﴿ لَقَدْ تَابَ اللَّهُ عَلَى النَّبِيِّ وَالْمُهَاجِرِينَ وَالْأَنْصَارِ الَّذِينَ اتَّبَعُوهُ فِي سَاعَةِ الْعُسْرَةِ مِنْ بَعْدِ مَا كَادَ يَزِيغُ قُلُوبُ فَرِيقٍ مِنْهُمْ ثُمَّ تَابَ عَلَيْهِمْ إِنَّهُ بِهِمْ رَءُوفٌ رَحِيمٌ ﴾ [التوبة: 117].
Батаҳқиқ, Аллоҳ Пайғамбарининг, муҳожир ва ансорларнинг тавбасини қабул қилди. Улардан баъзиларининг қалблари тойиб кетай дегандан сўнг тавбаларини қабул қилди. Албатта, У зот уларга марҳаматли ва меҳрибондир (Тавба сураси 117-оят). [1]
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавбаларини қабул қилгани хусусида хабар бермоқда. Маълумки, Пайғамбарлар маъсумдирлар. Аммо бу оятда Пайғамбаримизнинг Аллоҳдан тушган ваҳийга хилоф қилганлари ҳақида гап кетаётгани йўқ. Бу ҳол бўлиши ҳам мумкин эмас. Балки У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳод маъносида баъзи бир кишиларга Табук ғазотига чиқмай қолишга изн берган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан афзал ишни эмас, ундан пастроғини қилган эдилар. Афзали эса то ростгўйлар ёлғончилардан ажралгунча кутиб туриш эди.
Бу оятда тавба Табук ғазотида қатнашган барча кишиларни ўз ичига олади. Бу Аллоҳ томонидан уларга бўлган фазл ва раҳматдир. Чунки улар бу ғазотда қийинчиликка учраб қолишган эдилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Уларга иссиқ қийинчилиги, озиқ-овқат қийинчилиги ва сув қийинчилиги жамланган эди”. [2]
Аллоҳ таоло барча саҳобалардан рози бўлгани каби бизлардан ҳам рози бўлсин!
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Абдуссами Эргашев
[1] Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф роҳимаҳуллоҳнинг “Қуръони карим – маънолар таржимаси” китоби. [3] Шайх Ваҳба Зуҳайли роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсирул мунир” асари.