Шураҳбил ибн Муслим айтади: Каззоб Асвад ибн Қайс ал-Ансий Яманда пайғамбарликни даъво қилганда у Абу Муслим ал-Хавлонийга одам жўнатди. Абу Муслим унинг ёнига келгач, “Мен Аллоҳнинг Расули эканимга гувоҳлик берсанми” деди Абу Муслим: “Қабул қилмайман” дедилар. Асвад: “Муҳаммад Аллохнинг Расули эканига гувоҳлик берасанми” деди.
Абу Муслим эса: “Ҳа” дедилар. Асвад бу ишини яна такрорлади.
Сўнг у катта аланга ёқишни буюриб, унга у зотни улоқтирди, лекин олов уларга зарар қилмади. Асвадга: “Уни қўйиб юбор, акс ҳолда у сенга эргашганларни ҳам йўлдан уради” дейишди. Абу Муслимга бир улов олиб келинди ва Мадина сари йўл олдилар. Бу онда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам вафот этиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлган эдилар.
Абу Муслим Мадинага етиб келгач, масжиднинг эшиги ёнида ўз уловларини чўктириб, бир устунга қараб намоз ўқий бошладилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу уни кўрдилар ва “сен қаердансан” дедилар .
— Яман аҳлиданман
— Эҳтимол Каззоб олов билан ёндирмоқчи бўлган киши сен бўлсанг керак?
— У Абдуллоҳ ибн Суваб (ўзларидан шуҳратни кетказиш учун шундай дедилар, аслида бу ўзларининг исми)
— Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичаман, сен ўша одаммисан?
— Эй Аллоҳ! Ҳа!
Сўнг Умар розияллоҳу анҳу уни қучоқлаб олдилар ва йиғладилар. Уни Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ёнларига олиб бориб отирғиздилар. Шунда у зот: ”Муҳаммад соллаллоху алайҳи васалламнинг умматлари ичида менга Аллоҳнинг Халили Иброҳим алайҳиссаломга қилинган иш бошидан ўтган кишини кўрганимча менинг жонимни олмаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин” дедилар.
(Бу қисса Имом Нававийнинг “Бўстонул орифин” китобида зикр қилинган)
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси