Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижратга изн берганларидан сўнг, биринчи бўлиб у ерга Абу Салама ибн Абдуласад, Омир ибн Робийъа ва Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳумлар элчи бўлиб боришдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, беш ой ўтиб Муҳожир ва Ансорларни бир-бирига биродар қилиб қўйдилар. Бундан кўзланган мақсад ғариблик ҳиссини кетказиш, аҳлидан ажралгандан сўнг дўстлашиш ва бир-бирига тиргак бўлишлари эди. Улар ҳақ узра биродар тутинишда, ҳатто, уларгагина мерос тақсимоти бўлди. Улар тўқсон киши, яъни қирқ бешта муҳожир ва қирқ бешта ансор эдилар. Бир ривоятда эса, юз киши, элликта муҳожир ва элликта ансор бўлишган. Бу Бадр ғазотидан олдин эди. Бадр ғазоти содир бўлгач, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
}وَأُوْلُواْ الارْحَامِ بَعْضُهُمْ أَوْلَى بِبَعْضٍ فِي كِتَابِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بِكُلّ شَىْء عَلِيمٌ} (الأنفال: 75)
Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчи зотдир (Анфол сураси 75-оят).
Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, мерос мусулмон қариндошлар орасида бўладиган бўлди.
Муҳожирлар айтишди: “Ё Расулуллоҳ! Бу қавмдек, озчилик пайти ярмини берадиган ва тўқчилик пайти кўп берадиган қавмни олдин кўрмаганмиз. Бизга ёрдам бердилар ва ишларида шерик қилдилар. Ажрларни ҳаммасини олиб кетдилар деб қўрқамиз”. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни мақтаган ва Аллоҳга уларнинг ҳаққига ду қилганингизда эмас” дедилар. Яъни, Албатта уларни мақташларингиз ва уларни ҳаққига дуо қилишликларингиз сизга мукофотни ҳосил қилади. Аллоҳ таоло ансорийларни мақтаб Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади:
وَالَّذِينَ تَبَوَّءوا الدَّارَ وَالإيماَنَ مِن قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلاَ يَجِدُونَ فِى صُدُورِهِمْ حَاجَةً مّمَّآ أُوتُواْ وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ
У(муҳожир)лардан аввал бу жойда яшаган ва иймонга (ихлос қилганлар). Ўзларига ҳижрат қилиб келганларни севадирлар ва у(муҳожир)ларга берилган нарсаларга қалбларида ҳасад қилмаслар. Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир.
Мадиналик мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва муҳожирларга ёрдам берганлари учун “Ансорлар” деб номланганлар. Ушбу оят ансорларнинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган саховатларию одамгарчиликларини васф қилмоқда.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ансорларга айтдилар: “Агар ҳоҳласангиз, уларга диёрларингизни ва молларингизни тақсимлаб беринг, шунда, ўлжадан уларга тақсимланганидек сизларга ҳам тақсимланади. Агар ҳоҳласангиз ўлжа уларга, диёрларингиз ва молларингиз ўзингизга бўлаверсин”. Улар айтишди: “Йўқ. биз уларга диёрларимиз ва молларимизни тақсимлаб берамиз. Ўлжада уларга шерик бўлмаймиз”. Шунда Аллоҳ таоло нозил қилди:
وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ
Ва гар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар.
Ансорийлар Муҳожирларни қалбларида ғил-у ғашларини кетказишлик учун уларни қаттиқ улуғладилар. Ўзларини биродарлари учун Исломда ёрдам беришликка ундадилар. Ҳатто, улар бутун Ислом оламида ёрдам ва бошпана беришда намунага айландилар.
Қуйида бир-бири билан биродар бўлганларни зикрини келтирсак:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб “Бу менинг биродарим” дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Хорижа ибн Зайд ибн аз-Зуҳайр Ансорий розияллоҳу анҳу, Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу ва Утбон ибн Молик Ансорий розияллоҳу анҳу, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу, Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ва Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳу ва Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ва Саъд ибн Робеъ Ансорий, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу ва Салама ибн Салаама Ансорий, Толҳа ибн Убайдуллоҳ ва Каъб ибн Молик, Усмон ибн Аффон ва Авс ибн Собит, Саид ибн Зубайр ва Убай ибн Каъб, Мусъаб ибн Умайр ва Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳузайфа ибн Утба ва Уббод ибн Бишр, Аммор ибн Ёсир ва Ҳузайфа ибн Ямон, Ҳотиб ибн Абу Балтаъа ва Увайм ибн Соида, Салмон Форсий ва Абу Дардо, Абу Зар ва Мунзир ибн Амр, Абу Сабура ибн Абу Роҳм ва Салома ибн Вақш, Хаббоб ибн Арат ва Хурошнинг мавлоси Тамим, Сафвон ибн Ваҳб ва Робеъ ибн Ижлон, Суҳайб ибн Синон ва Ҳорис ибн Сумма, Абдуллоҳ ибн Мухрима ва Фарва ибн Амр ибн Вароқа, Масъуд ибн Робийъа ва Убайд ибн Тайҳон, Маъмар ибн Ҳорис ибн Маъмар ва Муоз ибн Афро, Воқид ибн Абдуллоҳ ибн Абдуманноф ва Бишр ибн Баро, Зайд ибн ал-Хаттоб ва Маън ибн Адий, Арқам ибн Арқам ва Толҳа ибн Зайд розияллоҳу анҳум.
Аллоҳ барча саҳобалардан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Абдуссами Эргашев
манбалар асосида тайёрлади