Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ “Тарихул Хулофо” ва Имом Ҳайсамий роҳимаҳуллоҳ “Мажмаиз завоид” номли китобларида Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари борасида кўплаб ривоятларни келтирадилар. Хусусан, Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ Умар розияллоҳу анҳунинг ваҳийга мувофиқ келган гапларини тафсилотлаб ўтганлар:
Баъзи олимлар йигирмадан ортиқ жойда мувофиқлик бор дейишган. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу бир фикрни билдирар эдилар ва шунга мос оят нозил бўлар эди”.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръонда Умарнинг фикрларидан бир фикр бор”.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан марфу ҳолатда ривоят қилинади: “Одамлар айтмаган бир гапни Умар айтганида шунга мувофиқ бир оят нозил бўлар эди”.
Имом Бухорий ва Муслим роҳимаҳумаллоҳ Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Уч ўринда Роббимга мувофиқ келдим. Ё Расулуллоҳ! Мақоми Иброҳимдан намозгоҳ қилсак, деган эдим “Мақоми Иброҳимдан намозгоҳ қилинглар” деган оят нозил бўлди. Яна, Ё Расулуллоҳ аёлларингизнинг олдига яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам киради. Уларга буюрсангиз, ўрансалар, деган эдим “Ҳижоб” ояти нозил бўлди. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари ўзаро қизғанишга келишиб олишганида, шоядки, у зот талоқ берсаю, Роббиси сизларни яхшироқ аёлларга алмаштирса, деб айтган эдим, худди шундай оят нозил бўлди”.
Абдуллоҳ ибн Шайбоний роҳимаҳуллоҳнинг “Фазоилул имамайн” номли китобларида шундай келади: “Умар розияллоҳу анҳу йигирма бир ўринда оят нозил бўлишига мувофиқ келганлар:
- “У сизларни талоқ қилса, шоядки, Роббиси сиздан яхшироқ, муслима, мўмина, итоатли, тавбачи, ибодатли, рўзадор жувон ва қизларни ўрнингизга хотин қилиб берса” ояти.
- Бадр асирлари ҳақидаги оят.
- Мақоми Иброҳимдан намозгоҳ тутиш.
- “Ё Аллоҳ! Хамр борасида бизга аниқ ҳукмни бергин” деганларида Хамрнинг ҳаром эканлиги ҳақида оят нозил бўлди.
- “Дарҳақиқат, инсонни лойдан яратдик” ояти нозил бўлганида Умар розияллоҳу анҳу “Энг яхши яратгувчи зот пок бўлсин!” деҳан эдилар, худди шундай оят нозил бўлди.
- Абдуллоҳ ибн Убай ўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозага чақирилдилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳнинг росули фалон гапларни айтган Аллоҳнинг душманига-я!?” дедилар. Озгина ўтмасдан “Улардан (мунофиқлардан) ўлганларга ҳеч ҳам намоз ўқима” деган оят нозил бўлди.
- “Сиздан хамр ҳақида сўрашади” деган оят.
- “Эй иймон келтирганлар маст ҳолатингизда намозга яқинлшманглар” ояти.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмга истиғфор айтишни кўпайтирдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “уларга барибир” дедилар. Шунда “Уларга истғфор айтасизми, айтмайсизми барибир. Аллоҳ уларни кечирмайди” ояти нозил бўлди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга чиқиш борасида саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Умар розияллоҳу анҳу чиқишлик фикрини билдирдилар. Шунда “Рoббинг сени ҳақ ила чиқарганда” ояти нозил бўлди.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифк воқеасида саҳобалар билан маслаҳат қилганларида Умар розияллоҳу анҳу “Ё Расулуллоҳ сизни унга ким уйлантирган?” дедилар. У зот “Аллоҳ” деб жавоб бердилар. “Аллоҳ сизга у борасида ёмонликни раво кўради деб ўйлайсизми? Субҳанаҳ, Бу бўхтондан бошқа нарса эмас” деган эдилар. Худди шундай оят нозил бўлди.
- Исломнинг аввалида рўза пайтида аёлига яқинлик қилиш ҳаром эди. Умар розияллоҳу анҳу аёлларига яқинлик қилиб қўйдилар. Сўнг “Сизларга рўза кечасида аёлларингизга яқинлик қилишингиз ҳалол бўлди” ояти нозил бўлди.
- Бир яҳудий Умар розияллоҳу анҳуга йўлиқиб, “сизлар айтаётган Жаброил бизнинг душманимиз” деди. Шунда у киши “Кимки Аллоҳга, фаришталарига, росулларига, Жибрил ва Мийкоилга душман бўлса, Албатта, Аллоҳ кофирларга душмандир” дедилар ва шундай оят нозил бўлди.
- “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” ояти. Бир куни икки киши хусуматлашиб қолди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб боришди. У зот уларга ҳукм чиқариб бердилар. Зарарига ҳукм чиққан киши Умарни олдига борамиз деб туриб олди. Умар розияллоҳу анҳунинг олдига бориб, бўлган воқеани айтиб беришди. Умар розияллоҳу анҳу кутиб туринглар ҳозир чиқаман деб, кириб кетдилар. Сўнг қилич котариб чиқиб, “Умарнинг олдига борамиз” деган кишини ўлдирдилар. Шериги қочиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган воқеани айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умар бу ишга қасддан қўл урмайди” дедилар. Сўнг ушбу оят нозил бўлди.
- Кириш учун изн сўраш ояти. Бунга сабаб бир куни у киши ухлаб ётганида хизматкорлари кириб келди. шунда у киши “Ё Аллоҳ сўроқсиз киришни ҳаром қил!” деб дуо қилдилар ва ушбу оят нозил бўлди.
- Яҳудийлар ҳақида “Улар қизиқ халқ” деб айтган гаплари.
- “Oлдингилардан кўп киши ва кейингилардан ҳам кўп киши” деган оят.
- “Қари киши ва қари аёл зино қилса …” оятини тиловат қилишни насх бўлиши.
- Уҳуд ғазотида Абу Суфён “одамлар ичида фалончи борми?” деганида “Жавоб бермаймиз” деб айтганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу фикрга қўшилганлар.
- Хижоб ояти.
Кукалдош ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Эргашев Абдуссамиъ
Манбаалар асосида тайёрлади