Энг қадимги даврларда худолик даъвоси билан Намруд ва Фиръавн каби шахслар чиққан бўлиб, уларнинг номлари бугунги кунда «худосизлик» намунаси сиатида эсга олинади.
Намруд Иброҳим (а.с) даврларида ироқ подшоҳи бўлган шахс.Шон-шавкат ғуруридан ўзини худо деб билар эди. Намруд мамлакат аҳолиси бошидан қаттиқ очарчилик ўтказади, кейин уларга озиқ-овқат беради ва ўзи ясаттирган бутларига ва ҳатто ўзига ҳам ибодат қилишларини буюради.Намруд жуда ҳаддидан ошиб, худолик давосини қилганидан сўнг Иброҳим (а.с) уни якка Аллоҳга иймон келтириб,фақат унгагина ибодат қилишликка даъват этади.
Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан робби ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим : «Роббим тирилтиради ва ўлдиради « деганда у : мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман «, деди. Иброҳим : «Албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқарур, бас сен уни мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас. (Бақара , 258).
Иброҳим (а.с) билан баҳслашган Намруд : «Мен ҳам тирилтираман ҳам ўлдираман”,- деб, сўзининг исботи учун зиндонда ётган асирлардан тўрт нафарини чиқариб, иккитасини озод қилиб юбориб, “Бу – тирилтиришим “, — деди. Қолган иккитасини қатил қилдириб, “Бу – ўлдиришим “, — деди. Лекин бу ҳийласини Иброҳим (а.с) қабул қилмадилар.
Иброҳим (а.с) пайт пойлаб, улар сиғинаётган бут-санамларни синдириб ташлайдилар. Шундан кейин Намруд бошчилигидаги мушриклар катта олов ёқиб, Иброҳим (а.с) ни қўл-оёқларини боғлаб, манжаниқ (махсус тош отиш қуроли) га солиб, оловга отадилар. Шунда Аллоҳ таоло :
«Биз айтдик : «Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл! Улар (Иброҳимга ) макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик» (Анбиё 69-70)
Аллоҳнинг қудрати билан Иброҳим (а.с) омон қолади. Шу мўжизани кўриб ҳам Намруд иймонга келмайди. У ҳаддидан ошишда давом этиб, Аллоҳингни ўлдираман деб, осмонўпар минора қурдиради ва унга чиқиб, самога қараб, камондан ўқ узади. Шундан кейин Аллоҳ таоло Жаброил (а.с)га амир қилади. У қаноти билан минорани уриб уст қисмини Намруд лашкари устига қулатади. Шунда Иброҳим (а.с) унинг ҳаддан ташқари куфирга кетганига амин бўлиб, Аллоҳдан унга бир бало юборишини сўрайди. Аллоҳ пашшалар қавмини Намруд аскарларининг қолганлари устига юбориб, Намруддан бошқа барчани чақиб, қириб юборади. Аллоҳ таоло агар хоҳласа инсон ҳаттоки пашшага ҳам кучи етмаслиги ҳақида шундай марҳамат қилган : «Эй, инсонлар! (сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ҳам ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар» (Ҳаж, 73).
Намруднинг барча аскарлари қирилиб кетиб, унинг бурнига эса бир пашша кириб,кейин мийясига жойлачиб олиб, унга қаттиқ азоб бера бошлади. Намруд бошига урса, оғриғи озгина камаяр эди ва у шу азоб билан қирқ йил умр кўради. Бир куни Намруд қаттиқ азобларга чидай олмай ўз ҳизматкорига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Хизматкор тўқмоқ билан секин урганида намруд қаттиқроқ уришни буюради. Хизматкор Намруднинг бошига бор кучини йиғиб уриши оқибатида унинг боши ёрилиб, ичидаги пашша учиб чиқиб кетади ва Намруд эса шу заҳоти вафот этади.
Намрудга подшоҳлик берилди, ҳукум берилди,лекин у ҳаддидан ошди, туғёнга кетди. Ҳатто худолик давосини қилди. Ўзининг ожиз банда эканлигини унутди. Унга неъматни ким берганини билмади. Шукур қилиш ўрнига ношукурлик қилди ва охир оқибат ҳалок бўлди.
Манбалар асосида «Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти
талабаси Азизов Дилшоджон тайёрлади.