Аҳли сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг инсонларнинг энг афзали Абу Бакр розияллоҳу анҳу, сўнг Умар розияллоҳу анҳу, сўнг Усмон розияллоҳу анҳу, сўнг Али розияллоҳу анҳу, сўнг Жаннат башорати берилган ўн киши, сўнг Бадрга қатнашганлар, сўнг Уҳудга қатнашганлар, сўнг байъат аҳли, сўнг қолган саҳобалар деб ижмо қилишган. Абу Мансур Боғдодий шу ижмони ривоят қилганлар.
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида одамлар орасида яхшиларни ажратар эдик. Улардан Абу Бакр розияллоҳу анҳу, сўнг Умар розияллоҳу анҳу, сўнг Усмон розияллоҳу анҳуларни яхши деб билар эдик”. Имом Табороний “Тарихул-кабир” китобларида қуйидаги сўзларни зиёда қилиб келтирганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билар эдилар ва буни инкор этмасдилар”.
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Орамизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бор пайтда, у кишидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу, сўнг Умар розияллоҳу анҳу, сўнг Усмон розияллоҳу анҳу, сўнг Али розияллоҳу анҳуни афзал санар эдик. У зот инкор этмасдилар”.
Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ва Имом Ҳоким роҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу саййидимиз, энг яхшимиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг суюклимиздир”.
Абдурроҳман ибн Абу Лайло роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу минбарга кўтарилдилар ва айтдилар: “Огоҳ бўлинглар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи васалламдан сўнг бу умматда энг афзал киши Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Кимки, бундан бошқа гапни айтса у бўхтончидир”. Али розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қиладилар: “Бирор киши мени Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолардан афзал кўрса, унга бўхтончининг жазоси муқаррар”.
Абдурроҳман ибн Ҳумайд роҳимаҳуллоҳ “Муснад”ларида қуйидаги ривоятни келтирадилар: Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Набийлар ва Мурсалинлардан кейин Абу Бакрдан бошқа Афзал кишининг устига қуёш чиқмаган ҳам, ботмаган ҳам”.
Саъд ибн Зарора розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Руҳул қудус Жаброил алайҳиссалом менга сиздан кейин умматингизнинг энг яхшиси Абу Бакр, деб хабар берди”.
Икки шайх (Имом Бухорий ва Муслим роҳимаҳумаллоҳ) ривоят қилишади: Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Айтдим: Ё Расулуллоҳ, қайси инсон сизга суюклироқ? У киши “Оиша” дедилар. Айтдим: Эркакларданчи? “Отаси” дедилар. Сўнгра ким? дедим. “Сўнг, Умар ибн Хаттоб” дедилар.
Биз саҳобаларнинг барчаларини яхши кўрамиз. Улар ҳақида ёмон гапирмаймиз! Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча саҳобалардан шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!
Имом Суютий роҳимаҳуллоҳнинг “Тарихул хулофо” асаридан
Абдуссами Эргашев таржимаси