Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юртига Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ёшлар ишлари бўйича муфтий ўринбосари Уйғун домла Ғофуров, Таълим ва илмий тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин домла Шерхонов ва Таълим ва илмий тадқиқот бўлими бошлиғи ўринбосари Акбар Дўсматов ташриф буюрди. Ташриф буюрган меҳмонларни Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов кутиб олдилар.
Ташриф буюрган меҳмонлар Кўкалдош ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоасини янги 2023-24 ўқув йили билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари номидан муборакбод этишди ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик, ўқитувчилар ва талабалар учун таълим бериш ва таълим олиш учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Ташриф дарс жараёнларни бевосита синф хоналарга кириб кузатиш ва талабаларга ўқитилаётган дарсликлар билан танишиш билан бошланди ҳамда ўқитувчи ва талабалардан таълимни сифатини янада яхшилаш бўйича таклифлар тингланди.
Ташрифнинг иккинчи қисмида билим юртининг ўқитувчи ва ходимлар учун очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирни билим юрти мудири Абдулҳаким қори Матқулов кириш сўзи билан очиб бериб, сўнг сўз навбатини Уйғун домла Ғофуровга берди.
Давра суҳбати очиқ мулоқот шаклида бўлиб ўтди. Мулоқотда талабаларга таълим-тарбия беришда устоз-мураббийлар ва хизмат қилиб турган ходимлар юриш туришда, одобда намуна бўлишлари кераклиги айтиб ўтилди ҳамда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар, айниқса, диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кенг муҳокама қилинди. Бугунги кунда ислом билим юртларини тугатиб имом-хатиб бўлиб хизмат қилаётганлар жамиятимизда рўй бераётган янгиланишларни, ўзгаришларнинг туб моҳиятини яхши тушунадиган, илмий салоҳияти юксак инсонлар бўлишлари, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган ислоҳотлар, халқимиз ҳаёти, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган ўзгаришларни қалбан ҳис этган ҳолда кенг халқ оммасига тушунтириб боришлари тушинтириб ўтилди. Бугун глобал ахборот маконида ҳамма кучлар ўз манфаатлари учун кураш олиб бормоқда. Интернетнинг имкониятларидан кенг фойдаланишни тарғиб қилар эканмиз, унинг фойдали жиҳатларига эътибор қаратиб, зарарли томонларидан огоҳликка чақиришимиз зарур. Турли, манбаси номаълум сайтларда одам ақлини чалғитувчи, айниқса ёшларимизни тўғри йўлдан оздирувчи, яширин ғоялар мавжудлигини уларга тушунтириб бориш зарурлиги таъкидланди.
Диний соҳа мутахассиси олдига қўйиладиган бугунги кун талаблари, халқ билан ишлаш ва мулоқотда бўлишнинг пасту баландлари, нозик жиҳатларини ҳисобга олиш бу соҳадаги етишиб чиқаётган мутахассислар учун муҳим ҳисобланиши айтиб ўтилди.