар, чунки у сизлардан аввалгиларни ҳам ҳалок қилган».
Келтирилган ушбу маълумотлар орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг саховатлари ҳақида бироз тасаввур ҳосил қилиш мумкин, холос. Ул зот алайҳиссаломнинг саховатларини тўлиқ ёритиш учун жилд-жилд китоблар ёзилса ҳам камлик қилса керак. Биз умматлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шу биргина хислатларидан ўрнак олсак, суннатларини ҳаётга татбиқ қилсак, кўплаб яхшиликларга эга бўламиз.
[1] Икки шайх ривоят қилишган.
[2] Имом Термизий ривояти.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Абу Довуд ва имом Байҳақийларнинг «Сунан»ларида ривоят қилинади.
[5] Имом Муслим ривояти.
[6] Олти саҳиҳ тўплам соҳиблари ривоят қилишган.
[7] Имом Термизий ривояти.
[8] Имом Ибн Можа ривояти.
[9] Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[10] Имом Муслим ривояти.