Бугунги кунда, биламизки аксар кишидан ислом амаллари хақида суралганда одатда “қалбинг тоза бўлса бўлди, худонинг ўзи кечиради” мазмунидаги гапларни кўп эшитамиз. Хўш, уларнинг бу сингари гап сўзлари қанчалик тўғри? Уларнинг бу қарашлари аслида исломда асрлар давомида қораланиб келинишини билашидами? Бизнинг Ҳозирги мулоҳазамиз айнан шу ҳақида.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар». (Термизий ривоят қилган)
Шарҳ: Бу ҳадис машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидан чиқадиган икки тоифа ҳақида хабар бермоқдалар. У зотнинг: «Менинг умматимдан икки синф бор», деганларининг маъноси шудир. «Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ».
Демак, булар залолатга кетган, адашган тоифалар ҳисобланади. Аввал ушбу икки тоифани васф қилган ҳолда эшитувчини қизиқтириб, «Улар кимлар экан?» деб иштиёқларини қўзитиб олганларидан сўнг:
«Муржиъа ва Қадария» деб, мазкур тоифаларнинг номларини айтдилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳуда ташвиш тортмаган эдилар. Ҳақиқатда ҳам, кейинчалик бу тоифалар мусулмонлар ичидан чиқдилар. Тўғрироғи, шу икки васфни ўзида мужассам қилган тоифалар чиқдилар ва уларга мазкур номлар берилди.
«Муржиъа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.
Бу тоифага мансуб кишилар «Мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам, Аллоҳ кечиб юборади», деганлари учун шу ном билан «муржиъа», яъни «умид қилдирувчилар» деб номландилар.
Шунингдек, «Гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун ҳам «муржиъа», яъни «ортга сурувчилар» дейилди. Яъни, бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.
«Муржиъа»лар ҳам «Қадария»лар каби алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажралиб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржоъ» фикрига қўшилса, ўша муржиъа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ пайдо бўлган фикрий-ақийдавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.
Шунга кўра, «иржоъ», яъни муржиъаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар. Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад каби улуғ кишиларни муржиъалар деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса бу улуғ зотлар «иржоъ» фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар эса уларни «муржиъа» деб атаганлар.
Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари бўлиб, улар хаворижларга ҳам, муржиъаларга ҳам қарши бўлганлар.
Тарихий ва мазҳабчилик манбаларига назар соладиган бўлсак, муржиъаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканини ҳам кўрмаймиз. Шунингдек, муржиъа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиъалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб шуни айтамизки бу тоифа фикрларига эргашган ҳар қандай мусулмон борки, унинг исломда насибаси йуқдир.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси Раҳимов Шерзод