“Фақат яхши сўзларни сўзламоқ, меҳмон ва қўшни ҳаққига риоя этмоқ иймоний хислатлардандир”
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَو لِيَصْمُتْ، و مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ جَارَهُ، وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ». (رواه البخاري ومسلم .
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўзларни гапирсин ёки сукут сақласин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. Ким Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини иззат-икром қилсин”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ибн Ҳажар ёзадилар: “Мазкур ҳадис ҳам жавомеул калим намунасидир. Учта асосни ўзида жамлаган бу саҳиҳ ривоят сўз ва феъллардаги гўзал ахлоқларни тарғиб қилади”.
Биз бу ҳадисдан қуйидаги сабоқларни олишимиз мумкин:
— Фақат хайрли сўзларни сўзлаб, беҳуда гаплардан ўзини тиймоқ иймон комиллигидандир
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда тилини сақламагунга қадар иймон ҳақиқатига етмайди”. (Табароний ривоятлари).
— Кўп гапириш ҳалокатга олиб боради. Тилни беҳуда гаплардан сақламоқ нажотга бошлайди
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломи гўзаллигидандир”.
Банданинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз унинг фойдасига ёхуд зарарига хизмат қилади. “У бирон сўзни талаффуз қилса, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи бордир”. (Қоф сураси, 18-оят). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда аҳамият бермаган ҳолда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни гапириб қўядида, ана шу сўзи сабабли Парвардигор уни қанча даражага кўтаради. Яна бир банда парво қилмаган ҳолда Аллоҳ таоло ғазабини келтирадиган сўзни айтиб қўйиб, шу сабабли жаҳаннамга қулайди”. (Бухорий ривоятлари).
— Сўзлаш одоби
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни сифатлаб шундай дейди: “Улар лағвдан юз ўгирувчи кишилардир”. (Мўминун сураси, 3-оят). Лағв деб ғийбат, туҳмат, маломат каби ботил гап-сўзларга айтилади.
Тақволи зотлар мубоҳ гапларни ҳам кўп гапирмайдилар. Чунки тинмасдан гапирадиган киши бехосдан ҳаром ёхуд макруҳ сўзларни айтиб юбориши мумкин. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ зикридан бўлмаган гапларни кўпайтирмангиз. Чунки Аллоҳ зикридан ташқари гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир”. (Термизий ривоятлари). Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Кўп гапирадиган кимса кўп тойилади. Кўп тойиладиган кишининг гуноҳи ҳам кўпаяди. Гуноҳи кўпайган кимсага дўзах муносиб макон бўлади”.
Эҳтиёж туғилганда, хусусан ҳақни баён этиш, амру маъруф, наҳий мункар қилиш учун гапирмоқ шарт. Зеро, бу улуғ ҳикматлар сирасига киради. Чунки ҳақни айтмасдан жим турган кимсанинг соқов шайтондан фарқи йўқ.
— Қўни-қўшни билан яхши муносабатда бўлиш
Қўшнига яхшилик қилиш ва унга озор бермаслик комил иймон ва гўзал Ислом аломатидир. “Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик этманглар. Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” (Нисо сураси, 36-оят).
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Халилим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қуйидагича ўгит бердилар: “Агар шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ солгин. Сўнг қўшниларинг оиласига қара ва уларга ҳам таомингдан улаш”. (Муслим ривоятлари).
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қўшни аёл қўшни аёлга ҳатто бир бўлак суякли гўштни ҳадя этишини ҳам арзимас санамасин”. (Яъни бу нима бўларди, демасдан, боридан чиқараверсин). (Бухорий ривоятлари).
— Меҳмонни иззат-икром қилиш кишининг иймони ва Исломи гўзаллигидандир
Меҳмонни мезбон биринчи куни аҳли-оиласи истеъмол қиладигандан зиёдароқ неъматлар билан меҳмонини иззат-икром этади. Қолган икки кунда эса оиласининг кундалик егулиги билан дастурхон тузайди. Мазкур ҳолатда мезбон меҳмонга вазиятни тушунтириб уни кузатиб қўйиши мумкин. Хусусан, уч кундан сўнг бунга мезбоннинг тўла ҳаққи бор. Чунки у мезбонлик бурчини ўтаб бўлган ҳисобланади.
«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Шамсиддинхўжа Сулаймонов